Янги Зеландиядаги зилзила сабабли океан туби қуруқликка айланиб қолди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Янги Зеландиядаги зилзила сабабли океан туби қуруқликка айланиб қолди

  • Дунё
  • 27-11-2016, 21:53
  • 852
  • Янги Зеландиядаги зилзила сабабли океан туби қуруқликка айланиб қолди

    Янги Зеландиядаги зилзила сабабли океан тубининг бир қисми қуруқликка айланиб қолди. Баъзи жойларда соҳил чизиғи 5,5 метрга кўтарилган, деб хабар бермоқда Кун нашри.

    Янги Зеландиядаги зилзилалар 13 ноябрда бошланиб, бир кун давом этган ва катта ҳудудни қамраб олган. Зилзила маркази Крайстчерч шаҳридан шимоли-шарқий томонда бўлган, 7, 8 магнитудали энг кучли зилзила эса 180 км узоқликда, Каикоур шаҳрида қайд қилинган.

    Зилзила оқибатларидан бири Каикоур яқинидаги тектоник плиталарнинг жиддий сурилиши бўлди: океан тубининг катта қисми қуруқликка айланиб, Папатеа кўрфазининг бир қисмини океандан ажратиб қўйди. Ўрта миқдорда соҳил чизиғи 2 метрга кўтарилган, бироқ баъзи жойлар 5 метр баландликка етади, чунки плита вертикал эмас, балки бурчак остида кўтарилган. Бирдан қуруқликка айланган океан тубида сув ўтлари, ўлган балиқлар ва краблар қолган.

    Крайстчерч ҳудудидаги аввалги зилзила Янги Зеландиянинг бутун тарихидаги энг кучлиларидан бири ҳисобланади: ўшанда 185 киши ҳалок бўлганди. Жорий зилзилалар эса ундан ҳам кучли бўлди, бироқ зилзила маркази кимсасиз жойда бўлгани сабабли қурбонлар сони анча кам бўлган. Маълум қилинишича, зилзила оқибатида 2 киши ҳалок бўлган ва бир неча ўн киши жароҳат олган.