Ўзбекистонда бизнесни режадан ташқари текширишнинг барча турлари бекор қилинди

  • Узбекистон
  • 3-01-2017, 14:04
  • 915
  • Ўзбекистонда бизнесни режадан ташқари текширишнинг барча турлари бекор қилинди

    Ўзбекистонда 2017 йилнинг 1 январидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишнинг (юридик шахснинг четлатилишидан ташқари) барча турлари бекор қилинди.

    Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг 2016 йил 29 декабридаги «Тадбиркорлик фаолиятининг тезкорлик билан ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ҳамда ишбилармонлик муҳитини сифатли такомиллаштириш мақсадида қўшимча чора-тадбирлар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг баъзи қонунчилик ҳужжатларига ўзгаришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 418-сонли қонунига мувофиқ мамлакатнинг Солиқ кодексига солиқ текширувларини ўтказиш тартибига доир ўзгаришлар ва қўшимчалар киритилди, деб ёзади Kun.uz.

    Кодексдаги ўзгаришлар 2017 йилнинг 1 январидан кучга кирди. Янги таҳрирга кўра, солиқ тўловчиларга нисбатан икки турдаги солиқ текшируви ўтказилади: режага мувофиқ ва режадан ташқари.

    Режага мувофиқ ўтказиладиган текширувлар – назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланган текширувлар режаси асосида ўтказиладиган текширувлар.

    Режадан ташқари текширувлар – юридик шахснинг четлатилиши, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилишига доир мурожаатлари асосида, назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли орган қарори билан ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар.

    Шунингдек режадан ташқари солиқ текширувларини ўтказиш асосларига муайян тўғирлашлар киритилган.

    Бундан ташқари, Солиқ кодексига жавоб текширувларнинг бекор қилиниши билан боғлиқ таҳрирлар ҳам киритилган.

    Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев октябрь ойида Тошкент шаҳрида тадбиркорлар олдида чиқиш қиларкан, турли сабаблар билан ўтказилган ва аксарият ҳолларда асоссиз бўлган текширувлар мамлакатдаги бизнес ривожига салбий таъсир кўрсатганини тан олди.

    РИА Новости’нинг ДСҚ маълумотларига асосан хабар беришича, Ўзбекистонда ҳар йили ўртача 4 минг режадан ташқари текширувлар ўтказилган бўлиб, тахминан 200 корхонанинг фаолияти тўхтатилган. Бундан келган умумий зарар эса йилига деярли 10 миллион долларни ташкил қилган.

    Парпиев эндиликда солиқ органлари ходимларининг фармонни ижро этишларини шахсан назоратга олиши, ҳужжатларни прокуратурага юбориши ва қонун бузилишига йўл қўйганларга нисбатан жиноий иш қўзғатилишини талаб қилиши ҳақида маълум қилган.

    Спутник нашрининг республика Бош прокуратураси маълумотларига асосан хабар беришича, 2015 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тахминан 100 ходими тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашгани учун жавобгарликка тортилган.