09:31 / 07.07.2017
6 646

Америка президенти Дональд Трамп Шимолий Кореяга қарши куч ишлатишни режалаштирмоқда…

Америка президенти Дональд Трамп Шимолий Кореяга қарши куч ишлатишни режалаштирмоқда…
Куни кеча Шимолий Кореяда навбатдаги баллистик ракетанинг синовдан ўтказилиши ва бу синов муваффақиятли кечгани Америка ҳукуматини саросимага солиб қўйди. Трамп энди бу мамлакатга ҳаробий куч ишлатиш ҳақида бош қотира бошлади. Аммо Конгрессдагилар бироз шошмасликни маслаҳат беришмоқда. Улар олдин янги санкциялар қўллаб кўриш мақсадга мувофиқлигини баён қилишди. Шу ҳақда Американинг Бирлашган миллатлар ташкилотидаги вакиласи Никки Хейли расман хабар берди. У яқинда Россия тарафи Пхеньянга нисбатан дипломатия усуллари қўлланиши маъқулроқ эканини баён этгани ҳақида фикр юритиб, Кремлни танқид остига олди.

— Шимолий Кореянинг қалтис ҳаракатлари, — деди Хейли. — Дипломатик муносабатлар юритиш учун очиқ йўлларни ёпиб ташламоқда. АҚШ ўзини ва иттифоқдошларини ҳимоя қилиш учун етарлича қудратга эга. Шундай экан, дипломатия ҳақида ўйлашнинг ҳам ҳожати қолмаяпти. Агар Шимолий Корея ядро дастуридан воз кечмаса, ракеталар синовига барҳам бермаса, Америка Қўшма Штатлари бу давлатга қарши ҳарбий куч ишлатишга мажбур бўлади…

Аммо Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин Хейлининг фикрларига қўшилмаслигини баён қилди.
— Шимолий Кореяни фақат тинчлик йўли билан тўхтатиш лозим, — деди у. — Мен бу ҳақда Дональд Трампга ҳам албатта айтаман. Қурол ишлатиш билан ҳозирги даврда мақсадга эришиб бўлмайди…

Эслатиб ўтамиз, яқинда Россия ва Хитой раҳбарлари Шимолий Кореянинг ракета синовларини танқид остига олиб, бу ҳаракатлар тўхтатилишини талаб қилди. Шу билан бирга Америка ва Жанубий Кореяни биргаликдаги ҳарбий ўқув машғулотлари ўтказишни бас қилишга чақирди. Афсуски, Пентагон бу ўқув машғулотлари ҳеч қачон тўхтатилмаслигини очиқчасига баён қилди.

Ҳа, ҳақиқатан, 5 июлда, яъни, Шимолий Корея баллистик ракетани муваффақиятли синовдан ўтказган кун Америка ва Жанубий Корея ҳарбий ўқув машғулотлари доирасида ракеталар ҳужумлари машқини амалга оширишди. Машқларда Шарқий соҳилга яқин ҳудудда «ATACMS (Army Tactical Missile System)» тезкор-тактик-ракета жамланмалари, Жанубий Кореяга тегишли «Hyunmoo» ракеталаридан фойдаланилди.
Хейли яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтдики, Америка Шимолий Кореяга қарши янги санкция тайёрлаб қўйди. Трамп эса агар Россия ва Хитой бу ҳаракатларни ёқлаб чиқмаса, Америка ўзи танлаган йўлдан боришини маълум қилди.

— Санкциялар асосан нефт масаласида ишлаб чиқилган, — деди Хейли. — Биз Шимолий Кореянинг ядровий дастурлар учун сотиб олинадиган нефт йўлларини ёпиб қўямиз. Ҳаво ва денгиздаги ҳаракатларини чеклаймиз. Шимолий Кореянинг юқори лавозимли шахсларини жиноий жавобгарликка тортамиз.

Экспертлар ҳам шу масалада ўз фикрларини ўртага ташлашмоқда. Уларнинг айтишича, Шимолий Кореянинг муваффақиятли тарзда қитъалараро баллистик ракета синовини ўтказгани Америка ва бу давлат иттифоқдошларининг пайтавасига қурт туширди. Тўғри, Америка Шимолий Кореяни ҳужумлар билан қўрқитишга уринмоқда. Аммо бир нарсани ҳисобга олмаяпти. Шимолий Корея ихтиёрида Сан-Францискогача ета оладиган ракеталар бор. Бу ракета Американи иттифоқдошлардан маҳрум этиш имконига эга. Бу ядро қуроли. Америка эса бундай қудратга эга эмас. Пентагондагилар ҳам бу ҳақиқатни тан олишган. Американинг ихтиёрида фақат ҳимоя қуроли сифатида ракеталарни уриб туширишга мўлжалланган ускуналар мавжуд. Улар ҳам фақат битта ракетани уриб тушира олади холос.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Америка президенти Дональд Трамп Шимолий Кореяга қарши куч ишлатишни режалаштирмоқда…