21:43 / 29.03.2018
7 275

Ўзбекистонлик олимдан "ноёб ихтиро"...

Ўзбекистонлик олимдан "ноёб ихтиро"...
12 вольт электр энергиясидан 220 ёки 380 вольт қувват олиш мумкинми? Бунинг иложи йўқ, дейишга шошилманг. Кўп йиллик илмий изланишлар туфайли шундай натижага эришдик. Келинг, бу ҳақда кенгроқ тўхталсак.

Мана, 40 йилдан ортиқ вақт ўтибдики, айни шу масала мени изланишга ундайди. Бу эса 11 ихтирога, 3 монография, 100 дан ортиқ илмий мақолалар ҳамда тезисларга муаллиф ва ҳаммуаллиф бўлишимга сабаб бўлди. Бунинг самараси ўлароқ, яқинда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети “Материаллар қаршилиги ва машина деталлари” кафедрасида ана шундай инновацион ишланма яратилди.

Унга кўра, қуёш нуридан фойдаланиб, 12 ёки 24 вольт электр энергияси олиниб, унинг ёрдамида 12 вольт қувватда ишлайдиган ер қаъридан бипланетар узатмали насос орқали сув олинади-да, обиҳаёт 7-8 метр баландликда тўнкарилган конуссимон сиғимда кундуз куни йиғилади. Тунда эса сиғимдаги сувнинг оқувчанлигидан фойдаланиб, бипланетар узатмали микроГЭСга йўналтирилади ҳамда унинг ёрдамида 220 ёки 380 вольт электр энергияси ҳосил қилинади. Энг асосийси, бу лойиҳада одатда ишлатиладиган аккумулятордан фойдаланилмайди.

Халқаро ташкилотларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, иқтисодий тараққиёт туфайли 2030 йилга бориб, энергетикага бўлган талаб асримиз бошидагига нисбатан
50 фоиздан кўпроққа ўсиб, умумий эҳтиёж 23,27 миллиард тонна шартли ёқилғини ташкил этади. Уни тўлиқ таъминлаш муқобил энергия манбаларидан кенгроқ фойдаланишни тақозо қилади.

Юртимиз ҳудудига тушадиган қуёш энергияси ҳамда ҳосил бўладиган назарий қувват миқдори 6 миллиард 750 миллион шартли ёқилғига тенг эканлиги қайта тикланувчи ресурсларининг ушбу туридан фойдаланиш истиқболли эканлигидан далолат беради. Бизнинг инновацион ишланмамиз айнан қуёш энергиясидан фойдаланишга мўлжалланганининг боиси шунда. Қолаверса, уни амалиётга татбиқ этиш учун катта ер майдони шарт эмас. Ваҳолонки, қуёш энергиясида ишлайдиган улкан объектларни қуриш учун муайян ер майдонлари талаб қилинади. Чунки 1 МВт электр энергияси ҳосил қилиш учун бир гектар майдонга, 100 МВт қувват учун эса 100 гектар ерга қуёш қурилмаларини ўрнатиш зарур бўлади.

Шартли равишда “Қуёшдан — сувбулоқ” деб номланган мажмуа жуда содда бўлиб, фотоэлектрик генератор, унга қуёш нури тик тушишини автоматик тарзда таъминлайдиган ҳаракатлантирувчи бўғин, универсал бипланетар узатмали механизм (УБПМ) ва уни ҳаракатлантирувчи электродвигатель, УБПМдан ҳаракатланиб, ер қаъридан сув чиқариш имконини берувчи насос, сув сақлайдиган конуссимон сиғим, электр токи ишлаб чиқувчи генератор, шунингдек, таянч, қувур ҳамда шланглардан ташкил топган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бундай қурилмани ишлаб чиқариш таннархи 20 — 40 миллион сўм атрофида бўлади ва сарфланган маблағ атиги икки йилда қопланади.

Инновацион ишланманинг афзаллиги шундаки, унинг ёрдамида олис ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли хонадонларини электр энергиясидан ташқари, тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш, қўриқ ерларни ўзлаштириш орқали деҳқончиликни ривожлантиришда қўл келади. Яна бир муҳим жиҳати, электр энергияси ҳосил қилиш учун ишлатилаётган табиий ресурсларни тежаш, атроф-муҳитни улардан чиқаётган заҳарли газлардан халос этиш имконини беради. Зеро, машҳур сайёҳ ва ёзувчи Тур Хейердал айтганидек, аччиқ ва заҳарли дуд-чиқиндиларни чиқариб юбориш учун сайёрамиз мўрисининг йўқлиги унинг табиий қазилма бойликлари битмас-туганмас эмаслигини ёдга солади.
Абдиназар НУРМАТОВ,
техника фанлари номзоди.

Манба: xs.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Ўзбекистонлик олимдан "ноёб ихтиро"...