22:00 / 03.02.2018
6 733

Ўзбекистонда 7 та давлат фуқаролари учун визалар бекор қилинди

Ўзбекистонда 7 та давлат фуқаролари учун визалар бекор қилинди
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан 2018 йилнинг 10 февралидан Исроил, Индонезия, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонга мунтазам авиарейсларни амалга оширувчи ҳаво кемалари экипажлари аъзоларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш санасидан бошлаб 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий этилади.

2018 йилнинг 10 февралидан туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилувчи мамлакатлар рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқланди. Бунда Ташқи ишлар вазирлигига туристик ваучер ёки Ўзбекистон Республикасидаги таклиф этаётган юридик ёки жисмоний шахс мурожаатномасининг тақдим этилиши ва визани икки иш кунида расмийлаштириш бўйича талаб бекор қилинади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Ташқи ишлар вазирлиги, Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018 йилнинг 1 июлидан электрон кириш визаларини бериш тизимини ишга тушириш вазифаси юкланди.

Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси ҳузуридаги «Миллий туристик маҳсулотни илгари суриш маркази» ДУК Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги «Миллий PR-марказ» ДУКга айлантирилди. У республика сайёҳлик салоҳиятини илгари суришни ташкил этиш бўйича вазифаларни амалга оширади.

Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва «Нуроний» Ўзбекистон фахрийларини қўллаб-қувватлаш бўйича жамғармасининг «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» ички туризм Дастурини амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. У республика ҳудудларига туристик турлар ташкил этишни назарда тутади.

Фармон билан асосий фаолият тури тематик боғ хизматларини ташкил этиш бўлган юридик шахслар тематик боғлар фойдаланишга топширилган кундан 3 йилгача бўлган муддатга – юридик шахслар даромадига солиқ, ер солиғи ва мулк солиғи, шунингдек, ягона солиқ тўловидан озод этилди. Тематик боғлар, меҳмонхоналар ҳамда бошқа жойлаштириш воситалари 2022 йилнинг 1 январига қадар олиб кирилаётган ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуна, техника, хомашё, эҳтиёт қисмлари, қурилиш ва бошқа материалларига божхона тўловларидан озод этилди. Бунда ушбу материаллар тематик боғлар, меҳмонхоналар ҳамда бошқа жойлаштириш воситалари қурилиш, реконструкцияси ва жиҳозланишида ишлатилиши лозим. Туризм соҳасидаги тадбиркорлик фаолияти субъектлари 2022 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган қуйидагиларга божхона тўловларини тўлашдан озод этилди:

8 ва ундан ортиқ кишини олиб юришга мўлжалланган, туристик синфдаги транспорт воситалари;

канат йўллари, тоғ-чанғи кўтаргичлари, фуникулерлар ва бошқа шунга ўхшаш объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, шунингдек, аэростатлар (ҳаво шарлари), мотор қайиқлар ва квадроцикллар учун механизмлар ва эҳтиёт қисмлари.

Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Бош вазир ўринбосари С.Р. Холмуродов ва Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси раиси А.А. Абдуҳакимов зиммасига юкланди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда 7 та давлат фуқаролари учун визалар бекор қилинди