07:00 / 03.10.2017
6 444

Қирғизистон билан чегарадаги яна бир чегара пости очилди

Қирғизистон билан чегарадаги яна бир чегара пости очилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5–6 сентябрь кунлари Қирғизистонга ташрифи доирасида икки давлат ўртасида эришилган келишувларнинг амалий ифодаси сифатида икки мамлакатни боғлаб турувчи чегара постларининг аҳоли вакиллари учун очилмоқда.

Андижон вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги «Маданият» чегара божхона пости очилиши билан бир вақтда Фарғона вилояти «Водил» чегара пости фаолияти ҳам қайта тикланган.

«Қирғизистон билан 447,4 километрлик чегара ҳудудига эга Фарғона вилояти учун чегара муносабатлари ғоят муҳим стратегик аҳамиятга эга. Сўх ҳамда Фарғона туманларининг Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқлари аҳолиси учун қўшни давлатга борди-келди қилиш бирмунча оғриқли масалага айланиб қолган эди. Президентимизнинг ушбу ташрифи чоғида азалдан ёнма-ён яшаб, бир ариқдан сув ичган, қуда-анда бўлиб кетган, қадрият ва анъаналари, ҳатто орзу-мақсадлари муштарак икки халқнинг аҳиллигига соя ташлаётган муаммоларни ижобий ҳал этишга эришилгани ўзбек-қирғиз халқлари дўстлиги, жипслиги ва ҳамжиҳатлиги йўлидаги муҳим тарихий воқеа бўлди.

Икки қардош халқ вакилларининг мазкур учрашуви ҳам катта шодиёнага айланиб кетди. Унда Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, мамлакатимизда истиқомат қилаётган қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз, кенг жамоатчилик, ёшлар иштирок этди», дейилган ЎзА хабарида.

Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев, Боткен вилояти губернатори А.Холмурзаев ва бошқалар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар кенгайиб бораётгани, хусусан, чегара ҳудудларида кўплаб муаммолар амалий ҳал этилаётганини таъкидлашган.

«Қирғизистоннинг Қадамжой тумани Учқўрғон қишлоғида туғилганман, жигарларим, қариндошларим ўша ёқда. Қишлоғимга бориш, яқинларим билан учрашишда турли қийинчиликлар мавжуд эди. Тўй-маъракаларида ҳам ёнларида бўлолмадим. «Водил» чегара пунктининг очилиши, ортиқча расмиятчиликларнинг бекор қилинганидан жуда хурсандмиз. Халқимизнинг дардини тинглаётган, оғирини енгил қилаётган Президентимиздан беҳад миннатдормиз», – дейди Тошлоқ туманидаги 16-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Насиба Жўраева.

«Халқларимиз азалдан бир ариқдан сув ичиб, қуда-анда бўлиб, аҳил яшаган. Бугун уларнинг шодликларини кўриб, чегара очилгани ростдан ҳам улкан воқеа бўлганини ҳис этдим. Мана бундай учрашувлар, борди-келдилар йўлга қўйилгани дўстлигимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади», – дейди Боткен вилояти Қадамжой тумани ҳокими ўринбосари Тўхтахон Илясова.

«Қишлоғимиз ўзининг сўлим табиати, тоза ҳавоси ва зиёратгоҳлари билан ном қозонган. Бу ерда туризмни ривожлантириш учун ҳам катта имконият мавжуд. Лекин чегарадаги муаммолар сабаб қишлоғимизга келувчилар йўқ ҳисоби эди. Мана энди тўсиқлар олиб ташланди. Туризмни ривожлантириш имконияти кенгайди», – дейди «Шоҳимардон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустамжон Тожибоев.

Учрашувда бадиий жамоалар, ёш санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Қирғизистон билан чегарадаги яна бир чегара пости очилди