22:53 / 12.03.2018
3 565

Ўзбекистонни ривожлантириш учун таҳлил марказлари керак

Ўзбекистонни ривожлантириш учун таҳлил марказлари керак
Ҳар қандай давлат ривожланишида ақл, таҳлил ва оддий мантиқ муҳим роль ўйнайди. Агар давлатни тирик организм деб тушунсак, биз билган кўплаб давлатларнинг ривожланишида «мия марказлари» ёки «таҳлил марказлари» (think tanks) муҳим ўрин эгаллаганига гувоҳ бўлиш мумкин. Хўш, Ўзбекистонда таҳлил марказларнинг аҳволи қандай?

Бу мавзуда аввало статистикага мурожаат қилинади: АҚШда жойлашган Пенсильвания университети тадқиқотчилари ҳар йили жаҳонда фаолият юритаётган таҳлил марказларини ўрганади. Шунингдек, улар бир давлатда нечта таҳлил марказлари мавжуд, бундай марказлар нима билан шуғулланиши каби масалаларга тўхталиб ўтади.

Маълумотлар кўра, Ер қитъасида жами 7815 таҳлил марказлари фаолият юритаётган бўлиб, шулардан 26,2 фоизи Европада жойлашган, 25.2 фоизи эса Шимолий Америкада жойлашган. Нисбатан қуйи поғонада, 20,7 фоиз улуш билан Осиё рейтинг «учлиги»ни якунлайди.

Мамлакатлар кесимида таҳлил қилинганда, биринчи бешталикни қўйидаги давлатлар эгалламоқда:
• Америка Қўшма Штатлари – 1872;
• Хитой – 512;
• Буюк Британия – 444;
• Ҳиндистон – 293;
• Германия – 225.

Ушбу рейтингда Россия Федерацияси 103 таҳлил маркази билан 9-поғонани эгаллаган.

Пенсильвания университети статистик маълумотига кўра, Ўзбекистонда 12та таҳлил маркази фаолият юритмоқда. Қўшни давлатлар билан солиштирганда, Қозоғистонда - 28, Қирғизистонда – 27 ва Тожикистонда – 7та таҳлил маркази мавжуд, Туркманистон ҳақида эса маълумот мавжуд эмас.

Марказий Осиёда кучли таҳлил марказлари рўйхатида Ўзбекистондан қўйидаги ташкилотлар иштирок этмоқда: Иқтисодий тадқиқотлар маркази, Сиёсий тадқиқотлар маркази, Стратегик ва минтақалараро тадқиқот институти ва «Таҳлил» ижтимоий ўрганиш маркази. Таъкидлаш жоизки, Иқтисодий тадқиқотлар маркази Марказий Осиёнинг таҳлилий марказлари рўйхатида 12-ўринни эгаллаб турибди.

Катта ҳисоботда биринчи навбатда озиқ-овқат хавфсизлиги билан шуғулланадиган таҳлил марказлари рўйхати келтирилади. Табиийки, озиқ-овқат саноати ва уни бошқариш жуда муҳим ижтимоий-иқтисодий сиёсат бўғини ҳисобланади. Шундай қилиб, рўйхатнинг биринчи ўрнида АҚШ кўрсатилган, яъни ушбу давлатда 56та таҳлил маркази озиқ-овқат билан боғлиқ барча муаммоларни ўрганишади: экспорт, импорт, талаб, таклиф, ер ва сув ресурслари, чорвачилик, боғдорчилик, иссиқхоналар, сифат кўрсаткичлари, лаборатория ўрганишлари ва ҳоказо.

Шу омил туфайли АҚШда унчалик озиқ-овқат билан боғлиқ муаммолар кўзга ташланмайди, нарх-наво одатда бир текисда сақланади. Афсуски, мазкур рўйхатда Ўзбекистон йўқ, балки шунинг учун ҳам бизда қиш келиши билан картошка муаммоси бошланади ва ушбу фаслда гилос ёки қулупнайни деярли топиб бўлмайди. Бу рўйхатда ҳатто бирон-бир МДҲ давлатини ҳам учратиш қийин.

Шунингдек, ҳисоботда айрим соҳаларда юқори ўринларни эгаллаган таҳлил марказлари ҳақида маълумот мавжуд. Жумладан, миллий хавфсизлик ва мудофаа масалалари билан шуғулланувчи таҳлил марказлари ҳам айниқса АҚШда ривожланган. Яъни, 22та ташкилот АҚШда шундай муаммолар билан шуғулланади. Афсуски, ушбу рўйхатда ҳам Ўзбекистон йўқ, қўшни давлатлардан эса фақатгина Қозоғистонда битта таҳлил маркази ушбу муаммолар билан талаб даражасида шуғулланади. Россия Федерациясида миллий хавфсизлик ва мудофаа муаммоларини талаб даражасидаги 5та таҳлил маркази ўрганади.

Талаб даражасида ички иқтисодий муаммолар билан АҚШда 25та таҳлил маркази шуғулланади. Ваҳоланки, рўйхатнинг қолган асосий қисмини ҳам Америка Қўшма Штатларининг таҳлил марказлари эгаллаган. Масалан, таълим тизимида фаолият юритаётган биринчи кучли ўнталикни кўриб чиқайлик: 1-ўринни Япониянинг Таълим сиёсатини ўрганиш миллий институти эгаллаган бўлса, 8-ўринда Чехия Республикасининг Ижтимоий ва иқтисодий стратегиялар маркази. Ўнталикдаги қолган барча ўринларни АҚШ таҳлил марказлари қўлга киритган. Демак, ушбу давлатларда таълим тизимига эътибор етарли даражада ташкил этилган, десак муболаға бўлмайди. Ёки таълим соҳасида пайдо бўладиган ҳар қандай муаммога ўз вақтида «муолажа» тайёрланмоқда.

2017 йил давомида янги ташкил этилган таҳлил марказлари қаторида Ўзбекистонда ташкил топган «Тараққиёт стратегияси» маркази эгаллаб турибди. 2017 йилда ҳам энг кўп таҳлил марказлари АҚШда ташкил этилган бўлиб, уларнинг сони 14тани ташкил этди.

Таҳлил марказлари аслида нима учун керак? Одатда, улар мустақил равишда, бирон-бир муаммони чуқур ўрганишади: маълумотлар йиғиш, таҳлил қилиш ва масалага таъсир этувчи омилларни аниқлаш усули ҳам ўзгача бўлади. Масалан, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалаларига тўхталсак, ҳозирда ушбу муаммо билан асосан давлат ташкилотлари шуғулланмоқда. Тўғри, анча ҳаракатлар амалга оширилмоқда, соҳа аста-секинлик билан ривожланмоқда, аммо барча жабҳаларни қамраб олишга бу ташкилотларнинг кучи етадими? Шунинг учун ҳам ривожланган давлатларда таҳлил марказларига ёрдамчи куч сифатида алоҳида эътибор берилади.

Ўрнатилган тартибга кўра, давлат ташкилотлари ташкилий ишлар билан банд бўлади. Фараз қилинг: шу онда ким Ўзбекистонда иссиқхоналарнинг ривожланиши билан мукаммал даражада шуғулланади? Албатта, бу муаммо билан юқорида айтилган таҳлил марказлари шуғулланиши мумкин. Улар шунчаки «шу вилоятда шунча иссиқхона ташкил этилди, шунча ҳосил олинди ва фалонча киши иш билан таъминланди» деган принцип билан иш тутишмайди.

Сабаби, саёз таҳлил қилинса, келаси йил ушбу иссиқхоналарнинг ярми йўқ бўлиб кетиши тайин. Таъкидлаб ўтиш жоизки, таҳлил марказлари умуман «бугунги кун» принципи билан иш қилишмайди. Улар, керак бўлса, 20-30 йил олдинги тажрибани ўрганишади, ҳозирги ҳолатни таҳлил қилишади ва камида 40-50 йиллик прогноз қилишади. Иссиқхоналар ўрганилганда, аҳоли сони, фермерлар сони, ер ва бошқа табиий ресурслар, ишчилар, талаб ва таклиф, эҳтиёжлар, юридик, солиқ ва молиявий масалалар ҳамда барча майда деталларга алоҳида эътибор берилади. Керак бўлса, иссиқхона қуриш учун ишлатиладиган арматура, темир ва полиэтилен ҳам ўрганилади. Халқимизда бир гап бор, «чумчуқни сўйса ҳам, қассоб сўйсин». Том маънода, таҳлил марказлари маълум бир соҳанинг ҳақиқий профессионал ва тажрибали «қассоблари» бўлишади.

Давлат одатда «қилинсин», «бажарилсин», «тақиқлансин» ёки «жазолансин» дейди. Таҳлил марказлари эса ким, нима, қандай, қачон, қаерда, нимага ва қанча дейишади.

Келинг, кундалик ҳаётимизда юз бераётган яна айрим муаммоларни кўриб чиқайлик. Масалан, имконияти чекланган кишиларни иш билан таъминлаш масаласи. Бир неча маротаба ушбу мавзу оммавий ахборот воситаларида кўтарилди-ю, ҳанузгача масала талаб даражасида ҳал этилгани йўқ. Энди айтингчи, Ўзбекистонда имконияти чекланганлар ва шу каби ижтимоий муаммолар билан шуғулланувчи таҳлил маркази борми? Мен топа олмадим. Агар шундай профессионал таҳлил маркази бўлганида, балки муаммо аллақачон ҳал этилган бўларди. Чуқур таҳлил асосида Ўзбекистондаги барча шу тоифа кишилар билан боғлиқ муаммолар ўрганиларди, уларнинг нечтасига ишлаш мумкин, нечтасига мумкин эмас, улар учун қандай иш шароитларини яратиш керак, бунинг учун молия ва қонунчилик базаси қай даражада, хавфсизликни таъминлаш йўлга қўйилганми, ижтимоий ҳимоя нима бўлади, суғурта, махсус тренинг ва ҳоказо.

Кўриниб турибдики, Америка Қўшма Штатларида таҳлил марказларининг ривожланишига алоҳида эътибор беришади. Айрим вазиятларда турли хорижий нашрларда АҚШ салбий ҳаракатларда айбланаётгани, ҳамманинг ички сиёсатига аралашавериши ҳақидаги хабарларга дуч келамиз. Шунга қарамасдан ўша кишилар ҳам ҳисоб-китобни АҚШ валютаси – долларда амалга оширади. Бозорда квартирани ҳам, машинани ҳам доллар қийматида ҳисоблайди. Балки, АҚШ 1872 таҳлил марказига эга бўлгани учун ҳам пул-кредит сиёсатида аниқ йўналишга эга бўлгани унга қўл келар? 1872та ташкилотнинг ҳар бирида ўртача 20 нафардан ходим ишласа, улар ҳар йили биттадан фикр беришса ҳам 37440та фикр тайёр. Ҳар йили ҳеч бўлмаганда 1872та муаммони чуқур ўрганиш ва уларни ижобий ҳал этиш ҳам тараққиёт гаровидир. Сиз ўйлагандек, Америка Қўшма Штатлари ҳам ўз-ўзидан «Америка» бўлиб қолмаган. Бу илм-фан, тинимсиз изланиш, ўрганиш, фикрлаш, таҳлил, тартиб, интизом ва албатта қаттиқ меҳнат ҳосилидир.

Умид қиламизки, мутасадди ташкилотлар Ўзбекистонда таҳлил марказларнинг ривожланишига алоҳида эътибор беришади. Натижада, барча юз бераётган муаммолар таҳлил қилинади ва ватанимиз бундан ҳам ривожланади. Чегараларимиз бошқа давлатлар билан ўралган, ресурслари чегараланган ва ҳеч бўлмаганда бирон-бир денгизга чиқмаган мамлакатимизга 12та эмас, балки ундан ҳам кўпроқ таҳлил марказлари керак.
Улуғбек Акбаров

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонни ривожлантириш учун таҳлил марказлари керак