Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмоннинг қўшма баёноти

  • Ўзбекистон
  • 18-08-2018, 18:44
  • 1 109
  • Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмоннинг қўшма баёноти
    Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмон 2018 йилнинг 17-18 август кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистон Республикасида бўлди.

    ТИВ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг қўшма баёноти матнини эълон қилди.

    Ўзаро англашув, конструктив ва очиқ муҳитда ўтган музокаралар давомида Давлат раҳбарлари давлатлараро муносабатларнинг ҳозирги ҳолатидаги долзарб масалаларни, Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасидаги алоқаларнинг барча соҳаларини қамраб оладиган икки томонлама кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш истиқболларини, шунингдек, ўзаро қизиқиш уйғотадиган долзарб минтақавий ва халқаро муаммоларни батафсил муҳокама қилдилар.

    Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари давлатлараро сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларнинг ўсиш суръатини, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ва сермаҳсул муносабатларнинг жадал ва изчил ривожланиб бориш тенденциясини мамнуният билан эътироф этиб, дўстлик, аҳил қўшничилик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига таянган ҳолда, шунингдек, икки қардош халқларнинг кўп асрлик тарихий ва маданий умумийлигидан келиб чиқиб ва 2000 йил 15 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги Шартнома қоидаларига амал қилган ҳолда, икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида узоқ муддатли асосда конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга оширишга янги ва катта туртки беришига ишонч билдирган ҳолда, бутун минтақада тинчлик ва барқарорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, унинг изчил ривожланиши ва равнақ топишини таъминлашда ўзларининг юксак масъулиятларини англаган ҳолда, қуйидагилар тўғрисида баёнот бердилар:

    1. Давлат раҳбарлари ташриф давомида имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Шартнома икки давлат ва халқлар ўртасидаги анъанавий дўстлик, аҳил қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатларини ҳар томонлама янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилишига, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва изчил тараққиётни таъминлашга кўмаклашишига ишонч билдирдилар.

    Шу ўринда Томонлар ўзбек-тожик муносабатларини ривожлантиришнинг юқори суръатини сақлаб қолиш, эришилган келишувларни ўз вақтида ва тўлақонли амалга ошириш бўйича биргаликда иш олиб боришни давом эттиришга қатъий интилишларини тасдиқладилар.

    2. Давлат раҳбарлари биргаликдаги саъй-ҳаракатлар воситасида Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасидаги Давлат чегарасини дўстлик ва аҳил қўшничилик чегарасига айлантиришга эришилганлигини ҳамда бу икки қардош халқнинг ҳаётий муҳим манфаатларига жавоб беришини мамнуният билан қайд этдилар.

    Томонлар Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида ўзбек-тожик Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани бундан буён ҳам амалга оширишнинг муҳимлигини таъкидладилар.

    3. Давлат раҳбарлари 15 мартда Остона шаҳрида бўлиб ўтган, минтақани ривожлантиришнинг долзарб масалалари ва мамлакатлар ўртасидаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклифлар муҳокама қилинган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг консултатив учрашувига юқори баҳо бердилар. Мазкур учрашувларни мунтазам ўтказиб боришга тайёр эканликлари тасдиқланди. Тожикистон томони навбатдаги учрашувни 2019 йилда Ўзбекистон Республикасида ўтказиш бўйича Ўзбекистон томонининг таклифини олқишлади ва қўллаб-қувватлади.

    Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган, мамлакат салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш ва мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, Марказий Осиёда ўзаро манфаатли ва сермаҳсул кўп томонлама ҳамкорлик учун қулай шароитлар яратадиган кенг кўламли ўзгариш ва ислоҳотлар ҳамда муҳим халқаро ташаббусларнинг ижобий натижаларини эътироф этди.

    4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон томонидан мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижаларини ҳамда унинг Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришдаги салмоқли ҳиссасини ижобий баҳолади.

    5. Давлат раҳбарлари икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ўта муҳим ва алоҳида аҳамиятга эгалигини яна бир бор тасдиқладилар.

    Томонлар сўнгги йилда икки томонлама товар айланмаси ҳажми икки баробарга ошганлигини мамнуният билан қайд этдилар ҳамда бу борада ижобий ўсиш суръати ва катта салоҳият мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини сезиларли даражада ошириш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларини амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.

    Шу ўринда Томонлар ўзаро савдо номенклатурасини янада диверсификация қилиш, саноат соҳасида ҳамкорликни амалга ошириш, қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, экспорт-импорт операциялари учун шарт-шароитларни яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар.

    Томонлар икки давлат ҳудудларида ўтказилаётган миллий кўргазмаларда Ўзбекистон ва Тожикистон ишбилармон доираларининг фаол иштирокини давом эттириш муҳимлигини ҳамда бу Томонларнинг бизнес ҳамжамиятлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишга кўмаклашишини мамнуният билан қайд этдилар.

    Давлат раҳбарлари Тошкент шаҳрида давлат ташрифи доирасида ташкил қилинган «Тожикистонда ишлаб чиқарилган» кўргазмаси ва Ўзбекистон-Тожикистон қўшма бизнес-форумини мамнуният билан қарши олдилар.

    Президентлар Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолиятига ижобий баҳо бердилар.

    Шу муносабат билан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликка оид барча масалаларни мувофиқлаштириш ва жадаллаштиришда Комиссиянинг самарали механизм сифатидаги муҳим роли қайд этилди.

    Томонлар савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳаларда икки давлат минтақалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришда кузатилаётган ижобий тенденцияни эътироф этдилар.

    Шу муносабат билан 2018 йил 9 мартда Душанбе шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида минтақалараро ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни изчил амалга татбиқ қилиш муҳимлиги қайд этилди.

    6. Давлат раҳбарлари икки мамлакатнинг транспорт-коммуникациявий имкониятлари ва транзит салоҳиятини ҳар томонлама ишга солиш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини яна бир бор тасдиқладилар ҳамда бу соҳада эришилган натижаларни қайд этдилар.

    Шу муносабат билан икки давлат тегишли идораларига янги транзит автомобиль, темир йўл, ҳаво қатнови йўналишларини ишлаб чиқиш ва бу соҳада қулай шароитлар яратиш бўйича ишларни давом эттириш тўғрисида топшириқ берилди.

    Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси темир йўлларида юк ташиш учун амалдаги транзит-транспорт йўлакларининг самарали иш юкламаси масалалари бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар.

    Президентлар икки қардош мамлакат ва уларнинг халқлари ўртасида маданий-гуманитар ва савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтиришга кўмаклашадиган Душанбе шаҳридан Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига авиақатновлар очилганини олқишладилар.

    7. Давлат раҳбарлари икки қардош халқнинг кўп асрлик тарихий ва маданий умумийлигини таъкидлаган ҳолда, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият берадилар.

    Томонлар илмий ва ижодий доиралар, жамоат ташкилотлари ва маданий-гуманитар йўналишдаги бошқа муассасалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларнинг ўрнатилганлиги ва муносабатларнинг янгиланганлигини, шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг маданият ва санъат намоёндалари иштирокида кўплаб ўзаро тадбирлар ўтказилганини, бу эса икки мамлакат халқлари ўртасида ўзаро англашувни яхшилаш ва уларни яқинлаштиришга кўмаклашишини мамнуният билан қайд этдилар.

    Икки мамлакат президентлари таълим ва фан соҳаларида ўзаро муносабатларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, ташриф доирасида имзоланган таълим ҳақида давлат намунасидаги ҳужжатларни ўзаро тан олиш тўғрисида ҳукуматлараро битимнинг муҳимлигини тасдиқладилар.

    Томонлар бундан буён ҳам ўз давлатлари ҳудудларида истиқомат қилаётган ўзбек ва тожик жамоатчилиги учун она тили, миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришда қулай шароитлар яратиб беришга кўмаклашадилар.

    8. Президентлар икки мамлакат ҳукуматларига ўзбек тилини Тожикистонда ва тожик тилини Ўзбекистонда ўрганиш ва ўргатишни такомиллаштириш, ўзбек ва тожик тилларида ўқитиладиган умумтаълим ўқув муассасалари тизимини кенгайтириш, ўқув ва бадиий адабиётлар, даврий ва илмий нашрлар билан алмашинув бўйича ҳамкорлик ўрнатиш, икки мамлакатнинг мумтоз адабиёт вакиллари ва замонавий муаллифлари асарларини таржима қилишни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича амалий чоралар кўриш юзасидан топшириқ бердилар.

    9. Томонлар ўзбек-тожик Давлат чегарасидан ўтказиш пунктларининг тўлақонли фаолияти қайта тикланганини мамнуният билан эътироф этдилар ҳамда инсонлар, сармоя, товар ва хизматларнинг ҳаракатланиши бўйича қулай шароитлар яратиш учун тегишли чегараолди тузилмаларининг уйғун фаолиятини таъминлаш муҳимлигини таъкидладилар.

    Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг 30 кунга қадар ўзаро сафарлари учун визасиз режим жорий қилинганлигини, бу эса қисқа вақт оралиғида ўзаро сафарларни бир неча баробарга ошириш ҳамда икки мамлакат халқлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга кўмаклашиш имконини берганлигини ижобий баҳоладилар. Томонлар виза режимини янада либераллаштириш бўйича биргаликда иш олиб боришда давом этадилар.

    10. Президентлар минтақада хавфсизликка оид хуруж ва таҳдидларнинг кучайиб бориши Томонларнинг тегишли идоралари ўртасида биргаликдаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва уйғунлаштиришни талаб қилади, деган якдил фикрдалар.

    Шу ўринда икки мамлакатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалари ва хавфсизлик органлари йўналишидаги сермаҳсул ҳамкорлик қайд этилди ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг тегишли тузилмалари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида имзоланган битимларни амалга татбиқ қилиш зарурлиги таъкидланди.

    11. Давлат раҳбарлари ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдилар.

    Шу муносабат билан икки мамлакат раҳбарлари иккала давлат ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланганлигини олқишладилар.

    12. Президентлар икки мамлакат чегараолди ҳудудларида муҳандислик тўсиқлари участкаларини зарарсизлантириш масаласи бўйича Ўзбекистон-Тожикистон қўшма ишчи гуруҳи фаолиятини ижобий баҳоладилар ҳамда мазкур ишни 2019 йил охирига қадар якунлаш зарурлигини яна бир бор тасдиқладилар.

    13. Президентлар минтақанинг барча давлатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда сув-энергетика ресурсларидан комплекс фойдаланиш Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши, фаровонлиги ва равнақ топишига эришишда муҳим роль ўйнашини яна бир бор таъкидладилар. Мазкур соҳаларда очиқ мулоқот, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва конструктив ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро мақбул, адолатли ва оқилона ечимларни топиш муҳимлиги қайд этилди.

    Томонлар Тожикистон ҳудудида Зарафшон дарёсида умумий қуввати 320 мегаватт бўлган иккита гидроэлектростанцияни биргаликда қуриш масаласини ишлаб чиқишга келишиб олдилар. Икки давлат раҳбарлари Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияга Сарез кўлининг чучук сувидан икки мамлакатнинг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи учун фойдаланиш масаласини ўрганишни топширдилар.

    Томонлар 2018-2028 йилларда «Сув барқарор ривожланиш учун» халқаро ҳаракатлар ўн йиллиги бўйича олий даражадаги халқаро конференция (Душанбе шаҳри, 2018 йил 20-22 июнь) якунларини ижобий баҳоладилар ҳамда Конференциянинг якуний декларацияси ва бошқа якуний ҳужжатларини амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр эканликларини билдирдилар.

    Президентлар Марказий Осиё давлатлари томонидан биргаликда ишлаб чиқилган ва тақдим қилинган «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюцияси БМТ Бош Ассамблеяси томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланганлиги ва 2018 йил 22 июньда қабул қилинганлигини мамнуният билан эътироф этдилар ҳамда халқаро майдонда умумий минтақавий ташаббусларни илгари суриш ва рўёбга чиқаришдаги ҳамкорликни давом эттириш ниятида эканликларини билдирдилар.

    14. Президентлар халқаро масалаларда ҳар қандай қарама-қаршилик ва келишмовчиликларни фақатгина сиёсий йўл билан, музокаралар ва бошқа тинч воситалар орқали ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормалари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомида мустаҳкамланган принципларга сўзсиз риоя қилган ҳолда ҳал этиш мумкин, деган якдил фикрдалар.

    Томонлар халқаро майдонда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар ва форматлар доирасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда давом этадилар.

    Президентлар «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» номли Афғонистон бўйича олий даражадаги халқаро конференция (Тошкент шаҳри, 2018 йил 26-27 март) ҳамда Терроризм ва радикализмга қарши курашиш масалалари бўйича олий даражадаги халқаро конференция (Душанбе шаҳри, 2018 йил 3-4 май) якунларини ижобий баҳоладилар.

    15. Томонлар Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистон Республикасига амалга оширган тарихий хусусиятга эга давлат ташрифи натижаларини мамнуният билан эътироф этдилар ҳамда бўлиб ўтган музокаралар ва ташриф давомида имзоланган ҳужжатлар турли соҳаларда икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга янги туртки беришини, шунингдек, давлатлараро муносабатларни ҳар томонлама чуқурлаштиришга салмоқли ҳисса қўшишини таъкидладилар.

    16. Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ва бутун Ўзбекистон халқига Тожикистон делегациясига кўрсатилган меҳмондўстлик, илиқ ва самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга қулай бўлган вақтда ташриф билан Тожикистонда бўлишни таклиф қилди.

    » » Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмоннинг қўшма баёноти
    Яндекс.Метрика