«Ўзбек орзуси» лойиҳасига асос солинди: у ёшларнинг муваффақиятга эришишига кўмаклашади

  • Технология
  • 14-01-2018, 11:24
  • 525
  • «Ўзбек орзуси» лойиҳасига асос солинди: у ёшларнинг муваффақиятга эришишига кўмаклашади
    Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда «Ўзбектелеком» АК мамлакатимизнинг фаол ёшлари билан биргаликда кам таъминланган оилалар ҳамда қийин шароитли ёшларга компьютер саводхонлигини ошириш ва инглиз тили бўйича махсус курсларни ташкиллаштиришга киришди.

    — Ҳозирда мамлакатимиз раҳбарияти Ўзбекистоннинг жаҳон АКТ бозоридаги даражасини оширадиган юқори малакали ва истиқболли кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратмоқда, — дейди ушбу лойиҳанинг 22 ёшли координатори Темур Аллаяров. — Бироқ жамиятимизда муваффақиятга фақат таниш билишчилик орқали эришиш мумкин, деган стереотиплар ҳам шаклланиб қолган. Бундай қараш ёш авлод ривожига жуда салбий таъсир қилади. Шу сабаб, Президент томонидан қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, биз махсус қадриятлар ва кадрлар тайёрлаш тизимини шакллантиришга қарор қилдик ва уни «Америка орзуси» иборасига қиёслаб «Ўзбек орзуси» деб номладик. «Ўзбек орзуси»нинг асосий жиҳати — ҳар қандай фуқаро моддий шароитидан қатъи назар, улкан муваффақиятга ўз меҳнати ва жамиятнинг қўллаб-қувватлаши ёрдамида эриша олиши ҳисобланади. Умид қиламизки, курсларимизга қатнашганлар бу ерда олган маълумотларини, замонавий дунёда муваффақият учун керакли бўлган кўникма ва билимларини ўзларининг яқинлари ҳамда танишлари билан бўлишадилар.

    Лойиҳа координатори Темур Аллаяров лойиҳа ҳақида маълумот бермоқда. Фото: «Xabar.uz»


    Ғояларни амалга ошириш учун, кам таъминланган оилалар ва қийин шароитли ёшларнинг компьютер саводхонлигини ошириш, инглиз тили бўйича махсус курсларни ташкил қилишга қарор қилинди.

    Ушбу босқичда лойиҳанинг тажриба талқини Тошкент шаҳрининг Сергели туманида ишга туширилди.

    — Вазирлик раҳбарияти ғоямизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганидан ва дарслар ўтказиш учун офисларни қисқа муддатда ускуналар билан жиҳозлаб бераётганидан миннатдормиз, — дея ўз фикрини давом эттирди Темур Аллаяров. — Тушуниш лозимки, агар биз мамлакатимизни дунёда етакчи ва энг яхши кадрлар салоҳиятига эга давлат сифатида кўришни хоҳласак, жамиятни ривожлантиришда ҳозирнинг ўзидаёқ билимимиз ва тажрибамизни чиндан ёрдамга муҳтожлар билан бўлишишни бошлашимиз керак. Ахир юртимиз ёшлари ўз қобилияти ва иқтидори билан ажралиб туради. АКТ-мутахассисларга ички ва жаҳон бозорида улкан тақчиллик бўлиб турган бир пайтда, ушбу ташаббус ўзининг мевасини жуда тез орада беради деб ўйлайман.

    Фаол волонтёрларга махсус сертификатлар берилади. Фото: «Xabar.uz»

    Ушбу лойиҳа доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан энг фаол волонтёрлар ва ўқитувчилар махсус сертификатлар ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Бундан ташқари, лойиҳанинг истиқболли қатнашчиларини амалиёт ва иш билан таъминланишини ташкиллаштириш ҳам режалаштирилаётганини таъкидлаш лозим.

    Жамиятимизни ривожлантиришга қўшилишни истовчилар ёки лойиҳа бўйича батафсил маълумот олишни хоҳловчилар ўзларнинг таклиф ва ғояларини volunteer@mitc.uz электрон манзилига юборишлари мумкин.

    Манба: Xabar.uz

    loading...
    Яндекс.Метрика