17:47 / 19.08.2018
10 642

Келин бокира эмаслигини қандай сир тутди, ҳожатхонага ташланган гўдакнинг отаси ким?

Келин бокира эмаслигини қандай сир тутди, ҳожатхонага ташланган гўдакнинг отаси ким?
Хабарингиз бор, йил бошида янги туғилган чақалоқларни ўлдиришга уриниш ҳолатлари кўплаб кузатилди. Фарғонада ҳожатхонада ўғил чақалоқни дунёга келтириб, қасддан уч кун совуқ хонада сақлаган, Хоразмда қиз фарзанд туғиб, уни целлофан халтага яшириб қўйган, ферманинг ташландиқ қисмида кўзи ёриб, гўдакни бўғиб ўлдирган аёллар воқеаси бунга мисол. Яқинда шунга ўхшаш ҳодиса Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида юз берди. Бир ойлик келинчак ҳожатхонада тўрт мучаси соғлом қизалоқни дунёга келтириб, уни ўлдирмоқчи бўлди.

Пинҳона учрашувлар ва тўй

... 2017 йил бошида Нигора (мақолада исм шарифлар ўзгартирилди) Бахтиёр исмли ҳарбий йигит билан танишиб қолади. Аввалига улар дўстона гаплашиб юришади. Сўнг бир – бирларига кўнгил қўйишади. Тўладан келганлиги боис доим дугоналаридан ажралиб турган қиз Бахтиёр уни қаттиқ севиб қолгани, унга уйланмоқчи эканлигини билиб, эс – ҳушини йўқотади. Галдаги учрашувлардан бирида иккиси ҳиссиётларини жиловлай олмайди...

Бўлиб ўтган воқеадан қиз қаттиқ пушаймон бўлган бўлса ҳам майли эди, афсуски, улар яна бир неча маротаба жинсий алоқада бўлишади.

Ёз ойларига келиб, Нигора ҳомиладор эканлигини билиб қолади. Бу ҳақида Бахтиёр билганми-йўқми, номаълум. Орадан бир неча ой ўтиб, бачадондан қон кетиши кузатилади. Ўзича «Ҳомилам тушди», дея хаёл қилган қиз, шифокорга кўринмайди. Ўзини-ўзи овутар экан, Олим билан муносабатлари фош бўлмаганидан севинарди.

2017 йилнинг ноябрь ойида Нигора Ҳамдам исмли йигит билан танишиб қолади. Йигит қизга совчи қўяди ва 2018 йилнинг 1 март санасида улар турмуш қуришади.

Шу ўринда савол туғилади: Нигора бокира эмаслигини қандай қилиб сир тутди? Замонавий тиббиёт шарофатими бу ёки иссиқ – совуқ, илму амалнинг кучими? Шуниси аниқки, ёлғон асосига қурилган оила эртами – кечми пароканда бўлади.

Тўйдан бир ой ўтиб, Нигора қовуғ соҳасида кучли оғриқ сезади. Меҳмонга келган қариндошларини кузатгач, иситмаси кўтарилади. «Келинимнинг мазаси бўлмаяпти», дея хавотирланган қайнона, ўғли билан бирга келинини қишлоқ врачлик пунктига олиб боришади. Шифокорлар бир ойлик келинчакни ҳомиладорликда гумон қилиб қон олишади. Тиббий таҳлиллар Нигора фарзанд кутаётганини тасдиқлайди. Ҳамдам ота бўлиши, онаси эса тез орада набира кўришини эшитиб суйинади. Эртасига эрталаб Нигоранинг тоби қочади. Қовуғдаги оғриқ белга тарқалар ва бундан аёл ниҳоятда қийналарди.

Шифокор буюрган оғриқсизлантирувчи дорини кечки соат 19.00 гача қабул қилиб юрган Нигора ҳожатхонага бориш истаги зўрайиб бораётганидан ваҳимага тушади. Ҳожатхонада оғриқ янада кучаяди. Чўккалаб ўтирган ҳолатда аёл қаттиқ кучанади ва шу маҳал қиндан чақалоқ боши кўриниб қолади. Қўрқиб кетган келинчак яна бир марта кучанади ва қиз фарзандни дунёга келтиради. Гўдак қимирламасди.

«Бола ўлик туғилди», деб хаёл қилган Нигора уни ҳожатхона тешигидан ташлаб юборади. Чақалоқ шунда ҳам овоз чиқармайди. Қаттиқ ҳаяжонда бўлган келинчак жиноят изини яшириш мақсадида ҳожатхона тешигидан 3-4 та ғиштни пастга ташлайди. Нигорадан хавотир олиб, ҳожатхона томонга келаётган Ҳамдамнинг аммаси келинининг аҳволини кўриб қўрқиб кетади. Нигора қон кетиб қолгани ва ҳомиласи тушганини айтади. Амма зудлик билан тез тиббий ёрдам хизматини чақиради. Нигора турмуш ўртоғи ҳамроҳлигида шифохонага олиб кетилади.

Уйда қолган Ҳамдамнинг онаси ҳожатхона поли қон эканини кўриб, тозалаб олмоқчи бўлади. Шу маҳал қаердандир чақалоқ йиғиси эшитилади. Аввалига кекса аёл «Келинимнинг ҳомиласидан айрилгани қаттиқ таъсир этди чоғи», деб хаёл қилади. Аммо гўдак йиғиси яқин атрофдан эшитилаверади. Аёл ҳовлида юрган жиянини чақириб, ундан чақалоқ йиғисини эшитяптими-йўқми сўрайди. Йигит овоз ҳожатхонадан келаётганини айтиб, ҳожатхона тешигини ёритади ва уч метрча пастда, ғишт бўлаклари орасида қимирлаб ётган чақалоқни кўришади.

Ҳожатхонадан чақалоқ топилгани ҳақида Ҳамдамга хабар беришади. У ҳожатхона полини бузиб, гўдакни чиқариб олиш кераклигини айтади ва ўзи ҳам ортига қайтади. Эрининг жияни билан суҳбатини эшитган Нигора сири фош бўлганини англаб, онасига қўнғироқ қилади.

Ҳамдамнинг хонадонига чақиртирилган тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари чақалоққа биринчи ёрдамни кўрсатиб, уни ўзлари билан олиб кетишди. Ўз онаси қасддан ўлдирмоқчи бўлган қизалоқ тирик қолди.

Суд ҳукм ўқилди

Бир ойлик келинчакнинг ҳожатхонада туғиб, гўдакни ўлдирмоқчи бўлгани юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Суд мажлисида гувоҳлар сўроқ қилинди. Не – не умидлар билан тўй қилган қайнона, жуфти ҳалолим дея кўнгил қўйган эр Нигора билан биргаликдаги бир ойлик ҳаётлари ҳақида кўрсатма беришди. Таассуфки, ҳеч ким келинчакнинг ҳомиладорлигини билмаган. Аввалдан тўладан келган аёл узун, кенг камзул кийиб юрган ва ҳомиладорларга хос ҳеч қандай аломатлар кузатилмаган. Кимдир «Бундай бўлиши мумкин эмас, ахир, ҳомила қимирлайди-ку» дея эътироз билдириши мумкин. Эҳтимол, гўдак исталмаган фарзанд эканлигини ҳис қилиб, ўзи ҳақида билдиргиси келмагандир. Яна ким билади, дейсиз...

Суд Нигора Акромовани ЖКнинг 25, 99-моддаси билан айбдор деб топди. Унга икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Келин бокира эмаслигини қандай сир тутди, ҳожатхонага ташланган гўдакнинг отаси ким?