Тожикистонда қариндошларнинг ўртасидаги никоҳ тақиқланди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Тожикистонда қариндошларнинг ўртасидаги никоҳ тақиқланди

Дунё 1-07-2016, 16:59 1 181
Тожикистонда қариндошларнинг ўртасидаги никоҳ тақиқланди

Бугун, 1 июль куни Тожикистон Республикасида қариндошлар ўртасида тузиладиган никоҳни қатъий ман қилишга доир қонун кучга кирди. Бу ҳақда "РИА Новости"га асосланиб "Qalampir.uz" хабар бермоқда.

Қариндошлар ўртасидаги никоҳ тақиқловчи қонун билан бирга ҳар бир турмуш қураётган жуфтликнинг шартли равишда тиббий кўрикдан ўтиши тўғрисидаги қонун ҳам кучга кирди.

“Тожикистоннинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги қонунига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, бундан кейин бир қорин нари тоғаваччалар, амакиваччалар, холаваччалар, аммаваччалар ҳамда уларнинг фарзандлари ўртасида никоҳ қуришга рухсат этилмайди. Шу билан бирга, никоҳдан ўтишдан аввал турмуш қураётган жуфтликлар мажбурий тарзда тиббий кўрикдан ўтишлари шартлиги белгиланди. ФҲДЁ органлари тиббий маълумотлар тақдим этилмаган ҳолатларда, никоҳни қайд этиш ҳуқуқига эга бўлмайдилар. Бундан ташқари, қонунга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, чет элдан ватанига қайтаётган тожикистонлик мигрантларга ҳам тиббий кўрикдан ўтиш шарт этиб белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, бундан сал олдин Тожикистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза вазири Нусратулло Салимзода 2015 йилда мамлакатда 30 минг нафар ногирон болалар рўйхатга олингани, уларнинг аксарияти яқин қариндошлар ўртасида тузилган никоҳда дунёга келгани ҳақида баёнот қилган эди.

Мутахассисларнинг фикрича, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг тақиқланиши мамлакатда ногирон болаларнинг дунёга келишини ва низо келиб чиққан тақдирда, қариндошлар ўртасидаги муносабатларга дарз кетишининг олдини олади.
loading...


Zamin.uz нинг Instagram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.