Goodbye, Mr. Obama ёки АҚШ президентининг бой берган имкониятлари » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Goodbye, Mr. Obama ёки АҚШ президентининг бой берган имкониятлари

  • Дунё
  • 20-12-2016, 10:46
  • 605
  • Goodbye, Mr. Obama ёки АҚШ президентининг бой берган имкониятлари

    АҚШнинг 44-президенти Барак Обама бир ойдан сўнг ўз ваколатларини Дональд Трампга топширади ҳамда саккиз йил давомида ишлаган ўз лавозимини тарк этади. Унинг Оқ уйдаги фаолияти ижобий ҳолатларга ҳам, жиддий омадсизликларга ҳам олиб келди. Бироқ, Обама бу билан эсда қолмайди. У АҚШ президенти лавозимини эгаллаган биринчи афроамерикалик сифатида тарихга кириши муқаррар.

    Шошилинч баҳолаш

    Барак Обаманинг инаугурация маросими, 2009 йил


    Иллинойс штатилик 47 ёшли сенаторнинг 2008 йилдаги шов-шувли ғалабаси кутилмаган тарзда содир бўлди. Сайловчилар Обамага ишониб, унга ўз овозларини беришди. Унинг ғалабаси асосан кичик Жорж Бушнинг омадсиз сиёсати, шунингдек миллий иқтисодиётга зарар келтирган моливий инқироз сабаб юз берди.

    Шу билан бир қаторда, америкаликлар президентлик лавозимига афроамерикалик сиёсатчини танлаб ирқий можароларга барҳам беришга уриниб кўришди.

    АҚШнинг "Нью–Йорк таймс" газетаси эса Обамани сайлаш “сўнгги ирқий тўсиқлар енгиб ўтилгани ҳамда миллатда маънавий покланиш юз бергани” ҳақида ёзган. Бироқ, Обаманинг баъзи бир соҳалардаги омадсиз сиёсати бу умидлар рўёбга чиқмаганини кўрсатиб берди. "Тайм" журнали эса бу орада Трампни "Йил одами" деб эълон қилиб, унинг фотосуратига “Америка Тарқоқ Штатлари” дея изоҳ қолдирган.

    Иккита уруш

    Америкалик ҳарбийларнинг Ироқдан олиб чиқилиши, 2009 йил


    Обама АҚШ пиёда қўшинларини Ироқдан олиб чиқишга муваффақ бўлди. Бироқ Афғонистонда бир неча минг аскар ва зобитларни сақлаб қолишга мажбур бўлди. Шунингдек, АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари Ироқ ва Сурияда ИШИД жангариларига қарши амалиёт ўтказмоқда.

    Оқ уйнинг ҳозирги раҳбари ўзидан кейинги президентга икки урушни мерос қилиб қолмоқда. Америка махсус топшириқли ҳарбийлари томонидан 2011 йилнинг майида “биринчи рақамли халқаро террорчи” Осама бин Лодиннинг йўқ қилиши “Ал-Қоида”га жиддий зарба бўлди, бироқ Афғонистондаги экстремистлар қаршилигини буткул синдира олмади.

    Можаросиз омадсизликлар

    Барак Обама


    Обама биринчи кунларданоқ мамлакат ичида инқирозга қарши курашувчи менежер вазифасини бажаришга киришди. Ўшанда америка иқтисодиёти ва молиявий аҳволи унинг сўзларига кўра – “эркин қуш сифатида пастга шўнғиб бораётган эди”: саноат ишлаб чиқариш даражаси доимий равишда пасайиб борди, ишсизлик 6 фоиздан ошиб кетган, фуқароларнинг шахсий жамғармалари даражаси эса Буюк депрессия вақтидан бери энг паст кўрсаткични қайд этганди. Бундан ташқари, Fannie Mae ва Freddie Mac ипотека корпорациялари, Lehman Brothers ҳамда Merrill Lynch инвестиция банклари, энг йирик суғурта компанияси - American International Group касодга учради.

    Агарда Обама миллий иқтисодиётни тезда оёққа турғиза олганида, буюк америкалик президентлар рўйхатига қўшилган бўларди. Ноябрдаги сайловларда Демократик партия номзоди Ҳиллари Клинтоннинг мағлубияти ҳам кўп жиҳатдан у билан боғлиқ. Сайловчилар Клинтонга ишонишмади ҳамда ўз овозларини Трампга беришди.

    Обаманинг ўзи эса энг катта ютуқларидан бири – йирик сиёсий можароларнинг бўлмагани билан боғлиқ эканини айтди.

    Тузатиб бўлмас хаёлпараст

    Барак Обама Нобель мукофоти тақдирлаш маросимида, 2009 йил, 10 декабрь


    Обама ҳар доим хаёлпараст бўлган. Бу АҚШнинг араб мамлакатларига юришида, Осиё томонга “бурилиш”да ва Россия билан муносабатларда айниқса ёрқин намоён бўлди.

    Обаманинг 2009 йилда Нобель тинчлик мукофотининг олиши ҳам кўплаб баҳсларга сабаб бўлди. У Россия билан икки мамлакат ядро арсеналларини 80 фоизга камайтириш ҳақидаги битимга эришди. Бу кетаётган америка маъмуриятининг энг катта ютуғи бўлди. Шунингдек, унинг Эрон ядровий дастури ва Куба билан муносабатларнинг илиқлашуви борасидаги қарорлари ҳам ижобий тарзда қабул қилинди.

    Бироқ, омадсизликлар рўйхати барибир кенгроқ. Хусусан, араб-исроил можаросини ҳал этиш бўйича ҳаракатларнинг самара бермагани, Ливиядаги вазият ва Ироқдаги ҳолат.

    Ижобий муносабатлардан санкцияларга

    Эдвард Сноуден


    Обама маъмурияти расмий Москва билан муносабатларда аниқ бир тўхтамга кела олмади. Улар 2012 йилдан яна совуқлашиб борди. Вашингтон НАТОни кенгайтириш ва Европада ракеталарга қарши мудофаа тизими бўйича масалаларни ҳал қилиш учун ўзида куч топа олмади. Уларга Суриядаги вазият, Грузия атрофидаги баҳслар ва инсон ҳуқуқлари бўйича масалалар ҳам қўшилди.

    Шунингдек, Россиядаги ички сиёсий воқеаларга аралашув ҳам жиддий танқид билан кутиб олинди. Америка расмий шахсларининг Давлат думасига сайловлар, Россия ҳукуматининг мухолифатга нисбатан муносабати ва РФда қабул қилинган бир қатор шов-шувли қонунларни муҳокама қилишлари ҳам салбий қабул қилинди.

    Вашингтон эса Москвадан “Сноуден иши”, ядровий ўзаро дастурлардан воз кечиш ва Сурия етакчиси Башар Асаднинг қўллаб-қувватаниши сабаб ранжиди. Муносабатлар Украинадаги воқеалар ва Қримнинг Россияга қўшилишидан сўнг батамом ёмонлашди. Қўшма Штатлар томонидан россиялик бир қатор жисмоний шахслар, компания ва ташкилотларга нисбатан киритилган санкциялар эса Москвада душман хатти-ҳаракати деб баҳоланди.

    Айни дамда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар сўнгги чорак аср давомидаги энг ёмон ҳолатда бўлиб турибди. Бир қатор мутахассислар эса совуқ уруш даврига қайтиш ҳақида ҳам бонг уришмоқда.

    Нималар мерос бўлиб қолади?

    Барак Обама


    Кўпчилик мутахассисларнинг фикрича, янги совуқ уруш ҳеч кимга керак эмас ва АҚШнинг сайланган президенти Трамп ўзаро муносабатларни яхшилаши мумкин. Кўпчилик Обама маъмурияти россия йўналишида ўзига керакли бўлган мақсадга эриша олмаганини айтмоқда.

    "АҚШнинг Россияга бўлган ҳозирги муносабати омадсизлик келтирди, – дея таъкидлаб ўтди Вашингтондаги Кеннан институти етакчи ходими Мэтью Рожанский. – Москва ташқи оламдан узиб қўйилгандек тасаввур уйғотиши мумкин, бироқ бу унинг Украина ва Сурия бўйича ҳаракатларига деярли таъсир кўрсатмади".

    Трамп эса Москва билан муносабатларни яхшилаш учун Обама маъмуриятининг бир қатор сиёсий қарорларидан воз кечиши даркор.

    Миллиардернинг баёнотларига кўра, Эрон билан ядровий келишув, Куба билан муносабатлар ва иқлим бўйича Париж битими масалалари қайта кўриб чиқилиши мумкин. Булар Обама томонидан энг катта сиёсий ютуқлар дея баҳоланади.

    Британиянинг “Гардиан” нашри эса АҚШ оддий фуқаролари фикрини шундай ифодалаган: "Кўплаб соҳаларда, жумладан, иқтисодиёт, банк, фуқаро эркинликларида у кўпроқ нарса қилиши мумкин эди”. Аммо қилмади...