22:57 / 20.06.2018
4 521

Эксперт: “Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам жуда ёрқин келажак сари кетмоқда”

Эксперт: “Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам жуда ёрқин келажак сари кетмоқда”
Фото: "Халқ сўзи"
АҚШдаги Ж.Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, профессор, Ўзбекистон бўйича таниқли эксперт Фредерик Старр “Америка овози” телерадиоси мухбирига берган интервьюсида мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар, жамият қиёфасидаги ўзгаришларга алоҳида тўхталиб ўтди. Қуйида ана унинг айрим фикрларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Фредерик Старр мамлакатдаги бугунги кунга хос асосий жиҳат субъектларнинг эмас, айнан фуқароларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари кенгайтирилиши эканлигини таъкидлар экан, мазкур ғоя рўй бераётган ўзгаришлар жараёнининг энг асосий калити ҳисобланишига урғу берди.

Ф.Старр Ўзбекистонда олдинлари ўтган раҳбарларни танқид қилиш, уларни унутиш ҳолатидан фарқли равишда Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовга нисбатан жуда ижобий муносабатда бўлиши қаторида, Шароф Рашидов номини ҳам қайта тиклаганини айтиб ўтди.

Эксперт Ўзбекистон жамиятида ҳуқуқий, қонун устуворлиги каби кўплаб соҳаларда қатор ташаббуслар амалга оширилаётгани, айниқса, дунёқарашда, руҳиятда, психология борасида энг катта ўзгаришлар рўй бераётганини қайд этиб ўтди:

“Ўйлашимча, одамлар буларга жиддий ёндашяпти. Улар ўз ҳаётида ўзгаришларни хўш кайфият билан кутиб олмоқда. ...Биз билган, аммо шу пайтгача танқид қилинмаган нарсаларни муҳокама этиш учун янгича очиқлик пайдо бўлди. Буларнинг барчаси психологик соҳада бўлиб, ҳаммаси жуда ижобийдир ”, - деди у.

“Сайловда нима бўлди? Ўйлашимча, сайлов Ўзбекистонда, Марказий Осиёда авлодлар алмашинуви рамзига айланди. Сабаби, бу ҳамон рўй бермоқда. Сиз турли билим ва тажрибаларга эга ўғил ва қизларнинг мутлақо янги авлодига эга бўлаяпсиз”, дея қўшимча ҳам қилиб ўтди.

“АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан ҳозирги сиёсати қандай ва у Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифидан сўнг ўзгариши мумкинми?” дея берилган саволга Ф. Старр қуйидагича жавоб қайтарди:

“Ўйлашимча, у ўзгарди. Бу ижобий. Яқин ўтмишда, айниқса, Андижон воқеаларидан сўнг қийин пайтлар бўлди, бунга нисбатан нафақат ғарб, балки дунё ҳамжамиятининг жавоби муваффақиятсиз чиққани биз учун дарс бўлди. Бу аниқ фактларга эмас, карикатураларга асосланган эди. Лекин бугун биз бу доирани тарк этдик ва умумий қизиқишлар нафақат юқори дипломатик даражага чиқди, балки иқтисодиёт, инвестициялар каби соҳаларда фуқаролар ўртасидаги алоқалар суръати ўсишига ҳам гувоҳ бўлинади. Бундай қизиқиш таълим, маданият, хуллас, барча жабҳаларда кўпайишини ҳам кўрасиз”.

Ф.Старр Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари охирги 25 йилда энг юқори нуқтага етганини бежиз таъкидламаганига эътибор қаратди қуйида берилган саволларга жавоб қайтарди.

— Сиз бу ерда, Вашингтонда одамлар билан мулоқот қиласиз. Улар Президент Шавкат Мирзиёев ҳақида қандай фикрда? У қандай таассуротлар қолдирди?


— Жуда яхши. У жуда яхши, тўғри гапиради. Менга қолса, чўрт кесиб гапиради, деган бўлардим. Буни ўзларини очиқ деб биладиган америкаликлар жуда ижобий кутиб олди. Улар Ўзбекистондаги ўзгаришлар иқтисодий соҳада очиқлик яратаётгани(бу икки томон учун ҳам жуда муҳим) ва минтақадаги дипломатия тубдан ўзгарганини аниқ тушунишди. Бинобарин, Американинг ҳам, Ғарбнинг ҳам бунга жавоби ижобий бўлди, сабаби Ўзбекистон бутун Марказий Осиё минтақасига кириш учун эшикларини ҳақиқатан ҳам очиб берди. Бу жуда ижобий.

Эксперт Ўзбекистоннинг яқин қўшнилари билан алоқаларни янги босқичга олиб чиққанини олдинга ташланган жиддий қадам деб атади.

“Умуман Марказий Осиёда рўй бераётган ҳолат — бу ўз-ўзини англашнинг мустаҳкамланишидир. Минтақа ташқи босим орқали эмас, балки ўзини-ўзи топиши жуда муҳимдир”, дер экан Ўзбекистон мувозанатли, бироқ энг аввало, мустақил ташқи сиёсат олиб бораётганини таъкидлади.

Ф.Старр ўзаро бизнес ҳамкорлиги доирасида сезиларли даражада янги инвестициялар киритилгани, яна янгилари йўналтирилиши, Ўзбекистондан АҚШга экспорт амалиётлари йўлга қўйилиши, ўзбек тилини ўрганадиган америкаликлар сони кўпайиши ҳақида ҳам айтиб ўтди.

“Ўзбекистон бошқа кўринишдаги жамият, мусулмон дини устувор бўлган давлатнинг янги моделини яратаяпти. Бу жуда очиқ модель. Бу бағрикенг модель, бу замонавий модель, лекин у нормал диний ҳаёт кечиришга халақит бермайди. Бу глобал аҳамиятга эга ва мана кўрасиз дунё миқёсида одамлар бунга жиддий эътибор қаратишади” деди у.

— “Келгуси ойда сизнинг муҳаррирлигингиз остида янги китоб чиқади. “Ўзбекистоннинг янгича қиёфаси” номли асар бўлимларидан бирининг номи “Олдинда нима бор”. Шундай экан, Ўзбекистонни олдинда нима кутаяпти?”

— Америка бейсболида шундай машҳур ҳолат кузатилган. Ушбу спорт турида баъзан хато қиласиз, баъзан эса қўлингиздан келади. Бироқ икки авлод олдинги жуда машҳур ўйинчи зарба берадиган жойга келиб, коптокни қаерга уриб чиқариб юбормоқчи эканлигини дадиллик билан кўрсатади. Яъни у коптокни майдондан ташқарига чиқариб юборишини айтади. Аслида бу жуда мураккаб зарба. У эса ишонч билан яна ўша томонни кўрсатади. Кўпчилик нима бўлаётганини сўрайди, бундай қилма дейди. Лекин у зарба беради ва копток майдондан ташқарига чиқиб кетади. Ўйлашимча, мазкур ислоҳотлар ҳам худди шу ҳолатга ўхшайди.

Қаршилик бўлади. У ички ҳам, ташқи ҳам бўлиши мумкин. Буни ҳали билмаймиз. Бу аслида ҳаётда нормал ҳолат. Савол муҳокамалар, аргументлар, оппозиция пайдо бўладими-йўқми, у ҳақида эмас. Булар ўз-ўзидан бўлади. Савол тизим буни қандай уддалаши ҳақида.

У суҳбатни шундай сўзлар билан якунлади: “Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам жуда ёрқин келажак сари кетмоқда”.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Эксперт: “Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам жуда ёрқин келажак сари кетмоқда”