2017 йилда мамлакатимиз қишлоқларида 15 минг арзон ва замонавий уй-жой қурилади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

2017 йилда мамлакатимиз қишлоқларида 15 минг арзон ва замонавий уй-жой қурилади

2017 йилда мамлакатимиз қишлоқларида 15 минг арзон ва  замонавий уй-жой қурилади

Мустақиллик арафаси ва истиқлол йилларида қишлоқ аҳолисини уй-жойли қилиш масаласи ечимида уч тараққиёт босқичи кўзга ташланади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ўз фаолиятининг илк кунлариданоқ бу муаммони кун тартибига қўйди ҳамда унинг ҳаётий ечимларини кўрсатиб берди. Натижада 1989-1990 йилларда бир ярим миллиондан кўпроқ оилага қўшимча ер ажратилди, 700 минг оилага томорқа ерлари берилди. Бу ҳақда Kun.uz сайти ёзмоқда.

Маълумки, 2009 йилдан бу борада ривожланишнинг иккинчи босқичи бошланди: 2009-2016 йилларда мамлакатимиз қишлоқларида намунавий лойиҳалар асосида 69,5 мингдан зиёд уй-жой қурилди. Бунинг натижасида қишлоқлардаги 83,5 мингдан ортиқ оиланинг яшаш шароити яхшиланди. Шунингдек қишлоқларда янги муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси шаклланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 21 октябрдаги «2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарори билан бу йўналишда янги ривожланиш босқичига асос солинди. Аҳолига янада қулай имконият ва шароит яратиш мақсадида арзон, замонавий, шинам уй-жойлар қурилиши йўлга қўйилди. 2017 йилда мамлакатимиз қишлоқ массивларида 15 мингта ана шундай турар жой барпо этилади. Бунда қишлоқ аҳолисига уч типдаги уй-жойлар қурилиши таклиф қилинмоқда.

Биринчи типдаги уйлар уч ёки тўрт йўлакли, хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилари бўлган икки-уч қаватли кўп квартирали уйлардир.

Иккинчи типдагилар бир қаватли икки ва уч хонали бўлиб, аҳоли зич жойлашган туманларда қурилади. Уларнинг 2 сотих ер участкасига эга ихчамгина ҳовлилари бўлади.

Учинчи типдагилар 4 сотих ер участкасига эга икки қаватли, тўрт хонали уйлардир.

Хўш, бу уйларнинг яшаш учун қандай ҳаётий афзалликлари бор? Уларнинг арзонлигига асос нима?

"Аввало, уйларнинг нархи янгиланган лойиҳалар асосида арзонлашган, бунда маҳаллий хомашёдан тайёрланган янги, сифатли ва замонавий қурилиш материалларидан фойдаланилади, – дейди «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси бош директори ўринбосари Жаҳонгир Иброҳимов. – 2016 йилда 3-5 хонали намунавий уй-жойларнинг ўртача нархлари 175-214 миллион сўмни ташкил қилган, янги лойиҳалардаги турар жойларнинг ўртача нархи 85 миллион сўмдан 170 миллион сўмгача бўлиши назарда тутилган".

Яна бир афзаллик: 2009 йилда қабул қилинган Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жойлар қуриш дастури доирасида уй қурувчининг бошланғич бадали 25 фоизни ташкил этган бўлса, энди кўп қаватли ва 2 сотихли уй-жойларнинг бошланғич бадаллари 15 фоизни ташкил этади.

Бундан ташқари, ипотека кредитининг илк уч йили имтиёзли давр, биринчи 5 йилда йиллик фоиз ставкаси 7 фоиздир. Кейинги йилларда кредитнинг фоиз ставкаси Марказий банкнинг ҳозирги вақтдаги йиллик қайта молиялаштириш ставкаси – 9 фоиздан ортиқ бўлмайди. Ипотека кредитлари 15 йил муддатга берилади.

2022 йил 1 январгача «Қишлоқ қурилиш инвест» ва у билан шартнома тузган пудратчи ташкилотлар массивларда уйлар, сув таъминоти объектлари ва автомобиль йўллари қуриш бўйича ишлар ҳажмлари учун барча солиқ ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан, субпудрат ташкилотлари ягона солиқ тўлови тўлашдан, қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи, уларни ташийдиган ташкилотлар қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарни реализация қилиш ва уларни ташиш (жумладан импорт материалларни) ҳажмлари учун қўшилган қиймат солиғи, ягона солиқ тўлови ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинди.

Президентимиз қарорида 2017 йилнинг 1 январигача ҳар бир ҳудудда намуна сифатида уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилиши белгиланган. Айни пайтда мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК янги лойиҳалар бўйича биринчи ва иккинчи типдаги 546 уйда қурилиш-монтаж ишларини якунламоқда, яъни 546 оила кириб келаётган янги йилни янги уйда кутиб олади.

Шунингдек, 2017 йилда барпо этиладиган уй-жойларда қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун салоҳиятли пудрат ташкилотлари танланмоқда, уй-жойларнинг намунавий лойиҳалари экспертизадан ўтказилмоқда.

Янги қурилаётган уй-жой массивларида давлатимиз ресурслари ҳисобига 415,3 километр сув, 291,5 километр электр энергияси, 316,9 километр газ тармоқлари, 260,3 километр йўллар, 134 ижтимоий инфратузилма объекти барпо этилади. Айни пайтда бу тармоқларнинг муҳандислик-конструкция лойиҳалари такомиллаштирилмоқда.

Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.