Трамп Обаманинг у ҳақидаги сўзларига муносиб жавоб қайтарди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
18-12-2016 | 19:23 ZAMIN.UZ / Дунё / 18 Декабр 2016
562

Трамп Обаманинг у ҳақидаги сўзларига муносиб жавоб қайтарди

Трамп Обаманинг у ҳақидаги сўзларига муносиб жавоб қайтарди

Дональд Трамп АҚШнинг Мобил шаҳридаги (Алабама штати) тарафдорлари олдида чиқиш қилиб, Мишель Обаманинг у ҳақидаги гапларига ўз муносабатини билдирди. Гап шундаки, Барак Обаманинг рафиқаси республикачининг АҚШ президенти лавозимини эгаллаши Америка халқининг мамлакатдаги янгиланишларга бўлган умидларини чиппакка чиқаришини айтганди. "Кун" нашри шу ҳақида хабар бермоқда.

"Кеча Мишель Обама умидлар чипакка чиққанини айтди. Тушунишимча, у келажак ҳақида эмас, ўтмиш ҳақида гапирди. Бизда эса, аксинча, катта умидлар ва улкан салоҳиятлар мавжуд. Биз мисли кўрилмаган буюк давлат бўламиз", - дея ишонч билан таъкидлади Трамп.

"Сценарий ҳозирча ёзилмаган. Биз эртага тарихнинг қайси боби ўзгаришини билмаймиз. Бироқ узоқ йиллар давомида биринчи марта шуни аниқ биламизки, бу саҳифаларнинг ҳар бири сиз томонингиздан ёзилади", - дея ваъда берди республикачи ўн минглаб тарафдорларига юзланиб.

"Яқинда турмуш ўртоғим Мелания билан Оқ уйда бўлдик. Президент ва унинг аёли биз билан жуда яхши муомала қилишди. Умид қиламанки, Мишель Обама бошқа нарсани назарда тутган ва шунчаки ўз фикрини нотўғри баён этган", - дея қўшимча қилди Трамп.

Мишель Обама жума куни Опра Уинфрига берган интервьюсида Оқ уйга Трампнинг келиши Барак Обама даврида 8 йил давом этган "умидлар ва ўзгаришлар" даврига чек қўйишини айтган. "Ҳозир биз умидсизлик нима эканини ҳис қилмоқдамиз", - деган 44-давлат раҳбарининг турмуш ўртоғи.

Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.