17:43 / 11.02.2017
4 991

LG G6 дизайни ошкор бўлди

LG G6 дизайни ошкор бўлди

LG компанияси MWC 2017 кўргазмасида ўзининг флагман смартфони – LG G6’ни тақдим этиши режалаштирилган. Тақдимот санаси маълум – 26 февраль. Қурилманинг ўзи ҳақидаги маълумотлар эса, одатга кўра, сир сақланади. Бироқ яна бир «яхши» анъана бор – шу сир тутилган маълумотлардан кимлардир хабар топиб, интернетда тарқатишади. Гарчи бу хабарларнинг айримлари нотўғри эканлиги кейинчалик маълум бўлиб қолса-да, аксарияти ҳақиқат бўлиб чиқади.

Жумладан, «сизиб чиққан» маълумотларга кўра, LG G6 дизайни ўзига хос. Унинг экрани ўзгача – томонлари нисбати 2:1 тарзида бўлади, деб ёзади Terabayt сайти.

Жанубий Корея гигантининг бир бўлими – LG Display’дан маълум қилишларича, LG G6 экранининг диагонали 5,7 дюйм, тасвир аниқлиги эса 2880х1440 пикселга тенг бўлади. Экран атрофидаги гардиш (рамка) жуда ингичкалиги эвазига, қурилма олд панелининг 90 фоиздан кўпроқ қисмини экран эгаллайди. Албатта, бу сизга гардишсиз Xiaomi Mi Mix эмас, аммо LG G6 моделида экран остидаги қисм ҳам тепа қисмидан салгина қалинроқ, холос.

2017 йилги флагман модулли (яъни, қисмлари олинадиган, таъбга кўра шакли ўзгартириладиган) смартфон бўлмайди – компания бундай конструкциядан воз кечишга қарор қилди. Унинг корпуси шиша ва металлдан ясалган бўлиб, чанг ва нам киришидан ҳимояланган. Унда қулоқчинлар учун 3,5 миллиметрли тирқиш мавжуд.

Смартфон янги Snapdragon 835 процессори асосида ишлайди. Шунингдек, унинг орқа панелида бармоқ изи сканери ҳамда қўшалоқ камераси бўлиши ҳам маълум.

Эслатиб ўтамиз, яқинда айни шу тақдимотда намойиш этилиши мўлжалланган Samsung Galaxy S8 қурилмасининг ҳам кўп сирлари очилган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » LG G6 дизайни ошкор бўлди