10:03 / 05.05.2017
8 205

Мирзиёев фармони билан фармацевтика соҳасида 7 та янги эркин иқтисодий зона ташкил этилади

Мирзиёев фармони билан фармацевтика соҳасида 7 та янги эркин иқтисодий зона ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Бу ҳақда Кун нашри хабар қилмоқда.

Республикамизнинг фармацевтика тармоғини ривожлантиришга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни фаол жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, доривор ўсимликлар хомашёсини етиштиришнинг ноёб шароитларини инобатга олган ҳолда маҳаллий доривор воситалар бозорини ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли дори воситалари билан тўлдириш, уларни чуқур қайта ишлаш ҳамда юқори қўшилган қийматли фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш асосида янги иш ўринларини яратиш ва республикамиз аҳолиси даромадларини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, “Ўзфармсаноат” ДАК, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятлари ҳокимликларининг “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини (кейинги ўринларда “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

доривор ўсимликлар хомашёсини ўзига хос табиий шароитларда етиштириш ва кейинчалик қайта ишлаш борасида Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятларидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаш;

юқори қўшилган қийматли замонавий фармацевтика маҳсулотлари ва дори воситаларини ишлаб чиқаришни, биринчи навбатда белгиланган тартибда ташкил этилган плантацияларда етиштирилган доривор моддалар (субстанциялар) ҳамда доривор ўсимликлар хомашёси негизида ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш;

доривор ўсимликлар хомашёсини қайта ишлаш ва дори воситалари, тиббиёт буюмлари, ёрдамчи ва қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш бўйича янги замонавий ишлаб чиқариш ва қувватларни ташкил этиш;

мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ва эркин иқтисодий зоналар ташкилотлари ҳамда республикамизнинг бошқа корхоналари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш асосида маҳаллий доривор ўсимликлар хомашёси ва материаллари негизида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш;

доривор ўсимликлар хомашёси интродукция ва культивациясини ўрганиш бўйича тажриба-экспериментал лабораториялари бўлган илмий-тадқиқот марказлари ташкил этиш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

“Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати, кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади;

фаолият кўрсатиш муддати мобайнида “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗ ҳудудларида алоҳида солиқ, божхона ва валюта режимлари амал қилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗ дирекцияларини ташкил қилсин ҳамда “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗ дирекцияларининг низомларини тасдиқлаган ҳолда улар фаолиятини ташкил этиш бўйича қарор қабул қилсин.

5. Эркин иқтисодий зоналар Маъмурий кенгашининг янгиланган таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Эркин иқтисодий зоналарнинг янгиланган Маъмурий кенгашига “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗга нисбатан бошқарув функциялари юклансин.

6. Янги ташкил этилаётган “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗга фаолиятини ташкил этиш комиссияси 2-иловага мувофиқ тузилсин.

Янги ташкил этилаётган иқтисодий зоналар фаолиятини ташкил этиш комиссияси зиммасига ушбу Фармонда назарда тутилган Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан юқори қўшилган қийматли фармацевтика маҳсулотлари ва дори воситалари ишлаб чиқаришда самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишни мувофиқлаштириш вазифаси юклансин.

7. Фармацевтика маҳсулотлари ва дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ташкил қилиш борасидаги барча ишларни бажаришда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ҳудудий ишчи гуруҳлар 2а-иловага мувофиқ намунавий таркибда тузилсин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятлари ҳокимликлари бир ой муддатда белгиланган тартибда:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗ таркибига киритиш учун ташқи муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмаси билан яхши таъминланганлигини ҳисобга олган ҳолда ер участкалари чегаралари белгиланишини ва уларнинг ажратилишини;

ер участкаларини аниқлаш ва кейинчалик уларни доривор ўсимликлар хомашёси етиштириш бўйича плантациялар ташкил қилиш учун берилишини таъминласин.

9. “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗ қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 октябрдаги ПФ-4853-сонли "Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонининг 3, 4 ва 5-бандлари қоидалари татбиқ этилсин.

10. “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗ дирекциялари эркин иқтисодий зоналарнинг бутун фаолият кўрсатиши даврида солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинсин.

11. “Ўзфармсаноат” ДАК, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗ ҳудудларида саноат плантациялари ташкил этиш ва чуқур қайта ишланадиган дори воситалари ҳамда биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқаришга тавсия этилаётган доривор ўсимликлар рўйхатини ташкил этиш бўйича мақсадли Дастурни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун эркин иқтисодий зоналарнинг Маъмурий кенгашига киритсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент фармацевтика институти билан биргаликда “Ўзфармсаноат” ДАКга ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларга вилоятларнинг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда саноат плантациялари ташкил қилиш учун доривор ўсимлик турлари рўйхатини, шунингдек, маҳаллий доривор ўсимликлар хомашёсидан фойдаланган ҳолда доривор моддалар (субстанциялар) ва дори воситалари ишлаб чиқиш соҳасидаги янги илмий тадқиқотлар натижаларини тизимли равишда тақдим этсин.

13. “Ўзфармсаноат” ДАК Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятлари ҳокимликлари, инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари билан биргаликда икки ой муддатда “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗ ҳудудларида амалга оширилиши таклиф қилинаётган инвестиция лойиҳалари рўйхатини шакллантирсин ва тасдиқлаш учун эркин иқтисодий зоналарнинг Маъмурий кенгашига киритсин.

14. “Асака” АТБ ва бошқа тижорат банкларига:

“Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗ ҳудудларида амалга ошириш таклиф этилаётган инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун, шунингдек, доривор ўсимликлар хомашёсини етиштириш бўйича плантациялар ташкил этиш учун хўжалик юритувчи субъектлар ва фермер хўжаликларига ўз маблағлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолати берилмаган ҳолда жалб этилган хорижий кредит линиялари ҳисобига кредитлар ажратиш;

гаров таъминоти етарли бўлмаган ёки мавжуд бўлмаган ҳолларда инвестиция лойиҳалари ташаббускорларига технологик ускуналар лизинг асосида етказиб берилишини таъминлаш тавсия этилсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АК, “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗ ҳудудларини, шунингдек, уларнинг иштирокчиларининг ишлаб чиқариш майдонларини тегишли ташқи муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмаси билан кафолатли таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “Ўзфармсаноат” ДАК, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АК, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗ ҳудудларида йўл-транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастурини уч ой муддатда тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда ҳар йили келгуси йилга Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастури параметрларини шакллантиришда “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗнинг транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун эркин иқтисодий зоналарнинг ўрнатилган тартибда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бош режалари асосида капитал қўйилмалар лимитларини ҳамда зарур марказлаштирилган инвестициялар ажратилишини назарда тутсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятлари ҳокимликларининг тегишли равишда “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияларини “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗнинг бош режаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича буюртмачи этиб;

“ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУКни “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ ва “Бойсун-фарм” ЭИЗнинг бош режаларини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳалаш ташкилоти этиб;

“ТошкентбошпланЛИТИ” ДУКни “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗнинг бош режасини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳалаш ташкилоти этиб белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

18. “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК ва “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК уч ой муддатда “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗнинг бош режаларини ишлаб чиқсин ҳамда эркин иқтисодий зоналарнинг Маъмурий кенгаши билан келишган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритсин.

19. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗ ҳудудларида логистика марказлари ҳамда божхона постлари ташкил этиш юзасидан бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

20. “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗ ҳудудларида ёввойи ўсимликлардан тайёр фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни амалга оширган ёки ёввойи ўсимликлардан тайёр фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш иштирокчилари, “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗ билан тузилган шартномалари бўлган юридик ва жисмоний шахслар "Қизил китоб"га киритилмаган ҳамда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланадиган ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликлар рўйхатига киритилган ёввойи ўсадиган ўсимликлар тайёрлагани (тўплагани) учун ундириладиган тўлов табиий муҳитдан олинган ёввойи ўсимликлар (яланғоч қизилмиядан ташқари)га белгиланган тўловларнинг 50 фоизи миқдорида белгилансин.

21. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги ПФ-4931-сонли “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони 5-бандининг биринчи хатбоши ҳамда 1-иловаси ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин.

22. “Ўзфармсаноат” ДАК Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташқи савдо вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

23. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Мирзиёев фармони билан фармацевтика соҳасида 7 та янги эркин иқтисодий зона ташкил этилади