16:08 / 09.09.2016
8 870

Мирзиёев: Ўзбекистон ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик сиёсатини давом эттиради

Мирзиёев: Ўзбекистон ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик сиёсатини давом эттиради

Ўзбекистон бундан буён ҳам ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, бошқа давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари мамлакат ҳудудида жойлашишига, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бўлишига йўл қўймаслик, илгаригидек, давлатимизнинг қатъий сиёсий позицияси бўлиб қолади. Бу ҳақида Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинчалик бажарувчи Шавкат Мирзиёев Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма мажлисида маълум қилди, деб ёзмоқда "Кун" нашри.

"Миллий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Мамлакатимиз яқин қўшнилари Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қолади. Ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши бу — Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан алоқаларимизни мустаҳкамлашдан иборат. Биринчи навбатда, Россия Федерацияси билан Стратегик шериклик, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар ва бошқа муҳим келишувлар асосида дўстона алоқаларни изчил ривожлантириш ва кучайтириш икки мамлакат манфаатларига жавоб беради ва минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади", - деди Ш. Мирзиёев.

Шу билан бирга Америка Қўшма Штатлари билан ўзаро манфаатли ва конструктив ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш бизнинг ташқи сиёсатимизда устувор аҳамиятга эга бўлиб қолиши таъкидланди.

Ўзбекистон глобал ва минтақавий муаммоларни ечишда муҳим роль ўйнайдиган Хитой Халқ Республикаси билан ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдорлиги қайд этилди.

"Осиё ва Тинч океани минтақасида биз Япония, Корея Республикаси ва бошқа давлатлар билан иқтисодиёт, инвестициялар, фан ва технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга устувор даражада аҳамият берамиз", - деди Ш. Мирзиёев.

Ўзбекистон учун Европанинг етакчи давлатлари, авваламбор Германия, Франция ва Буюк Британия, Марказий ва Шарқий Европа давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек Ҳиндистон, Покистон ва Жанубий Осиёнинг бошқа давлатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик янада ривожланиши таъкидланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан анъанавий равишда яқин қўшничилик ва дўстона сиёсат олиб бориши айтиб ўтилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Мирзиёев: Ўзбекистон ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик сиёсатини давом эттиради