Смартфонни масофадан зарядлаш тизими ишлаб чиқилди (суратлар) » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Смартфонни масофадан зарядлаш тизими ишлаб чиқилди (суратлар)

  • Технология
  • 21-09-2017, 20:28
  • 383
  • Смартфонни масофадан зарядлаш тизими ишлаб чиқилди (суратлар)
    Симсиз зарядлаш технологиясига бутун дунёда талаб катта, бироқ барча симсиз заряд қурилмалари барибир смартфонларнинг махсус майдонга жойланишини кўзда тутади. Pi стартапи остида бирлашган тадқиқотчилар гуруҳи мобил қурилмаларнинг 30 сантиметр масофадан қувватланишини таъминловчи ҳақиқий симсиз зарядлаш тизимини ишлаб чиқди. Стартап сайтида шунга доир маълумотлар тақдим этилди.

    Симсиз заряд қурилмасининг ташқи кўриниши нафис ва ихчамдир. Фойдаланувчилар конуснинг атрофига смартфон ва планшетларини қўйиб, уларни зарядлашлари мумкин бўлади. Pi Charger'нинг таъсир доираси - 30 сантиметрдан ошмайди. Инновацион ишланманинг таъсир этиш тамойили зарядланаётган объектга йўналтирилган нурни шакллантириш билан резонансли индукция технологиясига асосланган.


    Pi Charger атрофига 4 тагача қурилмани қўйиб, уларни 10 Вт'гача максимал қувват билан зарядлаш мумкин. Шундай бўлса-да, тақдимот маросимида 4 смартфон ва 1 планшет зарядланиши намойиш қилинди. Ишлаб чиқарувчиларнинг таъкидлашларича, қувват олаётган қурилмалар 4 тадан кўп бўлиши мумкин, бироқ бу зарядланиш самарадорлиги ва унинг тезлигига таъсир кўрсатади.


    Qi стандартини қўллаб-қувватловчи барча мобил қурилмалар Pi Charger'нинг имкониятларидан фойдалана олади. Бундай қурилмалар орасида Samsung Galaxy S8/S8 Plus/Note 8, iPhone 8, iPhone 8 Plus ва iPhone X смартфонларини қайд этиш мумкин. Qi технологияси бўлмаган гаджетлар учун махсус ғилофлар кўзда тутилган.

    Pi стартапи CSAIL номи билан танилган Массачусетс тенхнология ва сунъий интеллект институтининг компьютер билимлари лабараторияси ходимлари томонидан яратилган. Таъкидлаш жоизки, компания ҳозирга қадар 3,5 миллион доллар сармояга эга бўлган. Зарядлаш қурилмалари 2018 йилда бозорга чиқиши режалаштирилмоқда. Уларнинг нархи 200 доллар атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда.

    Манба: Kun.uz