Ўзбекистон "Марказий Осиёнинг янги криптопойтахти" деб эътироф этилди

  • Ўзбекистон
  • 29-03-2018, 10:32
  • 1 017
  • Ўзбекистон "Марказий Осиёнинг янги криптопойтахти" деб эътироф этилди
    Тошкентда 28 апрел куни 25 мамлакат ва 100га яқин ташкилот вакиллари иштирокида блокчейн ва криптовалюталар бўйича Бутунжаҳон саммити ўтказилади. Бу ҳақда Sputnik нашри хабар қилмоқда.

    "МДҲнинг учинчи ўриндаги энг йирик иқтисодиёти — Ўзбекистонга хуш келибсиз! Мамлакат иқтисодий сиёсатидаги ўзгаришлар ва тайёрланаётган қонунчилик ислоҳотларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг янги криптопойтахти сифатида танланди", дейилади саммит сайтида.

    Ташкилотчиларнинг фикрича, Тошкентда бўлиб ўтадиган блокчейн ва криптовалюталар бўйича Бутунжаҳон саммити инвестициялар ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун имкониятларга тўла янги бозорга чиқиш учун ўзига хос имкониятдир.

    Иштирокчилар International Hotel Tashkent меҳмонхонасида рақамли иқтисодиёт, жумладан, маълумотлар махфийлиги, блокчейн-технологияларни қўллаш, майнинг, криптовалютани сақлаш ва алмаштириш масалалари бўйича муҳокамалар ўтказишади.

    Саммитда Қозоғистон, Латвия, Голландия, Исроил, Баҳрайн, Янги Зеландия, Австралия, Россия, Нигерия ва бошқа давлатлардан келган блокчейн ва криптовалюта бўйича мутахассисларнинг чиқишлари режалаштирилган.

    Саммит доирасида Ўзбекистон бўйича лойиҳалар тақдим этиладиган Uzbekistan ICO Show тадбири ҳам бўлиб ўтади.

    Ўзбекистон 2018 йил бошида криптовалюта йиғиш энг арзон тушадиган мамлакатлар рўйхатида жаҳонда учинчи ўринни эгаллаганди.

    International Business Times нашри экспертларининг ҳисоблашларича, Ўзбекистонда бир биткойн йиғиш 1790 долларга тушади. Бу борада фақатгина Тринидад ва Тобаго (1190 доллар) ва Венесуэла (531 доллар) Ўзбекистондан юқори ўринда туради. Жанубий Корея биткойн йиғиш бефойда мамлакат деб топилган, бу ерда бир биткойн йиғиш 26170 долларга тушади.

    » » Ўзбекистон "Марказий Осиёнинг янги криптопойтахти" деб эътироф этилди
    Яндекс.Метрика