Жеймс Моран: "Ўзбекистон жаҳон саҳнасида ёрқин юлдузлардан бири бўлади!"

  • Ўзбекистон
  • 17-05-2018, 15:53
  • 709
  • Жеймс Моран: "Ўзбекистон жаҳон саҳнасида ёрқин юлдузлардан бири бўлади!"
    Таниқли америкалик сиёсатчи, АҚШ Конгресс вакиллари палатаси аъзоси Жеймс Патрик Моран “Uzbekistan Today” мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида ўз фикрини билдирди.

    – Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи – икки давлат муносабатларини мустаҳкамлаш учун муҳим воқеадир. Бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?

    – Бу тарихий ташрифдир. Ўзбекистон Афғонистонда муҳим роль ўйнайди ва шу муносабат билан Қўшма Штатларнинг иттифоқдоши сифатида қаралиши керак. Ушбу ташриф билан АҚШда кўплаб одамлар мамлакатингиз, иқтисодиёт, маданият ва ижтимоий ҳаётдаги ёш мустақил республиканинг тараққиёти ҳақида кўпроқ билиб олишади. Аммо бу фақат биринчи қадамдир.

    Мисол учун, мен Ўзбекистон америкаликлар учун асосий сайёҳлик “Макка” бўлишига ишонаман. Сизнинг давлатингиз дунёдаги энг машҳур, тарихий жойлардан бири бўлиб, ота-боболарингиз инсоният тамаддуни ривожланишида муҳим роль ўйнаган. Америкаликлар ва европаликлар Ўзбекистон тарихи ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлганларида, шубҳасиз, у ерга сафарга боришни хоҳлайдилар. Туризм эса республика иқтисодиётига ёрдам беради. Саёҳатчилар ва туристлар ортидан бизнинг тадбиркорларимиз сиз билан бирга бизнес юритишни истайдилар. Иқтисодиёт, халқаро савдо Ўзбекистон аҳолисининг турмуш даражасини ҳам оширади. Ва бу Президент Мирзиёев Президент Трамп билан гаплашадиган мавзудир.

    – Афғонистон ҳақида эслаб ўтдингиз. Афғонистон бўйича Тошкент конференциясида янграган истиқболлар ҳақида қандай фикрдасиз?

    – Тошкент конференцияси минтақадаги вазиятни ривожлантиришда катта ютуқдир. У минтақавий ўйинчиларни бир стол атрофига тўплаб, тинчлик жараёнида янада кўпроқ ҳамкорликка рағбатлантирди.

    Афғонистон ҳам Ўзбекистон, ҳам АҚШнинг иттифоқдоши бўлиши керак. Президент Мирзиёев ўзининг тинчлик ташаббуслари билан жуда муҳим тадбирларни амалга оширди. Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан биргаликда улар бу мамлакатда жуда кўп муаммолар туғдирган экстремизмга қарши курашишдан манфаатдордир. Ўйлайманки, Ўзбекистон Афғонистонда узоқ вақтдан бери кутилган тинчлик ўрнатиш учун ҳаракатда асосий кучга айланиши мумкин. Ишончим комилки, Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон сиёсатчилари – Ташқи ишлар вазири Комилов, сенатор Сафоев ва бошқа кўплаб кишиларнинг фикрларини диққат билан тинглайди. Бу америкалик расмийларга Афғонистон билан қандай қилиб яхши келишиш ва сайёрамизнинг бу қисмига тинчлик ва фаровонлик келтириши ҳақида хабар бериши мумкин.

    – Сизнинг фикрингизча, бизнинг мамлакатимиздаги АҚШ инвестицияларини сезиларли даражада ошириш мумкинми?


    – Бунга умид қиламан. Шавкат Мирзиёев Америка бизнес доиралари Ўзбекистонга сармоя киритиши учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Мен Америка корпорациялари вакиллари Ўзбекистон Президентининг музокаралар давомида нафақат АҚШ Президентига, балки АҚШга ташрифи чоғида ҳам америкалик ишбилармонларга юзланишига диққат билан қулоқ солади, деб ўйлайман.

    Америка корпорациялари пул топиш ва бизнесни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар мавжуд бўлган жойда инвестиция киритишни хоҳлашлари аниқ. Сизнинг республикангизда бундай шароитлар мавжудлигига аминман. Ўзбекистонда одамлар жуда меҳнаткаш, мутахассислар ва ишчилар саводли ва яхши маълумотга эга. Америкалик бизнесменлар буни тушуниб етгач, Ўзбекистон порлоқ истиқболга эга эканини англашгач, улар ўша истиқболни яратилишида иштирок этишни ва ўз маблағларини инвестициялашни бошлашни исташади.

    Шу муносабат билан мен Ўзбекистон Адлия вазирлиги билан ҳамкорлик ҳақида гапиришни истардим, унинг ёрдамида мен ҳозирда фаолият олиб бораётган халқаро ҳуқуқий фирма билан ўзаро англашув меморандумини имзолашни муҳокама қилдик. Ушбу ҳужжат Ўзбекистонда судялар ва юристларни Ғарбнинг ҳуқуқий тизими бўйича тайёрлашга ёрдам беради. Шу тарзда Ўзбекистон Америка ва Европа бизнес ҳамжамиятини қонун устуворлигига риоя қилиш уларнинг тизимига мос келишини, Ўзбекистондаги ҳуқуқий нормалар халқаро корпорацияларнинг талабларини қондиришини таъминлашга қодир бўлади. Бу сармоядорларга ва йирик халқаро компанияларнинг Ўзбекистонга дадил равишда инвестициялар киритиш мумкинлигига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш имконини беради.

    – Сизнингча, Президент Мирзиёевнинг ташрифи америкаликларга янги Ўзбекистонни очишга имкон берадими?

    – Бунга ишончим комил! Президент Шавкат Мирзиёев – ҳозирда Ўзбекистоннинг сиймоси. Унинг сўзларини тинглаган ҳар бир киши унга ишониши мумкинлигини ҳис қилади. Ўзбекистоннинг Қўшма Штатларнинг иттифоқчиси бўлиш истаги борлигига ва ҳар икки мамлакатнинг ёрқин келажакка эга эканлигига ҳам ишонади. Мен Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи ХХI асрда Ўзбекистон тарихида жуда муҳим босқич бўлиб қолишига шубҳа қилмайман.

    Умуман олганда, мен бизни ажратадиган катта масофага қарамай, ўзимизни қўшнилар ва дўстлар деб билишимиз кераклигига чин дилдан ишонаман.

    Сўзим охирида сизнинг мамлакатингиз Президент Мирзиёев раҳбарлигида барча постсовет давлатлари учун иқтисодий фаровонлик, ижтимоий тараққиёт ва технологик ривожланиш назаридан стандартларни ўрнатиши мумкинлигини таъкидлашни истардим. Умид қиламанки, Ўзбекистон жаҳон саҳнасида ёрқин юлдузлардан бири бўлади.

    » » Жеймс Моран: "Ўзбекистон жаҳон саҳнасида ёрқин юлдузлардан бири бўлади!"
    Яндекс.Метрика