Академиклар ойлик гонорар оладиган бўлди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Академиклар ойлик гонорар оладиган бўлди

Узбекистон 4-01-2017, 00:20 943
Академиклар ойлик гонорар оладиган бўлди

1 январдан эътиборан Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари даромад солиғига тортилмайдиган, энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробари (1,5 миллион сўм атрофида) миқдоридаги ойлик гонорар олади. Бу Президентнинг 29 декабрдаги махсус фармонида кўзда тутилган. Бу ҳақда «Газета.uz»га таяниб «Дарё» хабар бермоқда.

Ҳужжатга кўра, бундан буён ФА ҳақиқий аъзоларини тасдиқлашни мамлакат Президенти президиум ҳамда тегишли илмий мутахассисликлар бўйича ҳақиқий аъзолар тавсиясига кўра амалга оширади.

Бундан ташқари, тегишли вазирлик ва идораларга бир ой мухлат ичида ФА ҳақиқий аъзоларини илмий-маърифий ва ишлаб чиқариш жараёнларига фаол жалб қилиш, уларнинг фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштиришдаги ролини кучайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш топширилди.

Шунингдек, ФА ҳақиқий аъзоларининг илмий-маърифий муассасаларда ҳамда саноат корхоналарида самарали меҳнат қилиши учун зарур шароитларни яратиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Академикларни рағбатлантириш йўллари сифатида уларни ҳар йили Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари санатория-соғломлаштириш муассасаларида, шунингдек, Ялта ва Кисловодскдаги «Ўзбекистон» санаторияларида бепул соғломлаштириш кўзда тутилган.


Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.