Сув, газ ва свет. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да жиддий таклиф бор » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Сув, газ ва свет. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да жиддий таклиф бор

Узбекистон 20-12-2016, 09:40 2 188
Сув, газ ва свет. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да жиддий таклиф бор

Мен давлатимиз сиёсати ҳақидаги мулоҳазаларимни охирги марта биринчи президентимизнинг саломатликлари билан боғлиқ муаммолар ва вафотлари пайтида уюштирилган ахборот урушларга қарши ёзган эдим. Чунки ўша даврларда ўз ҳиссиётларини жиловлаб олиш ва миллий хавфсизлигимизга таҳдид қилиши мумкин бўлган кучларга қарши муносиб туриб курашиш ҳар биримизнинг ватанпарварлик бурчимиз саналарди.
Худога шукур, энди бу гаплар ортда қолди. Душманлар кутганларидай юртимиз парокандаликка тушиб қолгани ёки “Биродарлик уруши”га киришиб кетгани йўқ. Мен илгари таъкидлаб айтганимдай, биринчи президентимизнинг даврида Ўзбекистонда давлат барпо этилиб, унинг устунлари мустаҳкам қўйиб кетилди. Уни қайси томонга қараб ривожлантириш эса навбатдаги авлод вакилларининг хоҳиш ва иродаларига ҳавола эди.
Мен юртимиздаги “ўтиш жараёни”ни мунтазам кузатиб келяпман ва яширмайман, ўзгаришлар кўпчилик юртдошларимиз каби менда ҳам оптимизм кайфиятини пайдо қиляпти. Зеро, Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг қабул қилаётган илк қарорлари ва бошлаётган ислоҳотлари бизни келажакка умидлар билан қарашга ундаяпти. Шавкат Мирзиёевнинг илк тўғри ва оқилона қарори бу унинг халққа ҳамда унинг дардларига қулоқ тутганлиги бўлди. Чунки халқнинг муаммоларини унинг ўзидан сўрамай туриб ҳал қилишга киришиш “бемордан қаеринг оғрияпти?” деб сўрамай туриб, уни даволашга киришишдай гап бўлган бўлар эди.
Шу муносабат билан, Шавкат Мирзиёев келгуси 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилдилар. Халққа, жумладан ватанпарвар ўзбекистонлик сифатида менга ҳам қулоқ тутилаётганлигидан фойдаланиб, мен ҳам ушбу давлат дастурига ўзимнинг таклиф ва мулоҳазаларимни билдиришга қарор қилдим.
Гапни айлантириб, ундоқ-бундоқ деб чайналиб ўтирмасдан Ўзбекистонимизнинг 3 та энг катта 3 та муаммосини ҳозирдан айтиб қўя қолай. Ундан кейин, нима сабабдан ушбу 3 муаммони энг асосийлари деб ҳисоблашимни асослага ҳаракат қиламан. Хуллас Ўзбекистоннинг энг катта, бир кун келиб албатта ҳал қилмаса бўлмайдиган 3 та муаммоси бу СУВ, ГАЗ ва ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ (“свет”) муаммоларидир! Мана шу 3 та муаммо ҳал бўлмагунича бошқа муаммоларнинг ҳал бўлиши кам аҳамиятга эга бўлади. Аксинча, бошқа барча муаммоларнинг ҳал қилиниши мана шу 3 муаммони буткул ҳал қилишга қаратилиши керак деб ўйлайман.
Гап асносида бир гапни айтиб ўтмоқчиман : мен ушбу мулоҳазаларни давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз билмайди деган фараздан келиб чиқиб ёзаётганим йўқ. Аксинча, мен уларнинг бу муаммолардан аллақачон тўлиқ хабардор бўлсалар керак деб ўйлайман ва бу борада аллақачон тегишли ишлар бошлаб юборилганлигига шубҳа қилмайман.

Халқнинг ишончини қозонишнинг ягона йўли.

Яқинда бўлиб ўтган сайловларда халқимиз Шавкат Мирзиёевга 88%дан кўпроқ овоз берди. Бу дегани, халқимизнинг 88% дан ортиғи ушбу инсонга ўз умидларини боғлаб, ўз тақдирларини топширдилар. Энди, келаси 5 йиллик президентлик муддатида улар Шавкат Мирзиёевдан ўз муаммоларининг ҳал қилиб беришини кутадилар. Шу сабабдан, Ўзбекистон халқининг муаммоси айнан нималардан иборат эканлигини билиш муҳим ҳисобланади.
Ўзбекистонликларнинг 1-рақамли муаммоси бу — СУВ муаммосидир. Чунки сув ҳаёт манбаидир. Халқимиз тоза ичимлик суви билан таъминланмас ва деҳқонларимиз далаларига сув топа олмас эканлар, Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш ва Қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги муаммолари ҳеч қачон тугамайди.
Масалан, бизнинг уйимизда собиқ совет даврларидан бери свет бўлган. Лекин газ мустақиллик йилларидан кейин кириб келган. Ҳар ҳолда, мен мактабнинг илк йилларида уйларимизда печларда кўмир ёққанларимизни эслайман. 2000 йилларнинг бошларида битта Қашқадарёлик курсдошим “уйимизда сандалга оёғимизни тиқиб, иситиб ўтирамиз” деганида мен “дўстим ҳазиллашяпти” деб ўйлаган эдим. Кейин билсам, бизда 10 йиллардан бери бор бўлган газ Ўзбекистоннинг ҳамма жойларида йўқ экан. Ўшанда, мен “уларга ҳам газ тезроқ етиб борсин, бечоралар кўмир ёқиб оёқларини сандалларга тиқиб иситиб юрмасинлар” деб орзу қилганман. Бу муаммо улар томонларда ҳал бўлганми ёки буни билмайман, аммо орадан бир неча йил ўтмасдан ўзимиз томонларда ҳам газ ўчадиган бўлиб қолди. Бора-бора, одамларнинг уйларида қайтадан кўмирда ёқиладиган печлар пайдо бўлди. Газни эса одамлар фақат байрамлар (календардаги расмий байрамлар) пайтларида вақтинча кўрадиган бўлдилар.
Свет муаммоси газ муамоси билан эгизак десам ҳам бўлади. Газ ўчиб қолди деб электр печка олсангиз свет ҳам ўчиб қолади. Одамларнинг уйларида махсулотларни сақлаш учун совутгичлар, 2-3 тадан телевизор ва эндиликда компьтерлар бор, лекин уларни истаган пайтда ишлатиш одамлар учун орзу бўлиб қолмоқда. Баъзан шаҳарларимизда инсонлар “вай-фай” ёмон ишлашидан нолишларини кўриб қоламиз. Ана шу пайтларда қишлоқларимизнинг одамлари газ ва светнинг йўқлигидан азоб чекаётган бўладилар. Йиллар давомида инсонлар қаҳратон қишнинг совуғидан жон сақлаш учун қишлоқлардаги мевали ва мевасиз дарахтларни, жумладан тут дарахтларини ёқишга мажбур бўлмоқдалар. Бунинг оқибатида келажакда ипакнинг юрти Ўзбекистонда пиллачилик саноати катта зарар кўрса ажаб эмас.
Хуллас, Ўзбекистон халқининг ишончини қозониш ва уларнинг манфаатларини ўйлаш бу уларга аэропортлар, йўллар, данғиллама уйлар қуриб бериш билан ҳал бўлмайди. Чунки қишда уйида совуқ қотаётган, уйида замонавий совутгичлари туриб, ёзда махсулотлари сассиб қолаётган ва қатор телевизорлари туриб, уйида телевизор кўра олмайтган ва ниҳоят “бу йил сув бўлармикан?” деган ўйлар билан далага ўғит қадашга иккиланаётган бобо деҳқонларимизга аввало “улкан лойиҳалар” эмас, балки сув, газ ва свет ҳаётий заруратлардир. Давлатимизда қайсики раҳбар шу учала муаммосни ҳал қиладиган бўлса, халқимиз ўша инсонга ҳайкаллар қўяди ва номини зарҳал харфлар билан тарих зарварақларига ёзиб қўяди деб ўйлайман.

Қўни-қўшни давлатлар билан алоқалар.

Шавкат Мирзиёевнинг вақтинчалик президентлик лавозимига киришгач, илк нутқларини диққат билан эшитганман ва Ўзбекистоннинг ўрни ҳамда келажакдаги стратегияси борасидаги қарашларимиз қанчалар яқинлигига ҳайрон қолганман. Агар кимдир менга мазкур матнни ўзим ҳоҳлаганимдай қилиб ёзиб беришни сўраганида деярли ўшандай қилиб ёзиб берган бўлар эдим. Чунки, менинг назаримда ҳам миллий манфаатларимиз бирламчи, қўшни қардош давлатлар билан алоқаларимиз иққиламчи ва ундан кейин халқаро майдонда ҳамкорларимизни ўз ўринларига қараб муносабатлар ўрнатишимиз учламчи аҳамиятга эгадир.
Бизни ўраб турган қўшни давлатлар бизга бегона давлатлар эмас ва уларнинг халқлари ўзимизнинг минг йиллик қардошларимиздирлар. Тақдир тақозоси билан ҳозирда бошқа-бошқа давлатларда яшаётган бўлсак ҳам, улар билан ҳозирга қадар бир хил дарёлардан сув ичамиз. Тўғрироғи, барчамизга умумий бўлган дарёларнинг сувини келишиб ичишга мажбурмиз. Баъзан, “дунёдаги жанжаллар нефт ва бойликлар учун бўлаяпти” деб ўйлаб қоламиз. Лекин географик жиҳатдан олиб қарасангиз уруш ва жанглар бораётган ҳудудларда албатта сув ва “сув бўлишиш” муаммоси бор бўлади. Фақат нефт излаётган давлатлар сув истаётган давлатларни уруштириб, ундан кейин уларнинг ҳудудларига кириб олиб, уларнинг бойликларини талай бошлайдилар. Чегаралараро дарёларда сувни бўлишиш муамоси дунёдаги энг оғриқли ва нотичликларни келтириб чиқараётган муаммолардан бири ҳисобланади. Оддий мисол сифатида Туркия ва Сурия ўртасида кўп йиллардан бери Эвфрат дарёсининг сувини бўлишиш муамосини кўрсатиш мумкин. Бошқа муамолар билан биргаликда айнан мазкур келишмовчилик сабабли турклар Башар ал Ассадни (туркларнинг лойиҳаларига қарши бўлганлиги учун) ёмон кўриб келганлар. Шу сабабдан турклар ҳозирги уруш пайтида Ассадга қарши унинг мухолифатчиларини қўллаб қувватламоқдалар.
Чегаралараро сувларни бўлишиш ҳозиргача Ғарбий ва Шимолий Европа давлатларига насиб этган холос. Шу сабабдан, ушбу давлатлар ўртасида тараққиётга халақит берувчи душманлик муносабатлари йўқ. Улар ўзаро пул талашишлари мумкин, мансаб талашишлари мумкин, буюклик талашишлари мумкин, лекин асосийси сув талашмайдилар.
Мен ҳудди улар каби қўшниларимиз билан сув борасидаги муаммоларимизни бир умрга ҳал қилиб олишимиз ва келишувларимизни халқаро ҳуқуқ меёрлари доирасида расмийлаштириб қўйишимиз керак деб ҳисоблайман. Бунинг учун биз қўшниларимиз билан яхши қўшничилик муносабатларни ўрнатишимиз ва ўзаро манфаатли шерикчилик асосида келишувларга эришишимиз керак. Мен миллий манфаатларимиздан воз кечиб, қўшниларга ён босишнинг тарафдоори эмасман, аксинча. Лекин ўзаро манффатли келишувга эришиш учун сиёсий ирода зарур бўлиб қолганда, биз ўша сиёсий иродани топа олишимиз керак деб ўйлайман. Шу борада, мен ҳукуматимизнинг ташаббуси билан яқинда ташкил қилинган Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари билан делегациялар алмашиш ташаббусларини олқишлайман. Билишимча, Туркманистон ва Қозоғистон давлатлари билан ҳам муносабатларимиз илиқлашган. Биз айнан мана шу йўналишда давом этиб, келажакда қўшнилар билан келишиб, сув, электр энергияси, газ ва чегараларимизнинг демаркацияси муаммоларини ҳал қилиб олишимиз керак. Акс ҳолда, ушбу муаммолар ташқи душманлар учун бизни уруштириш учун ричаг бўлиб хизмат қилишда давом этаверади.

Халқаро муносабатлар

Халқаро муносабатларда мен ҳукуматимизнинг суверенитетимиздан устун турувчи иттифоқлар ва хавфсизлигимизга раҳна солувчи ҳарбий ташкилотларга қўшилмаслик сиёсати билан якдилман. Қудратидан, пул ва бойлигидан, ҳудудининг катталигидан, аҳоли сонидан ва ҳоказоларидан қатъий назар биз барча давлатлар билан тенг шерикчилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик принциплари асосида муносабатлар ўрнатишимизнинг тарафдориман. Сармоя ва пул умидида суверенитетимиздан кечмаслигимиз керак деб ҳисоблайман.
Бироқ сармоялар иқтисодиётнинг тараққиёти учун бензиндай аҳамият касб этади. Шу сабабдан, биз сармояларни жалб этганда оқилона сиёсат юритишимиз ва жалб этиладиган сармояларни мақсадли йўналтиришимиз лозим. Сиёсий фанлар институтидаги бир домламиз айтганди : “Келажакда давлатларингизнинг масъулиятли ўринларига ёки раҳбариятига ишга келиб қолсангизлар халқаро муносабатларда эҳтиёт бўлинглар. Биронта катта, бой давлат келиб “Сизларга фалон миллиард доллар миқдорида беғараз ёрда берамиз” деса чўнтагингиздан пистолетингини чиқариб, унинг пешонасидан отинглар. Чунки у одам сизларни алдаётган бўлади. Халқаро муносабатларда “беғараз ёрдам” деган нарса бўлмайди, у одамнинг сизга қарши қандайдир яширин мақсади бор. У сизнинг нимангизгадир кўз тиккан бўлади” деган эди. Албатта домламиз “пистолет” ва ҳоказоларни эсимизда қолиши учун кулгили ва образли қилиб айтган эди. Лекин у бизни “халқаро муносабатлар ва сармоялар” борасида эҳтиёткорликка чақирганида 100% ҳақ эди деб ўйлайман.
Шундай экан, биз сармояларни жалб этишда албатта улкан муаммоларимизнинг, жумладан сув, газ ва свет муаммоларининг ечимларини назардан қочирмаслигимиз керак. Масалан, иқтисодий фаровонлик умидида газ конларимизни ҳорижга сотиш сиёсатимизни қайта кўриб чиқишимиз керак. Чунки халқни газсиз қолдириб, газимизни четга сотиб, фаровон ҳаёт қуриб олганимизда болаларимиз газни чет эллардан олтин нархида сотиб олмасликлари керак. Худди шу гапни, бизнинг пахта сиёсатимиз ҳақида ҳам айтишимиз мумкин. Тўғри, пахта бизнинг миллий бойлигимиз ва у давлатимизнинг ҳорижий валюталарни олиб келадиган стратегик соҳаларидан бири. Лекин пахта яккаҳокимлиги экологик муамоларни келтириб чиқариш билан биргаликда халқимизга ижтимоий ва давлатимизга иқтисодий юк бўлмаслиги керак. Агар пахта яккаҳокимлигидан кечиб (пахтачиликдан эмас, айнан пахта яккаҳокимлигидан), боғдорчилик ва бошқа сув кам истеъмол қилувчи ўсимликлар экишга ўтсак, бу бизни сув муамосидан холос этадиган бўлса ва халқимизнинг ишчи кучини бошқа фойдалироқ соҳаларга йўналтирадиган бўлса, бу борада ҳам “плюс” ва “минус”ларни тарозининг палласига қўйиб кўришимиз керак деб ўйлайман.

Қолган соҳалар ҳақида умумий.

Республикамизда бошланган ислоҳотлар ва ўзгаришлар мақтовга сазовор. Банк ва молия тизими борасида, Туризм соҳасида, Ахборот технологиялари, Уй-жой соҳаларидаги эълон қилинган қарор ва дастурлар давлатимизнинг тараққиётига ҳисса қўшиши шубҳасиз. Аммо бу соҳалар ривожланган бир пайтда сув, газ ва свет муаммоси ҳал бўлмайдиган бўлса, мазкур соҳаларни ривожлантириш учун сарфланган маблағ ва ҳаракатлар самарасиз кетиб қолиши мумкин. Масалан, ўзимга таниш бўлган туризм соҳасидан айтадиган бўлсам, бирон бир шаҳарда меҳмонхоналар, ресторанлар, бинолар, йўллар, вокзаллар ва аэропортларни қуриб, рекламалар бериб, ялиниб-ёлвориб қурумсоқ туристларни олиб келсангизда у ерда свет, газ ва сув йўқ бўлса, шунча сарфланган пулларингиз зое кетди деяверинг. Туризм асосан орзулар, ҳиссиётлар ва таасуротлар асосида ташкил қилинадиган соҳадир. Шундан келиб чиққан ҳолда, келган турист ёмон таасурот билан кетмаслигининг ҳаракатларини қилишимиз керак.
Банк ва молия тизими ҳам худди шундай. Свет бўлмаса, банкларда компьтерлар ишламайди ва инсонлар пулларини оломайдилар. Одамлар пулларини ололмасалар, бу иқтисодиёт, истеъмол тўхтади деганини билдиради.
Дунёда газ, сув ва свет муаммоси биздан ҳам ёмон аҳволда бўлган, лекин ушбу муаммоларни еча олган давлатлар бор. Масалан, Исроил ва Яқин шарқдаги араб давлатлари. Уларнинг айримларига дарёлардан деярли сув келмайди ва ерларининг остидан деярли сув чиқмайди. Бу дегани улар сувдан электр энергияси ола олмайдилар. Улар газ ва кўмир каби ҳом ашёларни четдан олиб келадилар. Шунга қарамасдан улар бор диққат ва эътиборларини ҳаётий зарур муаммоларига қаратган ҳолда сув ва энергия муаммоларини ҳал қилганлар ва ҳозирда ҳам ушбу муаммоларнинг келажакдаги ечимлари устида тинмай изланишдалар.
Бизда ҳам сув, газ ва электр энергияси соҳалари ҳаётий стратегик соҳалар деб давлат даражасида эълон қилиниши керак ва ушбу соҳага ҳисса қўшган инсонлар (олимлар, инженерлар, деҳқонлар, талабалар ва ҳоказолар) рағбатларнтирилишлари керак. Бундан ташқари мен юқорида айтиб ўтган давлатларнинг тажрибаларини ўргансак фойдадан ҳоли бўлмайди.

Хулоса.

Газ бор йилларида данғиллама уйлар қуриб олган ва ҳозирда битта кичкина хонасида печка ёқиб исинаётган инсонларни биламиз. Бу дегани инсонга пулдан ҳам, уй-жойдан ҳам жон шириндир. Ўзбекистоннинг иқлими, географик жойлашуви, иқтисодий-ижтимоий тузилиши ва яшаш тарзидан келиб чиқиб, ўзбек халқининг жони учун энг зарур учта нарса бу сув, газ ва электр энергияси ҳисобланади. Агар уларга шу учала маъдан берилса, колганини бизнесни ҳам, деҳқончиликни ҳам, бошқасини ҳам ўзлари эплайдилар. Албатта сув, газ ва электр энергиясининг исроф қилинмаслиги учун механизмлар яратилиши зарур бўлади.
Мана шу муаммолар ҳал бўлгандан кейин қўрқмасдан Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ хўжалиги, Пиллачилик, Туризм, Транспорт, Йўл, Таълим, Фан, Банк ва молия ва ҳоказо соҳаларнинг ривожига бел боғласак бўлади. Шу сабабдан, мен Шавкат Мирзиёевга олдида турган президентлик муддатини муваффақиятли бошқаришини тилаган ҳолда, мазкур муамоларга алоҳида эътибор қаратишларини сўраб қоламан. Майли, бу муаммолар бир ёки икки йилда ҳал бўлмасин. Лекин ҳеч бўлмаса, орадан беш йил ўтиб президентлик муддати ўз якунига етганда Ўзбекистон халқидан “уйингда газ, сув, свет борми?” деб сўрагалганда, 100% “ҳа” деб жавоб берсалар, менимча дунёда бизнинг халқдан бахтли инсонлар топилмаса керак деб ўйлайман.

Дониёр Рўзметов


Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.