Google ҳайдовчисиз автомобиль ишлаб чиқариш лойиҳасини тўхтатди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Google ҳайдовчисиз автомобиль ишлаб чиқариш лойиҳасини тўхтатди

  • Технология
  • 13-12-2016, 17:18
  • 483
  • Google ҳайдовчисиз автомобиль ишлаб чиқариш лойиҳасини тўхтатди

    Американинг Google корпорацияси руль ва педалсиз, тўлиқ автоном автомобиль ишлаб чиқариш режаларидан воз кечди. Компанияда бунинг ўрнига бошқа авто ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилиш ва 2017 йилнинг охирига бориб, машиналардан биргаликда фойдаланиш бўйича автоном сервисни ишга тушириш режалаштирилмоқда. The Information нашрига асосланиб Kun.uz сайти ёзмоқда.

    Google бу борада 2016 йилнинг май ойида Fiat Chrysler Automobiles билан шартнома имзолашга улгурган. Шунингдек Мантин-Вьюдаги компания юзлаб Pacifica гибрид минвэнларини қуришни режалаштирмоқда.

    Бу Google модели ва Lexus кроссоверидан кейин автоном автомобиль яратиш борасидаги учинчи уринишдир. The Verge берган маълумотларга кўра, яқин кунларда Ford ҳам ана шундай ҳамкорликни йўлга қўйиши мумкин.

    Анъанавий авто ишлаб чиқарувчилар кооперацияси билан янги жамоа ишлайди: "ҳайдовчисиз лойиҳа"нинг собиқ раҳбари Крис Урмсон 2016 йилнинг августида Google'ни тарк этди. Шундан кейин у Uber, Tesla ва Apple муҳандислари таклиф этилган шахсий автолойиҳасини йўлга қўйиши ҳақида эълон қилди.

    Google ҳайдовчисиз автомобиль ишлаб чиқаришни кўзда тутувчи лойиҳани тўхтатишга қарор қилди. Манбага кўра, бундай қарор ортида Alphabet бош директори Ларри Пейж ва компания молиявий директори Рут Порат турибди.

    Собиқ Google X ходимларининг нуқтаи назарини қўллаб-қувватловчи Google асосчиси Сергей Брин эса бундай фикрда эмас. Уларнинг фикрича, технологик гигант ўз автомобилини бошқа ишлаб чиқарувчилар ёрдамисиз, мустақил яратишга қодир.

    Автоном бошқарувли автомобиль сўнгги йилларда Google воз кечган учинчи йирик лойиҳа бўлди.

    loading...