12:20 / 07.05.2017
4 443

Қозоғистонда ахборот технологиялари шиддат билан ривожланмоқда

Қозоғистонда ахборот технологиялари шиддат билан ривожланмоқда
Ўзбек ва қозоқ халқларининг дўстона муносабатлари олис тарихга бориб тақалади. Бугунги кунда ҳам икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорлик кун сайин ривожланиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг қўшни юртга жорий йилнинг март-апрель ойидаги ташрифлари ҳам азалий алоқаларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. Бугун ушбу дўст мамлакатнинг иқтисодиёт, илм-фан ва технологиялар соҳасидаги ютуқларига бир назар ташламоқчимиз, деб ёзади Darakchi.uz сайти.

Кеча ва бугун

Бугунги кунда Қозоғистон технологик инқилоб борасида мисли кўрилмаган даражадаги ютуқларни қўлга киритмоқда. Жадал автотматлаштириш, роботлаштириш, сунъий онгни ривожлантириш ва халқаро технопарклар айрим ҳудудларда ҳали-ҳануз фантастика бўлиб туюлса, Қозоғистон учун яқин келажак манзараларига айланди. Президент Нурсултон Назарбоев 2025 йилгача мамлакат иқтисодиётини янги босқичга кўтариш бўйича кўрсатма берган.

Қозоғистон яна бир карра ўз сўзини елга совурмаслигини амалда кўрсатди. Ўн йилликнинг бошларида мамлакатни дунёнинг 30 та ривожланган мамлакатлари сафига олиб чиқиш масаласи қўйилган, аммо бу кўпчилик сиёсатчиларга шунчаки баландпарвоз шиор ёки ушалмас орзу бўлиб туюлган эди. Аммо вақт ўтгани сари бу режанинг қанчалик ҳақиқатга яқинлиги ойдинлашмоқда. Қозоғистон айни пайтда эски тармоқларни унутмаган ҳолда, янги юқори технологиялар соҳаларини янада ривожлантириш йўлидан бораётир.

Қозоғистоннинг “Силикон водийси”

Мамлакатда барча ҳудудларда оптик толали инфратузилмалардан фойдаланиш имконини берувчи “Рақамли Қозоғистон” дастурини ишга тушириш мўлжалланган. АҚШдаги Калифорния штатидаги технологик янгиланиш маркази бўлган “Силикон водийси” ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Ана шу мақсадда Қозоғистон ҳам стартапларнинг халқаро технопарки – ўз “Силикон водийси”ни очиш арафасида. Бу ҳудуд учун хорижлик инвестор ва тадбиркорларга солиқ, виза ва меҳнат имтиёзлари бериш кўзда тутилмоқда.

Бугунги кунда кўпгина давлатлардан жуда кўп иқтидорли дастурчилар, ғайратли тадбиркорлар ўз имкониятларидан тўла-тўкис фойдаланиш мақсадида Ғарбга эмас, Қозоғистонга келаётгани ҳам бежиз эмас. Инсоф билан айтганда, бугун бу мамлакатда ўз Ватанига содиқ ёшлар камол топаётир. Янги технологияларин чуқурроқ ўзлаштириш мақсадида мактабларда инглиз тилидаги дарс соатлари сезиларли даражада кўпайтирилган. Ҳатто бошқа кўплаб фанлар ҳам айнан инглиз тилида ўтилади. Шунингдек, мамлакатдаги таълим муассасаларида бепул касбий техник таълим ҳам йўлга қўйилган. Бу имтиёздан барча ёшдагилар, касб ўрганишни истаганлар фойдаланиши мумкин. Шу билан бирга мамлакатда юқори технологиядлар билан жуда яхши чиқиша оладиган малакали мутахассислар тайёрлашга катта эътибор қаратиляпти.

«Мade in Kazakhstan»

Айтиш жоизки, Қозоғистон ҳукумати нафақат таълим, балки ижтимоий соҳаларга ҳам катта эътибор қаратмоқда. Пенсия ва нафақалар ҳам мунтазам ошириб борилмоқда.

Қозоғистон иқтисодий ислоҳотлар учун ҳам қулай фурсатни танлай олди. Бир пайтлар мамлакат бюджетининг асосий қисми нефть экспортидан келган бўлса, бугунги кунда ишлаб чиқаришнинг бошқа тармоқлари ҳам шиддат билан ривожланмоқда, янги технологиялар жорий этилмоқда, янги саноат тармоқлари шаклланмоқда.

Хусусан, ҳукумат мамлакатни қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, экологик жиҳатдан энг тоза аграр маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар қаторига олиб чиқишга интилмоқда. Бу мақсадларни амалга ошириш учун Қозоғистоннинг ички имкониятлари етарли: ҳосилдор ерлар, мўътадил иқлим бунга имкон беради. Яъни келгусида фақат хом ашё эмас, қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари миқдори ҳам ортиб бормоқда. Тез орада «made in Kazakhstan» тамғаси билан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни дунёнинг чекка ҳудудларида ҳам учратиш мумкин бўлади. Зеро, яқин беш йил ичида Қозоғистон озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини салкам ярим баравар оширишни кўзда тутмоқда. 2025 йилга бориб, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар экспорти миқдори икки баравар ортади.

Бу Қозоғистонни модернизациялаш жараёнининг айрим жиҳатлари холос. 2025 йилгача мамлакат нафақат барча фаолият турларида рақамли технологияларни жорий қилиш ва аграр секторни янги босқичга кўтариш, балки ўз ҳудудидан ўтадиган транзит товарлар миқдорини ошириш, аҳолини кўпроқ тадбиркорликка жалб этиш ва банк тизимини янада мустаҳкамлашга ҳам катта эътибор қаратаётир.

Шу тариқа, Қозоғистон иқтисодий ўсишнинг ўзига хос моделини яратмоқда. Зотан мамлакат ривожланган давлатларнинг синалган тажрибаларидан оқилона фойдаланган ҳолда, иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни ҳаётга жадал татбиқ этиб бормоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистонда ахборот технологиялари шиддат билан ривожланмоқда