19:11 / 26.09.2018
6 757

Электр энергия таъминоти… Келажакда нима кутмоқда?

Электр энергия таъминоти… Келажакда нима кутмоқда?
Мамлакатда электр ва газ таъминоти соҳасидаги тизимли муаммоларни самарали ҳал этмасдан туриб, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, ишлаб чиқариш ва хизматлар соҳасини кенгайтириш, ишчанлик фаоллиги ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мумкин эмас.

Бу эса, шубҳасиз, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини юксалтириш билан боғлиқ масаладир.

Навоий кон-металлургия комбинати мамлакатимиз иқтисодиётига улкан ҳисса қўшаётган йирик корхоналардан. Президентимиз томонидан комбинатнинг салоҳиятини янада ошириш, модернизация қилиш ва янгиларини ишга тушириш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланган. Бу вазифаларни амалга ошириш учун эса у хоҳ ички бўлсин ва ё хоҳ ташқи бўлсин, инвестиция жалб этиш талаб қилинади.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг исталган ҳудудига бориб, аҳолидан электр таъминоти бўйича ёки ёқилғи маҳсулотлари, масалан, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти бўйича савол берсангиз, “Худога шукур, кун кўриб қолдик”, деб жавоб берадиганлари ҳам топилади, ҳанузгача тўловлардан бўйин товлаб юрадиганлари ҳам учрайди.

Ваҳоланки, бугун ҳаётимизни электр энергияси ва табиий газсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Қўлимиздаги миттигина уяли алоқа воситасидан тортиб, хонадонимизни ёритувчи электр чироғигача, кўчаларимиздан то йирик ишлаб чиқариш корхоналаригача барчаси электр энергияси бўлмаса, ишламайди. Демак, узоқдан қариндошимиздан хабар олиш, уйимизу кўчаларимиз тунда чароғон бўлиши, болаларимиз таълим олишию, юртимизнинг тараққиётга эришишигача барчаси биргина мана шу электр энергияси билан боғлиқ. Шундай экан, ундан тежамкорлик билан фойдаланиш, истеъмол қилинган ҳар бир киловатт энергия учун ҳақини ўз вақтида тўлаб қўйиш бурчимиз.

Ўзбекистон бюджети электр энергияси ҳамда нефть маҳсулотларини сотишда ташқи бозордан фойда олса, ички бозорда аксинча. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ушбу маҳсулотлар арзон етказиб берилади. Баъзан, электр энергиясининг нархи қимматлигидан нолийдиганлар ҳам топилади. Келинг, шу ўринда бошқа юртларда бу масала қандай деган бир савол бериб кўрайлик.

Агар энергия таъминоти бўйича баъзи мамлакатларни таққослайдиган бўлсак, юқоридаги фикримиз асосли бўлади. Масалан, Россия Федерациясида ҳудудлар кесимида аҳоли электр энергияси истеъмоли учун энергия ҳақини турли тарифларда ва тоифаланган нархларда тўлайди. Бунда энг юқори нарх Москва аҳолиси учун белгиланган. Хусусан, газ плиталари билан жиҳозланган уйлар учун белгиланган электр қувватининг бир марталик тарифлари 1 кВт/соатига 5,38 рублни ташкил қилади. Электр печлари ва (ёки) электр иситиш мосламалари билан белгиланган тартибда жиҳозланган уйларда яшовчи аҳоли учун электр энергияси истеъмолининг бир марталик тариф 1 кВт соатига 4.04 рубл.

Қўшни Қозоғистон Республикасида ҳам шундай тартиб жорий этилган. Жисмоний шахслар учун тарифлар электр энергиясидан фойдаланиш ҳажмига қараб фарқланади. Масалан, биринчи даражали тариф – 1 кВт/соатига 16,65 тенге; иккинчи даражали тариф – 1 кВт/соатига 21,99 тенге; учинчи даражали тариф – 1 кВт/соатига 27,48 тенге.

Маълумотларга кўра, Австралияда 1 кВт/соат нархи 0,29 долларни ташкил қилади, Арманистонда 1 кВт/соат электр энергияси нархи ($) 0,07–0,09 (34,98–44,98 дс.). Озарбойжонда – 0,04–0,06 (0,07–0,11 манат), Белорусда – 0,06–0,1, Грузияда – 0,05–0,09, Германия 0,37 евро (0,3 евро), Тожикистонда – 0,02 (0,168 сомоний), Туркияда – 0,32 (1,2 лира), Украинада– 0,03 (0,9 гривния), АҚШда – 0,09 – 0,3, Японияда – 0,26, Данияда – 0,30 АҚШ долларида аҳолига сотилади.

Маълумки, Тожикистон энергия ресурсларига бой мамлакат. “Барқи тожик”нинг 2017 йилгача мўлжалланган қуввати бўйича ишлаб чиқарилган электр энергиясининг умумий ҳажми 15 миллиард 359,1 миллион кВт/соатни ташкил этди. Бу 2016 йилда чиқарилган электр энергиясидан 955,8 миллион кВт/соатга кўп. Ўтган йили ТАЛКО (Тожикистон алюминий компанияси) “Барқи Тожик” электростанциясининг 16,5 фоизини, 2016 йилда эса 20,4 фоизини ташкил этди. Бу эса мамлакатни тўлалигича энергия билан таъминлаш қаторида, экспорт қилиш имконини ҳам беради.

Бу борадаги икки томонлама ҳамкорлик ўрнатилгандан сўнг Тожикистондан Ўзбекистонга 2018 йил вегетация даврида ўзаро фойдали техник-иқтисодий шартлар бўйича 1,5 миллиард кВт/соатгача бўлган миқдорда электр энергияси етказиб берилади. Шунингдек, 2018-2019 йиллар қиш мавсуми учун етказиб бериладиган электр энергияси ҳажми қўшимча равишда кўриб чиқилиши ҳам белгиланган.

Аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида ҳам Ўзбекистонда аҳоли манфаатидан келиб чиққан ҳолда ёндашилган. Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда юртимизда 6 миллион 143 минг истеъмолчига газ ёқилғиси етказиб берилмоқда. Жумладан, 3 миллион 300 минг уй-жой ва 83 мингга яқин улгуржи истеъмолчи табиий газ, 2 миллион 760 минг аҳоли хонадонлари эса суюлтирилган газ билан таъминланмоқда. Улгуржи истеъмолчиларнинг 5 минг 700 га яқини саноат корхоналари, 45 минг 500 га яқини маиший хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда 31 минг 500 таси якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларидир.

Агар газ таъминоти бўйича хориж тажрибасига эътибор қиладиган бўлсак, табиий газ ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи давлатлардан саналадиган Қатар аҳолиси газ баллонлари орқали суюлтирилган газ билан таъминланади. Бошқача айтганда, у ерда сизу бизга ўхшаб оқиб турган табиий газдан фойдаланилмайди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, аҳолини электр энергияси, нефть маҳсулотлари, табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлашда, аввало, қонун ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларга тўлиқ амал қилган ҳолда, ҳар бир истеъмолчи электр энергиядан оқилона ва тўғри фойдаланиш, унинг беҳуда сарфланишига йўл қўймаслик, ҳақини ўз вақтида тўлаш ва техника хавфсизлигига тўлиқ риоя қилиш, шунингдек, соҳа ходимлари ўз ишига виждонан ёндашиши талаб этилади. Олдинда турган йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун эса ички ва ташқи инвестицияларни жалб қилиш муҳим вазифалардандир.

Манба: "Даракчи"

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Электр энергия таъминоти… Келажакда нима кутмоқда?