22:12 / 04.02.2018
16 286

«Facebook» ва унинг асосчиси ҳақида кўпчилик билмаган ҳақиқатлар

«Facebook» ва унинг асосчиси ҳақида кўпчилик билмаган ҳақиқатлар
Деярли 15 йил олдин — 2004 йилнинг 4 февралида дунёни ўзгартириб юборган ижтимоий тармоқ ишга тушган эди. «Hi-tech.mail.ru» нашри ижтимоий тармоқ тушунчасини пайдо қилган Марк Цукерберг ва унинг «биринчи умр йўлдоши» ҳақида кўпчиликка маълум бўлмаган маълумотларни тақдим этди.

Бойиб кетган Цукерберг битирув кечасида талабаларга ҳазил қилди
Марк Цукерберг «Facebook»ни яратганидан сўнг Ҳарварддаги ўқишини ташлаган. У психология факультетида таҳсил олган ва «Java»дан тортиб «C++»гача дастурлаш тиллари ўтиладиган турли IT-дарсларида қатнашиб турган.

Ҳарварддан кетишини у бор диққат эътиборини ўз ишига қаратишни истагани билан изоҳлаган. Бироқ 2017 йилда дунёнинг энг бой одамларидан бирига айланган Цукерберг Ҳарвардда ҳуқуқ фанлари доктори даражасини қўлга киритди ва талабалар олдида тантанали нутқ сўзлади.

Цукерберг барчага университетдаги биринчи куни ҳақида сўзлаб берди. У биринчи маъруза дарсига шошганидан қўлига тушган футболкани кийиб олган. Футболканинг чоклари кўриниб, ёрлиғи эса чиқиб турган. «Facebook» асосчиси «гуруҳдошларим мени ташқи кўринишим сабаб четлаб ўтмоқда» деган фикрга борган. У билан фақатгина Канг-Хинг Жин мулоқот қилишни истаган ва ҳозирда у «Facebook»нинг етакчи ходимларидан бири. Цукерберг ўз нутқини тугатар экан, битирувчиларга барчага бирдек меҳрибон бўлишни тавсия қилди.

«Facebook»нинг ранглари Цукербергнинг касаллиги сабаб юзага келган
«Facebook»нинг машҳур оқ-кўк интерфейси Цукербергнинг камёб касаллиги бўлмаганида «дунё юзини кўрмас эди». Дейтаранопия — айрим рангларни кўра олмаслик хасталиги. Статистик маълумотларига кўра, давоси йўқ ушбу касалликдан сайёрадаги 1 фоиз одам азият чекади.

Чапдаги – соғлом одамлар камалак рангини шундай кўришади, ўнгдаги – дейтеранопларга кўринадигани. Кўк рангга эътибор беринг.

Бу хасталик одамда «рангларни кўриш нуқсони»ни пайдо қилади, натижада учта ранг (яшил, сариқ ва қизил) бирлашиб кетади. Шу сабабли қизил ва яшил рангларни тиниқ кўриб бўлмайди. Цукерберг шунча йил иш олиб борган сайти учун кўк рангни танлаши шунинг учун мантиқан тўғри.

Билл Гейтс сал қолса Маркнинг бошлиғига айланарди
2012 йилдаги интервьюлардан бирида Цукербергдан «агарда «Facebook» лойиҳаси муваффақиятсиз чиққанида нима қилардингиз?» дея сўрашади. Унинг айтишича, агарда лойиҳа ўхшамаганида муҳандис бўлиб ишлаган бўларди.

Марк 18 ёшида «Microsoft» унинг «Synapce Media Player» дастурини сотиб олмоқчи бўлади. Марк кейинчалик «Facebook»нинг асосчиларидан бирига айланган дўсти Адам Ди Анжело билан сунъий хотирали дастур яратишган. Мазкур тизим мустақил равишда фойдаланувчи ёқтирадиган мусиқаларни ёдида сақлаб қолган ва унга шу турдаги қўшиқларни тақдим этган.

Ёш Цукерберг. Ўз вақтида «Microsoft»нинг салкам бир миллион долларлик таклифини рад этган.

Улар ўз лойиҳасини бепул кўчириб олиш учун интернетга жойлаштиришади ва дастлабки ойлардаёқ ўз мухлисларини топади. «Synapce Media Player» ҳақида ОАВлар ҳам ёза бошлайди. Натижада Маркка «Microsoft» вакиллари қўнғироқ қилиб, мазкур лойиҳани салкам бир миллион долларга сотиш таклифини билдиради. Бунга қўшимча равишда компания Цукерберг ва Ди Анжелони уч йилга шартнома асосида ишга таклиф қилади, аммо улар ўша вақтда коллежга кириш орзусида юрганликлари учун рад жавобини беришади.

«Synapce» сайти ҳозирда ишламайди, бироқ «Microsoft» («Apple» билан бирга) «Facebook»да ўз саҳифаларини очган йирик компаниялардан ҳисобланишади.

«Facebook»нинг биринчи юзи
2004 йилда, сайт ўз ишини энди бошлаган вақтларда ижтимоий тармоқнинг асосчиларидан бири Эндрю МакКоллум «Facebook»нинг илк логотипини чизган. Унда ўз номидан ташқари шахси анча вақтга қадар сирлигича қолган эркакнинг ҳам сурати бўлган.

«Facebook»нинг илк логотипида машҳур актёр Аль Пачино юзидан фойдаланилган.

Девид Кирпатрикнинг 2010 йилда чиққан «Facebook» эффекти» номли китоби ушбу масалага ойдинлик киритди. Суратдаги эркак дунёга машҳур актёр Аль Пачино бўлган. Ижтимоий тармоқ юзи тез орада олиб ташланган.

Ойлик ўрнига акциялар

«Facebook»нинг дастлабки тўлақонли офиси 2005 йилда Пало-Алтода очилган. Мазкур шаҳарча стартаплар ватани ҳисобланади. Масалан, дунёга таниқли HP компютерлар компанияси ҳам 1939 йили айнан шу ерда пайдо бўлган. Ҳюлетт ва Паккард исмли дўстлар ўзларининг гаражида барча ишни нолдан бошлашган. 1998 йилда эса шу ерда Ларри Пейж ва Сергей Брин «Google»ни «кашф қилишган».

Аввалига Цукерберг ва унинг жамоаси беш кишига мўлжалланган уйни ижарага олади. Бу ерда улар нафақат ишларди, балки яшаган ҳам.

Улар уйнинг деворларини Девид Чоу исмли граффити-рассомнинг ишлари билан безашга қарор қилишади. У «Jaz-Z» ва «Linkin Park» билан биргаликдаги «Sollicion Source» албомининг муқоваси сабаб машҳурликка эришган.

Чоу 60 минг доллар иш ҳақи ўрнига «Facebook» акциясини олган ва кейинчалик бундан 200 миллион долларни қўлга киритган.

«Facebook» президенти Шон Паркер эса Чоу ижодининг мухлиси бўлган. Чоунинг иши 60 минг долларга баҳоланган. Бироқ осон йўлдан юришни ёмон кўрадиган Паркер Чоуга пул ўрнига худди шунча миқдорга тенг «ижтимоий тармоқ» акциясини таклиф қилган. Рассом рози бўлган ва «Facebook» IPO (қимматли қоғозлар бозори)га чиққанида Чоу 200 миллион долларни қўлга киритган.

Шимолдаги айёрона серверлар
2013 йилда компания АҚШдан ташқарида ўзининг биринчи дата-марказини очган. «Facebook»нинг Аёва, Орегон, Шимолий Каролина ва Техасда «омборлари» бор. «Node Pole» номли «омбори» эса Швеция шимолидаги Лулео шаҳрида пайдо бўлган.

Дата-марказ биноси қарағайлар билан тўла ўрмоннинг ўртасида жойлашган. Уни қуриш учун атроф-муҳитга деярли зарар етказилмаган. Швецияда қишда ўртача ҳарорат -20 даража совуқ. Бу эса серверларни табиий совутиш учун ажойиб усул. «Node Pole»даги тизим шундай яратилганки, бинога кирувчи ҳаво ҳароратни пасайтиришга қодир.

Эндиликда компания Ирландияда ҳам ўз дата-марказини қурмоқда. Мазкур лойиҳага ҳозирда 230 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаб бўлинган.

«Facebook Xacker Cup»да кўпинча россияликлар ғалаба қозонади
2011 йилда «Facebook» бутун дунёдаги хакерлар ўртасида мусобақа ташкиллаштирди. Ғолиблар нафақат бир неча минг долларни, балки дунёдаги энг йирик IT-компаниялардан, жумладан, «Facebook»нинг ўзига ҳам ишга кириши мумкин бўлади.

Қизиқарли жиҳати мазкур чемпионатда кўпинча россиялик дастурчилар ғалабага эришган. Нақд 4 маротаба. 2017 йилдаги сўнгги мусобақада москвалик Пётр Митричев учинчи бора биринчиликни қўлга киритган. У Жанубий Кореядан келган иштирокчи ва ватандоши Михаил Ипатовни ортда қолдирган.

«Facebook» бутун дунёдаги хакерлар ўртасида мусобақа ташкиллаштиради.

Ҳозирда Митричев «Google»нинг Швейцариядаги офисида ишлайди.

«Facebook» бир дақиқада 23 минг доллар ишлаб топади
«Facebook» тарихида ҳам ҳар қандай сайтлардаги каби узилишлар содир бўлиб туради. 2014 йилда бу каби ҳолат 2 маротаба бўлган: 19 июнь ва 1 августда.

Ижтимоий тармоққа бутун дунёдаги фойдаланувчилар кира олмай қолган. Бу каби муаммо бошқа сервисларда — «Instagram», «Skype», «Tinder» ҳам юзага келган. Дастурчилар сайтнинг ишини қайта тиклаш учун икки сафар ҳам салкам бир соат вақт сарфлашган.

Бу эса оммавий ваҳимани юзга келтирган. Лос-Анжелес округи шерифи ўзининг «Twitter»даги саҳифаси орқали одамларни полицияга қўнғироқ қилавермасликка чақирган.

«Facebook»нинг 2014 йилдаги молиявий ҳисоботларга кўра, у бир йил давомида 2,9 миллиард доллар фойда кўрган. Бу бир кунда 32 миллион доллар ёки бир соатда деярли 1,5 миллион доллар деганидир. Шундай экан, 12:08 дан 12:27 гача содир бўлган узилишлар вақтида «Facebook» деярли 427 минг доллар йўқотган.

Спам учун миллиард доллар жарима
Канаданинг Квебек шаҳри фуқароси Адам Гуэрбез ғалати хабарларни оммага тарқатишни яхши кўрган. 2008 йилда суд унга тақиқланган контентни тарқатгани учун 873 миллион доллар тўлаш мажбуриятини қўйган.

Гуэбез бир йил ичида марихуана ва наркотикларни тарғиб қилувчи 4 миллиондан ортиқ хабар жўнатган. Шунингдек, судя унга «Facebook»дан бошқа аккаунт очишни ҳам тақиқлаб қўйган.

2014 йилда компания вакиллари спамчиларга қарши суд ишларида 2 миллиард доллардан ортиқ пул ундирганини маълум қилган эди.

Гуэрбез суд қароридан кейин ўзини банкрот деб эълон қилади ва 2015 йилда эса яна журналистлар эътиборига тушади. Бу сафар у биткоинлар билан шуғулланувчи компаниянинг ходими сифатида ном қозонади.

Манба: xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » «Facebook» ва унинг асосчиси ҳақида кўпчилик билмаган ҳақиқатлар