06:35 / 29.04.2017
6 101

Афғон ўйини: террорчиларга аслида ким кўмак бермоқда?

Афғон ўйини: террорчиларга аслида ким кўмак бермоқда?
Америка Қўшма Штатлари норасмий «Бутунамерика дивизияси» ёки «Шалвар кийган иблислар» деб номланувчи 82-ҳаво десант дивизия таркибидан бир ярим минг ҳарбийни Афғонистонга жўнатади. Бу ҳақда Американинг Daily Beast интернет-нашри хабар берган. Бироқ, Пентагондагилар «РИА Новости»га гап режали ротация ҳақида кетаётгани, ҳарбийлар сони оширилмаслигини таъкидлашган.

«Бу режалаштирилган операция ва у жангариларнинг ҳеч қандай ҳужуми билан боғлиқ эмас», — демоқда 82-дивизия матбуот хизмати.

«Толибон»га қурол қаёқдан келган?

Эҳтимол, бу ростдан ҳам режали ротация бўлиши ҳам мумкин, бироқ у бир томондан, Афғонистонга америкалик юқори мартабали амалдорлар ва дипломатларнинг тез-тез ташриф ошираётган вақтига тўғри келмоқда. Сўнгги вақтлар ичида Кобулга АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳерберт Макмастер ва АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис ташриф буюришган. Уларнинг ҳар иккисини кўплаб вакиллардан иборат делегация кузатиб борган.

Бошқа тарафдан, Афғонистон ҳукумати мамлакатдаги вазиятни тобора ёмонроқ назорат қилмоқда. Назорат йўқолганига яққол мисол — «Толибон» жангарилари томонидан Афғонистон ва Тожикистон чегарасидаги Мозори Шариф шаҳрида ҳарбий хизматчиларнинг оммавий қатл қилинишидир. Жангариларнинг ҳужуми натижасида 200га яқин ҳарбий ўлдирилган. Икки исломий жангари шаҳидлар белбоғини ҳаракатга келтирган, яна бир нечтаси казармада ўтирган қуролсиз аскарларга қарата ўқ узишган. Жангарилар ҳарбий база ҳудудига кириш учун қийинчиликсиз еттита назорат ўтказиш пунктини босиб ўтишган.

Бошқарувдаги бошбошдоқликнинг яна бир далили — 209-армия корпусида Афғонистон мудофаа вазирлиги томонидан ўтказилган текширув бўлди: аниқланишича, қурол-яроғларнинг ярмиси йўқолиб қолган. Афтидан, қуроллар ё исломий жангарилар томонидан ўғирлаб кетилган, ё афғон зобитлари томонидан уларга пулланган.

Ушбулар фонида Вашингтон Россияни «Толибон» ҳаракатини қўллаб-қувватлашда айбламоқда. Илгари бундай айбловлар билан республикачи-сенатор Жон Маккейн чиқиш қилиб турарди: «Россия айни пайтда Афғонистондаги вазиятга аралашиб, «Толибон»ни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилиб, АҚШнинг саъй-ҳаракатларини йўққа чиқаришни мақсад қилган», —дея. Буни ҳар нарсада Москвани айблашга кўникиб қолган Маккейннинг имижига хос риторика, дейиш ҳам мумкин. Бироқ, шу кунларда Афғонистоннинг Кундуз ва Ҳирот шаҳарларида бўлиб ўтган толибларнинг бир неча аксиламерика акцияларида Москванинг қўли борлиги ҳақида АҚШ ва НАТО кучларининг Европадаги қўмондони, генерал Кёртис Скапаротти ҳам айтиб ўтган. «Сўнгги вақтларда Россиянинг «Толибон» билан ҳамжиҳатлигини кузатмоқдаман, эҳтимол, гуруҳ руслар томонидан қўлланилаётган ҳамдир», — деган Скапаротти.

Бир вақтнинг ўзида The Washington Post газетаси АҚШ мудофаа вазирлигидаги манбасига таянган ҳолда, гўёки Россия сўнгги 18 ой ичида «афғон толибончиларига қурол-яроғ етказиш ҳажмини оширган»лигини таъкидлаб ўтган. «Булар ҳеч бир далил билан асосланмаган нопрофессионал баёнотлардир. Россия ҳақида ҳозир ҳар ким нималардир дейиши мумкин, лекин бундай салбий баёнотларни қўлловчи бирорта факт келтира олишмайди», — деган бунга жавобан Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров. Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай ҳам Россия «Толибон»га қурол-яроғ етказаётгани ҳақидаги иддаоларни рад этди: «Йўқ, йўқ, бу аниқ бундай эмас», дея.

Бундан ташқари, Америка ОАВларига берган интервьюси мобайнида Ҳамид Карзай «ИШИД террорчилик гуруҳи АҚШнинг минтақадаги агенти ҳисобланиши»ни таъкидлаб ўтган. «ИШИД ва АҚШ ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ», — деган у. «АҚШ Афғонистонга терроризм ва экстремизмга қарши кураш учун кириб келган. Ўтган 15 йил ичида бизда терроризм ва экстиримизм кўпайди ёки камайди? Бир неча баробар кўпайди! Айниқса, тинч аҳоли ўртасидаги қурбонлар инобатга олинадиган бўлса, бу мағлубиятдан бошқа нарса эмас», — деган Карзай RT мухбири билан суҳбатда.

Шу ҳафта Москвада ташкиллаштирилган халқаро хавфсизлик бўйича конференцияда Ҳамид Карзай Афғонистондаги можарони Россия, АҚШ ва Хитойнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштирибгина тартибга солиш мумкинлигини, мамлакатга қўшимча ҳарбийлар олиб кирилиши эса ҳар икки томондан янгидан-янги қурбонларга сабаб бўлишини таъкидлаган.

Москвада 14 апрель куни Афғонистондаги вазият бўйича Афғонистон, Эрон, Хитой, Ҳиндистон ва яна бир қатор давлатлар иштирок этган кўптомонлама музокараларда АҚШ намойишкорона иштирок этмади. Москва музокараларига америкаликлардан ташқари биргина «Толибон» ҳаракати вакиллари қарши чиққан.

Манба: Kun.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғон ўйини: террорчиларга аслида ким кўмак бермоқда?