Атамбаев Шавкат Мирзиёев билан учрашувда муҳокама қилишни режалаштирган асосий мавзусини айтди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Атамбаев Шавкат Мирзиёев билан учрашувда муҳокама қилишни режалаштирган асосий мавзусини айтди

Атамбаев Шавкат Мирзиёев билан учрашувда муҳокама қилишни режалаштирган асосий мавзусини айтди

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида Хитойдан Форс кўрфазига олиб борувчи темир йўл қурилиши истиқболлари муҳокама қилинади. Бу ҳақда «Интерфакс»га асосланиб «Kun.uz» сайти хабар берган.

«Қирғизистон ва Эрон манфаатларидан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Эрон бўйлаб ўтувчи темир йўл қурилиши масаласини муҳокама этиш менинг Ўзбекистон ва Хитойга амалга оширадиган ташрифларимдаги асосий мавзу бўлади», деган Атамбаев Эрон президенти Ҳасан Руҳоний билан учрашувидан кейин ўтказилган брифинг вақтида.

Ўз навбатида Руҳоний ҳам Эрон томони ушбу темир йўл қурилиши ташаббусини тўла қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

«Бу нафақат бизнинг мамлакатимиз, балки бутун минтақа давлатлари манфаатлари учун лойиҳадир», – деган Эрон президенти. У ўз мамлакати бу лойиҳани техник томондан қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилган.

Хитойдан Форс кўрфазигача олиб борувчи бу темир йўл қурилган тақдирда Марказий Осиё мамлакатлари денгизга тўғридан-тўғри чиқиши мумкин бўлади. Қирғизистон томони маълумотига кўра, ушбу йўлнинг йиллик юк ташиш ҳажми 15-20 миллион тоннани ташкил қилади.

Жорий йилнинг 13 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири ўринбосари Бахтиёр Абдусаматов Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар вазирлари кенгашида Ўзбекистон Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилишини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Қирғизистон раҳбари 24 декабрь куни Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.

Ташриф доирасида Атамбаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув ўтказади, томонлар икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади.

Учрашув Самарқандда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Атамбаев, шунингдек, Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилишни режалаштирмоқда.

У 2017 йилнинг январи бошида Хитойга боради.



Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.