«Samsung» «чўнтакбоп» флагманларини тақдим этди (фото)

  • Технология
  • 10-06-2018, 16:15
  • 743
  • «Samsung» «чўнтакбоп» флагманларини тақдим этди (фото)
    Фото: «Терабайт»
    Куни кеча, 2018 йилнинг 9 июнь санасида «Samsung» ўзининг ўрта нархли «Galaxy A9 Star» ҳамда «Galaxy A9 Star Lite» моделли смартфонларини расман намойиш қилди, деб хабар бермоқда «Терабайт».

    Бу икки моделнинг ўхшаш жиҳатлари кўп: 2220х1080 пиксел сиғимли SuperAMOLED-дисплей, Qualcomm чипсетлари, 4 гигабайтлик тезкор хотира, 24 мегапикселли селфи-камера, орқа панелдаги дактилоскопик датчик, NFC модули ҳамда Experience 9.0 график қобиғидаги «Android Oreo» операцион тизими.

    Фарқларига келадиган бўлсак, «Galaxy A9 Star» гаджети Snapdragon 660 процессорига ва диагоналига 6,28 дюймлик экранга эга. Унинг доимий хотираси ҳажми 64 гигабайтга, аккумуляторининг ток сиғими эса 3700 мА/соатга тенг. Смартфоннинг асосий камераси 16 ва 24 мегапикселли сенсорларни ўз ичига олган, улар «iPhone X» дизайнида жойлаштирилган. Смартфонда замонавий USB Type-C порти ҳамда FM-радио мавжуд.

    Фото: «Терабайт»
    «Ака-ука»ларнинг «кичкина»си – «Galaxy A9 Star Lite» эса 6 дюймлик экран билан кифояланган, чипсети ҳам Snapdragon 450 моделига мансуб. 3500 мА/соатлик батареядан куч олиб ишлайдиган бу смартфон 32 гигабайт ички хотирага эга. Гарчи селфи учун 24 мегапикселли камера ажратилган бўлса-да, «Galaxy A9 Star Lite» моделининг асосий камераси «оддийроқ» – 5 ва 16 мегапикселли датчиклардан иборат.

    «Чўнтакбоп» флагманларнинг савдоси 15 июндан бошланади. Уларнинг «тўнғич»и 470 доллар, «кенжа»си эса – 310 доллардан сотувга чиқиши кутиляпти.

    » » «Samsung» «чўнтакбоп» флагманларини тақдим этди (фото)
    Яндекс.Метрика