14:08 / 15.12.2017
9 871

Текстил компаниялари ягона Uztextile бренди остида маҳсулот чиқаради – Президент фармони

Текстил компаниялари ягона Uztextile бренди остида маҳсулот чиқаради – Президент фармони
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди, деб ёзмоқда Кун.уз нашри.

Фармонда мамлакат тўқимачилик саноатининг изчил ривожланишига тўсиқ бўлаётган қатор тизимли муаммолар санаб берилган.

Республика тўқимачилик саноатининг жадал ривожланишини таъминлаш, юқори сифатли ва рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, уни йирик хорижий бозорларга янада илгари суриш, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида ушбулар тўқимачилик саноатини янада ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари этиб белгиланмоқда:

1). Тўқимачилик саноатининг иқтисодиётдаги улушини ошириш, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларининг, энг аввало, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош тўқимачилик маҳсулотларини юқори технологик ишлаб чиқаришга қайта йўналтириш орқали ҳажми ва сифатини ошириш;

2). Тўқимачилик саноатининг бошқарув тизимини илғор менежмент технологиялари, тармоқ корхоналарига ҳар томонлама кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлашнинг, шу жумладан уларнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи муаммоларни ҳал этишда самарали шаклларини жорий этган ҳолда тубдан қайта кўриб чиқиш;

3). Тўқимачилик саноати соҳасидаги стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимини халқаро талаб ва стандартларга уйғунлаштириш, шунингдек, маҳсулотлар синов лабораторияларини модернизация қилиш ва аккредитациядан ўтказиш орқали янада такомиллаштириш;

4). Тармоққа тўқимачилик маҳсулотлари маҳаллий ва хорижий бозорларининг ҳолати ҳамда ривожланиш тенденциялари ҳақидаги ишончли ва ўз вақтида ахборотлар олишни таъминлаш имконини берувчи илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, тармоқ ривожланишининг устувор йўналишларини аниқлаш мақсадида уни тизимли ва комплекс таҳлил қилиш;

5). Пахта хом ашёсини етиштиришдан бошлаб, унга дастлабки ишлов бериш, маҳсулотни пахта тозалаш корхоналарида кейинги қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр тўқимачилик маҳсулоти чиқариш босқичигача бўлган ишлаб чиқаришни интеграция қилишни назарда тутувчи ривожланишнинг кластер моделини амалга ошириш;

6). Хом ашё ресурслари тақсимотининг мутаносиблиги ва ташкил этилаётган тармоқ корхоналарининг логистика ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш билан ўзаро узвий боғлиқликда, шу жумладан кўп функцияли транспорт-логистика хабларини қуриш, юкларни етказишнинг оптимал йўналишлари ҳамда йўлакларини танлаш, шунингдек, транспортда юк ташиш тарифларини оптималлаштириш орқали жойлашувини таъминлаш;

7). Юқори сифатли тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспортини кенгайтириш, миллий брендларни жаҳон бозорларига илгари суриш мақсадида ишлаб чиқариш жараёнига илғор инновацион технологиялар, ноу-хау, дизайнерлик ишланмаларини кенг жорий этиш, фурнитура ва аксессуарларнинг замонавий намуналарини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш;

8). Талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича йўналишларни кенгайтирган ҳолда тўқимачилик саноати учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш, таълим муассасаларининг ўқув дастурларини тармоқнинг замонавий ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш, илмий-тадқиқот фаолиятини, шунингдек, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш.

Фармонга кўра, 2018 йил пахта ҳосилидан бошлаб, эксперимент тартибида маҳаллий тўқимачилик саноати корхоналари томонидан тўғридан-тўғри фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларидан пахта хом ашёсини етиштиришга буюртма қилиш ва аванс бериш, шу жумладан қуйидаги шартларни назарда тутувчи тизим жорий этилади:
  • харид қилинадиган пахта нави ва ҳажми, уни етказиб бериш муддатлари ҳамда тартиби фермер хўжалиги ва тўқимачилик саноати корхонаси ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади;
  • пахта хом ашёсини дастлабки қайта ишлаш пахта тозалаш корхонаси томонидан қайта ишлаш асосида ёхуд тўқимачилик корхонаси томонидан хусусий ёки ижарага олинган пахта тозалаш корхонасида амалга оширилади;
  • тўқимачилик саноати корхоналари фермер хўжаликларининг харажатларини (чигит, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, иш ҳақини тўлаш ва кўрсатилган хизматларга ҳақ тўлаш харажатлари, бошқа сарф-харажатлар) тузилган шартнома қийматининг камида 60 фоизини аванс бериш йўли билан молиялаштиришни амалга оширади;
  • тўқимачилик саноати корхоналари томонидан харид қилинадиган пахта хом ашёси нархи фермер хўжаликларининг ҳақиқий харажатларини ва рентабеллигини таҳлил қилишдан келиб чиқиб, шартнома асосида белгиланади ва давлат эҳтиёжлари учун ўрнатилган нархлардан паст бўлмаслиги лозим;
  • тўқимачилик саноати корхоналари олинган чигитни шартнома асосида ёғ-мой корхоналарига, қўшимча маҳсулотларни (линт, ўлик пахта) бошқа истеъмолчиларга реализация қилади;
  • тўқимачилик саноати корхоналари томонидан харид қилинган пахта хом ашёсидан фақатгина уни кейинчалик чуқур қайта ишлаш учун фойдаланилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 15 январга қадар 2018 йил ҳосилининг пахта хом ашёси учун давлат хариди нархи белгиланишини ҳамда қайта тузилган шартномаларни ҳисобга олган ҳолда, 2018 йил 20 январга қадар муддатда тўғридан-тўғри тўқимачилик саноати корхоналари, шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерлари иштирокчилари билан пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб беришга контрактация шартномалари билан қамраб олинмаган фермер хўжаликлари кесимида 2018 йил ҳосилининг пахта хом ашёси экилиши учун «Ўзпахтасаноат» АЖ буюртмасининг ҳажми аниқланишини таъминлайин.

Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари уюшмасини («Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси) ташкил этилади. «Ўзбекенгилсаноат» АЖни унинг мол-мулклари ва давлатга тегишли бошқа маблағлари, шунингдек, дебитор қарздорлигини кейинчалик «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига беғараз ўтказиш орқали тугатилади;

Пахта-тўқимачилик кластерларини ўрта муддатли истиқболда ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи комиссия ташкил этилади.

Қонунчиликда белгиланган тартибда юқори сифатли маҳсулотларни ягона «Uztextile» белгиси билан экспорт қилинади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Текстил компаниялари ягона Uztextile бренди остида маҳсулот чиқаради – Президент фармони