Ўзбекистон Маданият вазирлиги 11 нафар маданият ходимига янги уй калитларини топширди

  • Узбекистон
  • 3-04-2017, 22:05
  • 588
  • Ўзбекистон Маданият вазирлигининг тизим ташкилотлари ходимлари оилаларига мўлжалланган 11 хонадоннинг калитлари ўз эгаларига топширилди. Бу ҳақда Маданият вазирлигининг ахборот хизматига таяниб Дарё.уз хабар бермоқда.
    Ўзбекистон Маданият вазирлиги 11 нафар маданият ходимига янги уй калитларини топширди
    Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ҳамда Ўзбекистон Бадиий жамоалари ижодий бирлашмаси ходимларига Юнусобод туманининг 17-мавзесидан хоналари сони биттадан тўрттагача бўлган бепул турар жойлар ажратилди.

    Янги уйлар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри дирижёри Бобомурод Худойқулов, балет артистлари Улуғбек Олимов, Замир Фазлутов, Нодира Ҳамроева, директор ўринбосари Ойбек Баҳодиров, опера солистлари Рустам Алимардонов, Носир Юсупов, Маъсума Болтабоева, Ширин Маматова, «Тумор» рақс ансамбли бош балетмейстери Чарос Жўрабоева, Ўзбекистон Бадиий жамоалари ижодий бирлашмасидан эса »Наврўз» ашула ва рақс ансамбли бадиий раҳбари Зарина Аҳмедовага тақдим этилди.

    «Хизмат уйлари берилишида ходимларнинг меҳнат жамоаларидаги фаолияти, яшаш шароитлари, фуқаролар йиғини, иш жойларидан тақдим этилган тавсияномалар ҳамда бошқа барча ҳолатлар инобатга олинди», — дейилади вазирлик ахборотида.

    Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 15 февралдаги фармонига мувофиқ, Маданият вазирлиги ташкил этилган эди. 24 февраль куни Маҳмуд Муратов маданият вазири этиб тайинлангани маълум бўлди. Бунгача у Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрига директорлик қилиб келаётган эди.