07:30 / 16.09.2018
5 546

Хоҳишга кўра ваколатли шахсларга пул бериш порага ўтадими?

Хоҳишга кўра ваколатли шахсларга пул бериш порага ўтадими?
Кўпгина ҳолларда фуқаролар томонидан: “Агар биз ўз хоҳишимизга кўра ваколатли шахсларга пул берсак, бу ҳам пора бериш ҳисобланадими?” – деган савол берилади. Шу сабабли ҳам пора бериш жинояти ҳақида қисқача шарҳ бериб ўтишни мақсадга мувофиқ деб топдик.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддасига кўра пора бериш давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этишда ифодаланадиган қилмишдир. Ҳар қандай моддий қимматликлар: пул, хорижий валюта, қимматбаҳо буюмлар, қимматбаҳо қоғозлар, озиқ-овқат ёки саноат маҳсулотлари ва бошқалар пора предмети бўлиши мумкин. Пора предметига, шунингдек, пора берувчи томонидан текинга ёки паст нархларда амалга ошириладиган мулкий характердаги турли хилдаги хизматлар ҳам киритилади.

Субъектив томондан пора бериш жинояти тўғри қасддан содир этилади. Пора берувчи мансабдор шахсга пора предметини мукофот сифатида, ўзининг мансаб мавқеидан келиб чиқиб унинг манфаати йўлида бирон-бир ҳаракатни содир этиши ёки этмаслиги учун берилаётганлигини англайди ва шуни хоҳлайди. Жиноят субъекти ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо шахс бўлиши мумкин.

Лекин пора берганлик учун жавобгарликдан озод қилувчи ҳолатлар ҳам назарда тутилади. Жиноят кодексининг 211-моддасида қуйидагича норма келтириб ўтилган:

- шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади.

Агар шахс ўз хизмат вазифасини амалга оширгандан сўнг, ҳеч қандай манфаат ёки ҳуқуқларга эга бўлишни кўзламаган ҳолда, миннатдорчилик учун пул ёки бошқа қимматликлар берилган бўлса пора ҳисобланмайди. Америка ва Европа давлатларида буни “tipping” деб атайдилар. Лекин мазкур тушунчанинг ҳам мамлакатимизга кириб келиши коррупцияни авж олдириши мумкин. Чунки бундан манфаатдор шахслар ўз қилмишларини (пора бериш жиноятини) миннатдорчилик билдиришга йўйиши мумкин. Шу сабабли ҳам ҳар биримиз ўз вазифамизни ва фуқаролик бурчимизни бажаришимиз лозим. Коррупция деб аталган иллатга қўл уриб, қонун олдида жавобгарликка тортилгандан кўра, Ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшишимиз ҳам фарз, ҳам қарзимиздир.
Шамсинур Ахтамов,
ҳуқуқшунос

Манба: 21asr.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Хоҳишга кўра ваколатли шахсларга пул бериш порага ўтадими?