21:47 / 10.02.2017
7 884

Шавкат Мирзиёев: “Халқимиз балиқни луқмаи ҳалол деб аташида катта ҳикмат бор"

Шавкат Мирзиёев: “Халқимиз балиқни луқмаи ҳалол деб аташида катта ҳикмат бор"

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 10 февраль куни Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Термиз туманида ташкил этиладиган балиқчилик комплекси лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Бугунги кунда Сурхондарё вилоятида 186 балиқчилик хўжалиги фаолият юритмоқда. Энди уларнинг сафига “Термиз агро фиш экспорт” агрофирмаси ҳам қўшилади.

Бу ерда балиқ етиштириш билан бирга балиқ озуқаларини ишлаб чиқариш, вилоятда етиштириладиган балиқ маҳсулотларини экспортга йўналтириш ишлари ҳам амалга оширилади.

Корхонада Вьетнам технологияси асосида Африка лаққаси, карп каби балиқлар етиштирилади. Сувни мунтазам тозалаб беришга асосланган ушбу технология балиқ етиштириш самарадорлигини беш баробарга ошириши билан аҳамиятлидир. Комлексда 500 тонна балиқни қайта ишлаш, 105 иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган.

“Халқимиз балиқни луқмаи ҳалол деб аташида катта ҳикмат бор. Унинг таркибида инсон саломатлиги учун жуда муҳим бўлган элементлар, витаминлар мавжуд.

Сурхондарё балиқчилик билан шуғулланиш учун зарур табиий иқлим, сув захираларига эга. Бундан унумли фойдаланиш, ушбу тармоқни янада ривожлантириш учун махсус дастур ишлаб чиқиш керак. Балиқчиликни чуқур биладиган мутахассислар тайёрлаш мақсадга мувофиқдир”, дейди Президент.

Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш лойиҳаси билан танишди.

Лойиҳада вилоятдаги гидротехника иншоотлари, канал ва бошқа сув тармоқларини реконструкция қилиш, янгиларини қуришга қаратилган 122,7 миллион долларлик чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Унинг 89,5 миллион доллари Ислом тараққиёт банкининг кредити ҳисобига қопланади. Натижада вилоятнинг Шеробод, Сариосиё, Денов, Олтинсой, Шўрчи, Бойсун, Қумқўрғон туманларидаги 103,5 минг гектар майдонда сув таъминоти яхшиланади.

Президент Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси кенгашига қарашли “Термиз марвариди санаторияси” масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишди.

Учқизил сув омбори бўйидаги баҳаво ҳудудда жойлашган 140 ўринли ушбу сиҳатгоҳда беморлар физиотерапия ва маъданли сув, қум ва қуёш нурлари орқали даволанади.

Бугунги кунда 80 ўринли сиҳатгоҳ биноси тўлиқ реконструкция қилинди. Кейинги босқичда 60 ўринли янги бино қуриш ва уни замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш, қозонхоналарни модернизациялаш, ҳудудда болалар майдончаси, футбол, волейбол, баскетбол, қўл тўпи ва бошқа спорт турлари билан шуғулланишга мўлжалланган стадион ва майдончалар барпо этиш режалаштирилган.

Давлат раҳбари мутасаддиларга мазкур ҳудудда дам олиш комплекси қуриш бўйича зарур топшириқлар берди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев: “Халқимиз балиқни луқмаи ҳалол деб аташида катта ҳикмат бор"