Давлат рақобат қўмитаси шакар нархи пасайиши бўйича чоралар кўрди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Давлат рақобат қўмитаси шакар нархи пасайиши бўйича чоралар кўрди

Узбекистон 23-04-2015, 13:15 3 072
Давлат рақобат қўмитаси шакар нархи пасайиши бўйича чоралар кўрди

Жорий йилнинг 15 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида «Хоразм шакар» АЖ ҚК ва «Ангрен шакар» МЧЖ ХК вакиллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда республика бозорларидаги шакар маҳсулоти нархи устидан олиб борилган мониторинг натижалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда қўмита расмий сайти'га асосланмб «Дарё» нашри хабар бермоқда.

Йиғилишда таъкидланишича, Қўмита томонидан доимий равишда амалга ошириб келинаётган мониторинг натижасида, жорий йилнинг январь ойидан эътиборан, шакарнинг нархи чакана савдо шахобчаларида 2900—3200 сўмни ташкил этган, бунда шакарнинг декларацияланган нархи 2298 сўмни ва ўртача биржа нархи 2413 сўм бўлган.

Бироқ, жорий йилнинг 9 апрелидан 14 апрелигача шакарнинг чакана нархи 3500 сўмдан 4000 сўмгача кўтарилган.

Ушбу вазият юзасидан шакар ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари томонидан қуйидаги маълумотлар келтирилди, яъни жорий йилнинг январь—апрель ойларида шакар сотилишининг ўсиш суръати ўтган 2014 йилнинг худди шу даврига нисбатан 170 фоизни, апрель ойида эса 135 фоизни ташкил этган. Бундан ташқари, шакар ишлаб чиқариш учун етказиб берилган хом-ашё жорий йилнинг апрель ойида ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 2 маротаба кўп бўлган. Шунингдек, шакар ишлаб чиқарувчи заводлар томонидан истеъмолчиларга чекланмаган ҳажмларда шакар етказиб бериш амалга оширилган.

Йиғилишда таъкидланганидек, шакар маҳсулотининг чакана нархининг ошишига баъзи бир инсофсиз улгуржи ва чакана етказиб берувчилар томонидан пишиқчилик мавсуми яқинлашгани сабабли сунъий тақчилликни келтириб чиқариши ҳамда 2014 йилнинг май июль ойларида ҳам шакар нархини ошиши кузатилгани сабабли, аҳоли томонидан меъёридан кўп шакар сотиб олинишига бўлган уринишлари сабаб бўлган.

Шакар маҳсулотининг чакана нархини ошиб кетишига йўл қўймаслик, маҳсулот тақчиллигини юзага келтирмаслик мақсадида, «Хоразм шакар» АЖ ҚК ва «Ангрен шакар» МЧЖ ХК томонидан шакар маҳсулотини ишлаб чиқариш хажмларини ошириш ва мавсумий талабдан келиб чиққан ҳолда шакарни етарли ҳажмларда этказиб беришга тайёр эканликлари маълум қилинди.

Таъкидлаш жоизки, кўрилган чоралар натижасида бозор ва дўконларда 1 кг шакарнинг нархи барқарор равишда 2900−3200 сўмни ташкил этмоқда.
loading...


Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.