Кучли мутахассислар нега Ўзбекистондан кетади?

  • Ўзбекистон
  • 18-06-2018, 09:57
  • 1 824
  • Кучли мутахассислар нега Ўзбекистондан кетади?
    10 кундан кейин Тошкент шаҳрида «Буюк келажак» экспертлар кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтади. Кенгаш аъзолари ўзининг тақдирини Ўзбекистон билан боғлаган, жамиятни юксалтиришга бел боғлаган кишилар ҳисобланади. Шунингдек, уларнинг кўпчилигини бир нарса бирлаштиради - экспертлар бир вақтлар Ўзбекистонда яшаган, таълим олган. Лекин савол пайдо бўлади: шунчалар муваффақиятли шахсларнинг четга чиқиб кетишига нима туртки бўлганди?

    Вазиятга тўғри баҳо бериш учун 2000 йилларга қадар Ўзбекистондан кетган мутахассисларни муҳокама майдонидан чиқариб юборамиз. Негаки, бу вазият Совет иттифоқидан қолган «мерос»ни ҳазм қилолмаётган жамиятларда ҳам бирдек кузатилди. Шунга қарамасдан, “олтинбошлар”ни йўқотиш янги даврда ҳам давом этди. Шу паллада бирин-кетин Тошкент шаҳрида очилган хорижий олийгоҳларнинг филиаллари «портлаш арафасидаги минани секинлаштирди» деса бўлади.

    «Буюк келажак» экспертлар кенгаши таркибига кирган ўз соҳасининг етук кадрлари билан танишсангиз, уларнинг 30 фоизи Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг собиқ талабалари бўлганини англайсиз. Умуман олиб қараганда, мамлакатдаги энг нуфузли олийгоҳлардан бири бўла туриб, битирувчиларнинг аксарияти чет элда таълимни давом эттириш, ўша ерда ишлашни афзал билган.

    «Афсуски, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети чинакам истиқболли, ўз касбига садоқатли ва профессионал ёш кадрлар тайёрлаш бўйича вазифаларни тўлақонли бажараётгани йўқ. Университет битирувчиларининг давлат идораларига ишга жойлашиши ўта паст даражада қолмоқда», деб олийгоҳ фаолиятини танқид қилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев.

    Мисол учун, 2017 йилда университетни битирган 235 ёшларнинг атиги 14 нафари Ташқи ишлар вазирлигига ишга қабул қилинган. Аммо, юзага келган вазиятга сабабчи бўлиб турган масалалар ўз ечимини топмаяпти. Ўзбекистонлик мутахассисларни хорижда фаолиятини давом эттиришга ундаган энг катта омил - маош ва ишдаги муносабат. Бу сабабни ҳеч яширмай айтиш керакки, вазият ҳанузгача ўнгланмаган.

    «​Умидчи борган ишхонасида ойлик маош пастлиги, шароит йўқлиги эса оилани ҳалол боқиш учун бошқа ишларни излашга ундаган. Ундан ташқари уни мутахассис сифатида қабул қилмасдан, балки ўзига хавф сифатида кўрадиган раҳбарларга дуч келгани эса энг катта салбий ҳолатларни юзага келишига сабаб бўлган»​, дейди Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шерзод Шерматов. У мазкур воқеани «Умид» жамғармаси орқали хорижда таълим олган ёшлар мисолида тушунтирган.

    Масалага бошқа кўз билан қарайдиган бўлсак, Жаҳон банки 2013 йил тақдим этган маълумотда Ўзбекистон аҳолисининг 14,1 фоизи камбағалликда умр кечириши ҳамда шу тоифага киритилган кишилар яшаш учун зарур бўлган минимумга эга эмаслиги айтилган. Шундай ижтимоий-иқтисодий муаммолар гирдобида туриб, Ўзбекистонда бюрократик тизимни енгиллаштириш, коррупция билан шуғулланишга астойдил ҳаракат қилинмади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев шундай дейди:

    «Жамият ривожига ғов бўлиб турган яна бир иллат – бу коррупция балосидир... Футболчиларимиз коррупция бўлмаса, қандай натижаларга эришиш мумкинлигини исботлади».

    Ҳеч шубҳасиз айтаманки, Ўзбекистонда ҳам етарлича халқаро мақомга эга обрўли мутахассислар иш олиб боради. Бугун ҳам чет эл сафарига турли мақсадлар билан отланган юртдошларимиз бир кун, албатта, туғилиб ўсган ватанига хизмат қилишни ният қилади. Ҳозиргача хориждаги ватандошлар Ўзбекистон ҳаётига бефарқ эмаслигини билдириб, ҳеч бўлмаганда маслаҳатларини билдиради. Бир сўз билан айтганда, улар Ўзбекистонда қолганда ҳам биз таниган машҳурлар бўлиб етишмасди.

    Аслида тизимни биқиқ бошқариш ва эртанги кунга бепарволик «​олтинбошлар»​ни йўқотишга олиб келди, деб хулоса қилиш мумкин. Ўтган ҳафтада Қозоғистонда сафарда бўлиб қайтдим, Остона шаҳрида эсда қолгулик воқеаларга дуч келдим. Улардан бири 3 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан суҳбат эди. Остонада ойна артувчи ўзбекистонликларнинг бири- Фарғонада шифокор, иккинчиси ўқитувчи бўлган, учинчиси ишсизликдан нажот қидириб мусофир юртга оиласини ҳам олиб кетган юртдошимиз.
    Алишер Рўзиоҳунов

    Манба: Kun.uz

    » » Кучли мутахассислар нега Ўзбекистондан кетади?
    Яндекс.Метрика