Мирзиёев: Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, божхона тизими ва бошқа идоралар фаолиятини тубдан яхшилаш чоралари кўрилади

  • Узбекистон
  • 15-12-2016, 11:39
  • 1 257
  • Мирзиёев: Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, божхона тизими ва бошқа идоралар фаолиятини тубдан яхшилаш чоралари кўрилади

    Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида сўзлаган нутқида олдинда турган вазифалар ҳақида гапирди, деб ёзмоқда Kun.uz сайти.

    Азиз дўстлар!

    Маълумки, Конституциямизнинг 98-моддасига мувофиқ, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг устувор вазифаларини муваффақиятли ҳал этиш учун жавобгарлик Вазирлар Маҳкамаси, ҳукуматнинг ҳар бир аъзоси, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари зиммасига юклатилган.

    Бу, биринчи навбатда, Бош вазир ва унинг ўринбосарларидан юксак даражадаги шахсий масъулиятни, шунингдек, уларнинг зиммасига юкланган вазифаларни самарали ва тўлиқ бажаришни талаб этади.

    Шу муносабат билан бир таклиф киритмоқчиман. Яъни, Олий Мажлис палаталарининг 2015 йил 23 январдаги ва жорий йилнинг 8 сентябрдаги қўшма мажлисларида таклиф этилган Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракат дастурини янада аниқлаштириб, ҳозирги талаблардан келиб чиққан ҳолда, унга қўшимчалар киритиш лозим. Бу – кечиктириб бўлмайдиган вазифадир.

    Умид қиламанки, бугунги мажлисимизнинг иккинчи қисмида Бош вазир лавозимига кўрсатиладиган янги номзод ушбу дастурнинг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган асосий йўналишлари ва устувор вазифалари тўғрисида ахборот беради.

    Бу борада асосий диққат-эътиборни қуйидаги стратегик йўналишларга қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.

    Биринчидан, иқтисодиётимизда юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, макроиқтисодий барқарорлик ва миллий валютамизни янада мустаҳкамлашни таъминлаш.

    Иккинчидан, мамлакатимиз ҳудудларини, яъни шаҳар, туман ва маҳаллаларни, айниқса иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда нисбатан орқада қолаётган туман ва шаҳарларни комплекс ва жадал ривожлантириш.

    Учинчидан, аҳолининг реал даромадларини, турмуш даражаси ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратиш.

    Ҳукумат ва шахсан унинг янги раҳбарияти фаолияти самарасини биз айнан шу мезонлар асосида баҳолашимиз зарур.

    Шу мақсадда яқин кунларда Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмаси қайта кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Бундай ўзгартиришлардан асосий мақсад – тўпланган тажриба асосида ва мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олдимизда турган кенг кўламли янги вазифаларга мувофиқ, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг энг оптимал ва самарали тизимини ишлаб чиқишдан иборат.

    Ана шу тизим марказида нафақат иқтисодиётнинг таянч тармоқларини, балки, энг аввало, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва мамлакатимиз барча фуқароларининг ҳаётий манфаатларини таъминлашга ва уларнинг даромадларини кўпайтиришга доир истиқболдаги муҳим вазифалар туриши керак.

    Олдимизда марказий бошқарув органлари – Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, божхона тизими ва бошқа идоралар фаолиятини тубдан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси ҳам турибди.

    Мамлакатимиз банк тизими ва бозор инфратузилмасининг бошқа органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳам долзарб масала бўлиб қолмоқда.

    Афсуски, ҳозирги кунда уларнинг фаолияти бугунги ҳаёт ва иқтисодий ислоҳотлар талабларидан анча ортда қолмоқда. Шунинг учун биз бугунги йиғилишимизга барча йирик тижорат банклари раҳбарларини ҳам таклиф этганмиз. Уларнинг бош вазифаси – бундан кейин ўз иш услубларини тубдан ўзгартириб, фуқароларимиз ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ишончини қозонишга ва уларга ҳақиқий кўмакдош бўлишга эришишдан иборат.

    Шу боис давлат банклари олдига қуйидаги вазифалар қўйилмоқда. Улар ҳар бир оила билан мулоқот ташкил қилиш орқали фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қулай имкониятлар яратиши керак.

    Шу мақсадда тижорат банклари ва уларнинг жойлардаги филиаллари, ўз имкониятларидан келиб чиқиб, тадбиркорларга молиявий кўмак ва мадад беришни зиммасига олади.

    Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, банклар энди халқимизни тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатиши ва шунга етаклаши лозим бўлади.

    Шунда одамлар боғдорчилик, чорвачилик, ҳунармандлик, касаначилик, хизмат кўрсатиш, сервис ва бошқа соҳаларда тадбиркорлик билан шуғулланиб, кичкина бўлса ҳам ўзининг корхонасини ташкил этиб, қонуний асосда даромад топади, ўзини ҳам, оиласини ҳам молиявий жиҳатдан мустаҳкамлаб, маҳалламиз, туманимиз ва шаҳримиз, вилоятимиз ва мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшади.

    Бу сиёсатнинг асосий мақсади шундан иборатки, биз ҳар бир фуқаро ўзининг куч ва имконияти, қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун кенг шароит ва имконият яратиб беришимиз керак.

    Мана, 2016 йил якунига етишига ҳам 15 кун вақт қолди. Биз йилни муваффақиятли якунлаш, белгиланган мақсадларга эришиш, янги – 2017 йилда мамлакатимиз барқарор ривожланиши ва жадал ўсиш суръатларини таъминлаш учун мустаҳкам замин яратиш мақсадида барча воситаларни сафарбар этишимиз лозим.

    Вазирлар Маҳкамаси раҳбариятидан бу вазифаларни ҳар томонлама пухта бажаришни ва келгуси йил январь ойида ўтказиладиган Ҳукумат мажлисида бу ҳақда батафсил ҳисобот беришни сўрайман.