23:33 / 24.03.2017
6 566

Шавкат Мирзиёев Исроил билан сиёсий мулоқот ривожлантирилишини таъкидлаб ўтди

Шавкат Мирзиёев Исроил билан сиёсий мулоқот ривожлантирилишини таъкидлаб ўтди
Ўзбекистон Республикаси билан Исроил Давлати ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Исроил Президенти Реувин Ривлин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга табрик йўллади деб ёзади Kun.uz. Унда, жумладан, «Ўтган 25 йил давомида мамалакатларимиз ўртасида шаклланган яхши муносабатлар Бизни Исроилда жуда қувонтиради ва фахрлантиради. Исроил дўст мамлакат Ўзбекистонни қатор соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича ўзининг муҳим шериги ҳисоблайди. Ушбу ҳамкорлик мамлакатларимизга улкан фойда келтиради деб ҳисоблайман», – дейилади.

Исроил Президенти икки мамлакат ўртасида «маданий ва сиёсий алоқаларнинг аҳамиятли ва самимий кўприги» шаклланишида Ўзбекистондаги Бухоро, Самарқанд ва Тошкент, шунингдек, мамлакатда истиқомат қилган ва ҳозирда Исроил фуқароси ҳисобланадиган яҳудий жамоаларининг узоқ ва бой тарихи ролини алоҳида эътироф этди.

Реувен Ривлин Ўзбекистон Президентини «икки томонни ҳам ташвишга соладиган ва қизиқтирган масалаларни муҳокама қилиш ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги яхши муносабатлар ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш» учун Исроилга давлат ташрифи билан келишга таклиф этди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мактубида «Биз ўзбек халқига самимий ва чуқур ҳурмат ҳиссини сақлаб келаётган асли Ўзбекистондан чиққан ва Исроилда яшаётган кишиларнинг бизнинг мамлакат билан алоқаларни узмай келаётганларини ҳамда икки томонлама ҳамкорликни изчил мустаҳкамлашга кўмаклашаётганларини юқори баҳолаймиз», – дейилади.

Ўзбекистон Президенти «25 йил давомида томонларнинг изчил саъй-ҳаракатлари натижасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган узоқ муддатли ва кўп қиррали ҳамкорликни йўлга қўйишга эришилганидан» мамнунлигини изҳор этди.

Давлат раҳбари «доимий ва самарали сиёсий мулоқотни ривожлантириш, табиий бойликларни тежайдиган ва энергетик жиҳатдан самарадор технологияларни жорий қилиш, мева ва сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, озиқ-овқат тармоқлари, тиббиёт ва фармацевтика, туризм соҳаларидаги ва бошқа кўплаб йўналишлардаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатлари йўлидаги икки томонлама муносабатларимизни мустаҳкамлашга кўмаклашади», – деб қайд этди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев Исроил билан сиёсий мулоқот ривожлантирилишини таъкидлаб ўтди