23:13 / 05.08.2018
4 533

Шавкат Мирзиёев Хиндистон ташқи ишлар вазири билан учрашди

Шавкат Мирзиёев Хиндистон ташқи ишлар вазири билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 август куни мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сушма Свараж хонимни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини чуқур мамнуният билан таъкидлади.

Жорий йил июнь ойида Циндао шаҳридаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар ва унинг якунлари бўйича эришилган келишувлар амалий ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олиш имконини берди.

Суҳбатда икки давлат ўртасидаги кенг кўламли, аввало савдо-иқтисодий, инвестиция, инновация ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

Фармацевтика ва тиббиёт, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳиндистонга бўлажак давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталарига асосланган муносабатларда янги даврни бошлашга, икки томонлама ҳамкорликни янада юқори босқичга олиб чиқишга қаратилгани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, томонларни қизиқтирувчи халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ташқи ишлар вазири Сушма Свараж давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдириб, Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натх Ковинд ва Бош вазири Нарендра Модининг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Ҳиндистон ҳукумати мамлакатимизни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишларни тўлиқ қўллаб-қувватлаши таъкидланди.

Ҳиндистон Ўзбекистоннинг минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолаши ва қўллаб-қувватлаши қайд этилди.

Сушма Свараж Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси билан кўп қиррали ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиши қатъий эканини таъкидлади.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев Хиндистон ташқи ишлар вазири билан учрашди