14:21 / 15.04.2017
6 940

Самарқандда трамвайлар ҳаракати бошланди (Фото)

Самарқандда трамвайлар ҳаракати бошланди (Фото)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 февральдаги «Самарқанд шаҳрида трамвай линияларини қуриш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПҚ-2748 сонли қарори ижросига мувофиқ, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан Самарқанд шаҳрида умумий узунлиги 34,8 км ни ташкил этадиган трамвай йўллари босқичма-босқич қурилмоқда.

Ушбу лойиҳанинг биринчи босқичида қурилаётган трамвай йўлининг умумий узунлиги 11,4 км.ни ташкил этиб, бугунги кунда 7,2 км бўлган трамвай йўлининг биринчи қисми қурилиши тўлиқ якунланди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ахборот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни билан яқиндан танишиш мақсадида Самарқанга қилган ташрифи давомида, ушбу қурилган янги трамвай йўлини ҳам бориб кўрди.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Акбар Шукуров, қисқа даврда қуриб фойдаланишга топширилган мазкур трамвай йўлининг биринчи босқичида қилинган ишлар ва лойиҳанинг иккинчи босқичи хусусида кенг маълумотлар берди.

Қурилишнинг кейинги қисми темирйўл вокзалидан Сиёб бозоригача бўлган йўналишда, яъни узунлиги 5 км бўлган трамвай йўли қуриш ишлари давом этмоқда. Ушбу йўналишда 1 км трамвай йўли қурилди ва Рудакий ҳамда Гагарин кўчалари кесишмасида трамвайларга техник хизмат кўрсатиш депоси бунёд қилинмоқда.

Трамвайларга электр энергияси етказиб беришда, шаҳар аҳолиси ва корхоналарига етказиб берилаётган электр энергиясига салбий таъсир қилмаслигини таъминлаш учун 4 та махсус электр подстанциялари қурилди.

Янги трамвай йўналиши бўйича ҳаракат графиги ишлаб чиқилди. Унга кўра, трамвайлар эрталаб соат 06:00 дан кечқурин 23:00 гача ҳаракатланади. Темир йўл вокзалидан Саттепо массивигача трамвай линиясида икки томонлама 4 тадан жами 8 та трамвай ҳар 7 дақиқада ҳаракатланади. Трамвай йўлининг икки тарафидан автобус бекатлари билан бирлаштирилган 13 тадан жами 26 та замонавий бекатлар қурилган.

Лойиҳанинг кейинги босқичида қуриладиган Трамвай йўлининг умумий узунлиги 23,4 км.ни ташкил этиб, қурилиш «Самарқанд» темир йўл вокзалидан Спитамен кўчаси орқали Кимёгарлар шаҳарчаси ҳамда вокзалдан Нарпай кўчаси орқали Кимёгарлар шаҳарчасигача бўлган йўналишларни қамраб олади.

Янги трамвай йўлини қуриш баробарида, кадрлар маcаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айрим трамвай ҳайдовчилари илгари Тошкент шаҳрида ҳаракатланган трамвайларда фаолият кўрсатишган, яхши тажрибага эга. Улар билан биргаликда 20 нафардан ортиқ ёш трамвай ҳайдовчилар ҳамда трамвай линиясига хизмат қиладиган мутахассислар, жами 43 нафар фуқаро ишга қабул қилинди.

Самарқанд трамвай депоси қошида Республика Ички ишлари вазирлигининг тегишли рухсатномаси олиниб, трамвай ҳайдовчиларини тайёрлаш маркази ташкил этилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Самарқандда трамвайлар ҳаракати бошланди (Фото)