08:38 / 24.08.2017
6 886

1000 долларгача бўлган давлат харидлари энди тўғридан-тўғри шартнома орқали амалга оширилади

1000 долларгача бўлган давлат харидлари энди тўғридан-тўғри шартнома орқали амалга оширилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Товарлар (ишлар, хизматлар) нинг давлат ва корпоратив харидларини амалга оширишнинг замонавий шакл ва услубларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3237-сонли қарори қабул қилинди.

Ўтказилган таҳлил шуни кўрсатдики, давлат ва корпоратив харидларнинг ҳамда тендер савдоларини ташкил этишнинг амалдаги тартиби замонавий талабларга жавоб бермайди, турли хил коррупция кўринишлари учун шароит яратадиган кўплаб келишиш жараёнлари, бир-бирини такрорлайдиган тартиб-таомиллар ва сансалорлик ҳолатларининг мавжудлиги сабабли жуда мураккаб ҳисобланади, дейилади қарор матнида.

Қарорга кўра ўрнатилаётган янги тартибга асосан 2018 йил 1 январга қадар товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлари қуйидаги эквивалентларга мувофиқ, яъни:

1 минг АҚШ долларидан кам бўлган битта контракт — нархи, сифати ва товарлар (ишлар, хизматлар)ни етказиб бериш муддатлари бўйича энг мақбул келадиган шартларни таклиф қилган етказиб берувчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали;

1 мингдан 100 минг АҚШ долларигача бўлган битта контракт — буюртмачи тузадиган идоравий танлов комиссиялари томонидан баҳоланадиган энг мақбул таклифларни танлаб олиш орқали;

100 минг АҚШ долларидан юқори миқдордаги битта контракт — буюртмачи томонидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «ЎзИнжиниринг» Республика лойиҳа институти, шунингдек, буюртмачининг тармоқ илмий-техник кенгашларининг вакилларини мажбурий жалб этган ҳолда тузиладиган идоралараро танлов (тендер) комиссиялари ташкил этадиган танлов (тендер) савдоларини ўтказиш орқали амалга оширилади. Мазкур харидлар бўйича техник шартлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишилган бўлиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ўзбекистон Республикасининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида давлат ва корпоратив харидларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланади ва Ресурслар ягона миллий маълумотномаси ва Давлат харидлари ягона ахборот портали яратилиши ҳамда 2018 йил 1 январдан ишга туширилишини таъминлайди.


Манба: Kun.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » 1000 долларгача бўлган давлат харидлари энди тўғридан-тўғри шартнома орқали амалга оширилади