Ягона порталда бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш хизмати ишга туширилди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Ягона порталда бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш хизмати ишга туширилди

Ягона порталда бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш хизмати ишга туширилди

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни (фасадини таъмирлашни) келишиш янги интерактив давлат хизмати ишга туширилди. Хизмат Ўзбекистон Республикаси Давлат Архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйича жисмоний ва юридик шахслар учун тақдим этилади.

Ушбу хизматдан фойдаланиш жараёнида бино ва иншоот фасадининг эскиз лойиҳасини электрон шаклда юбориш лозим. Аризани рўйхатга олган кундан бошлаб, 5 иш куни мобайнида инспектор кўрсатилган манзилга объектни ўрганиш учун боради.

Ушбу хизматнинг натижаси бўлиб, бино ва иншоот фасадининг эскиз лойиҳасини тасдиқлаш ҳақида хабарни олиш (1 иш куни муддатида) ҳисобланади. Эслатиб ўтамиз, аризачи томонидан тақдим этилган бино ва иншоот фасадининг эскиз лойиҳаси талабларга жавоб бермаса, шунингдек бино ва ишоотларни ўрганиш натижасидан келиб чиқиб асосланган салбий хулоса хизматни олишда рад этилишининг сабаби бўлиши мумкин.

Ваколатли орган томонидан бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Шаҳарсозлик фаолияти ва қишлоқ хўжалигидан бошқа эҳтиёжлар учун ер участкалари беришнинг, бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни (фасадини таъмирлашни) келишишнинг, шунингдек объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга, турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсатномалар беришнинг умумий белгиланган тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2016 йил 9 мартдаги 70-сон қарорига биноан йиғим ундирилмайди.



Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.