08:30 / 12.09.2017
17 921

Байкалдаги сирли ҳодисалар

Байкалдаги сирли ҳодисалар
Россиянинг Сибирь деб аталмиш совуқ ва ёввойи жанубий қисмида Ер юзидаги бирорта бошқа кўлга ўхшамайдиган, сайёрамизда энг чуқур ва энг қадимий, ўзининг мафтункор мавжлари, хушманзара табиати билан дунёга машҳур Байкал кўли бор. У нафақат ўзининг ана шу сифатлари, балки азалдан сирли ғайритабиий ҳодисалар марказилиги билан ҳам донг таратган.

Байкал пайдо бўлиши жиҳатидан тектоник кўл ҳисобланади. Яъни ер қобиғи ёрилиши натижасида вужудга келган. Дунёдаги энг чуқур ушбу кўлнинг чуқурлиги – 1642 метр, сатҳи майдони – 31722 кв. километр. Кўл шунчалик улуғвор ва чуқурки, Ер юзидаги ичимлик сувнинг 20 фоизини ўз қаърида жамлаган. Ёши 25 миллион йил бўлган Байкал кўли дунёда мавжуд кўлларнинг энг кексаси ҳисобланади. У нафақат улкан сув ҳавзаси, ҳайратомуз зилол суви, гўзал табиати, биологик хилма-хиллиги, балки Ер юзининг бошқа жойларида учрамайдиган жуда кўп мавжудот турларининг яшаш макони эканлиги билан ҳам тилга тушган.

Байкал кўли билан жуда кўп сирлар ва жумбоқлар, ғаройиботлар боғланган. Афсона ва ривоятлар тилдан тилга ўтиб келган. Улардан бирида кўлда яшовчи даҳшатли маҳлуқ ҳақида ҳикоя қилинади. Маҳаллий аҳоли ҳозиргача ундан қўрқишади. Ушбу ҳудудда яшовчи бурятлар бу мавжудотни Лусудхон деб аташади. Бу «Сув Аждаҳоси эгаси» деган маънони билдирар экан. Ҳикоя қилишларича, мавжудот улкан осетр балиғи кўринишида ғайриоддий тумшуқли, бутун бел бўйлаб брон сузгичларга эга қўрқинчли маҳлуқ эмиш. Балиқчилар ҳозиргача сокин сувни жунбушга келтирувчи бу ғалати мавжудот ҳақида хабар қилишда давом этишмоқда. Яна зилол сувда оҳиста сузиб бораётган улкан қора шарпа ҳақида ҳам маълумотлар келиб туради. Қадимги Хитой кўл тадқиқотчилари уни Шимолий денгиз деб аташган, «Кўл худолари» ва «Аждаҳо балиқлар» деб аталган кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жонзотлар ҳақида маълум қилишган.

Байкалдаги махлуқ ҳақида кўл бўйида юксалган қояларда аниқланган қадимги петроглиф ёзувлар ҳам гувоҳлик беради. Енисей – Энасой дарёси қирғоғида жойлашган Аскиз посёлкаси ҳудудида ўзига хос ёдгорлик – улкан тош плита мавжуд. Экспертларнинг аниқлашларича, у эрамизгача учинчи ва тўққизинчи асрлар оралиғида ўрнатилган бўлиб, аллақандай сирли сув махлуқи тасвири акс эттирилган. Плитага ўйилган тасвирда икки айри тилли ҳамлага шай турган баҳайбат калтакесакка ўхшаш, тирноқлари катта, бели бўйлаб ўсимта тангалар қопланган ғалати махлуқ акс этган.

Байкал кўлида сирли махлуқотлардан ташқари, кўп йиллардан буён сув остидаги олов, шунингдек, кўл устида ўзга сайёраликларнинг космик кемалари тез-тез пайдо бўлиб туриши ҳақида сон-саноқсиз хабарлар тарқалиб турибди. Улардан нисбатан қизиқроқ воқеа совет давридаги махфий ҳужжатлар ошкор этилгандан сўнг маълум бўлди. Ҳужжатлар Россия флотига қўмондонлик қилган Ҳарбий-Денгиз флоти бош қўмондонининг ўринбосари адмирал Николай Смирнов ғайритабиий ҳодиса – Байкал кўли атрофида НУЖлар жуда кўп марта кузатилганини ёзиб қолдирган. Ана шундай ҳисоботлардан бирида номаълум учувчи жисм – НУЖни таъқиб этган ТУ-154 самолёти Байкалга қулаб тушгани айтилади. Бошқа ҳисоботларда эса кўл устида гоҳ келиб чиқиши номаълум олов, гоҳ сув қаъридан сузиб чиқиб, ақл бовар қилмас тезликда осмонга кўтарилиб кетган жисм ҳақида маълумотлар келтирилади.

Айрим ҳужжатлаштирилган кузатувлар НУЖ осмондан тушиб сувга қўнгани ва оддий қайиқдек сузиб кетганидан гувоҳлик беради.
1982 йилда Байкал устида ўзга сайёраликлар билан боғлиқ воқеа янада ҳайратомуз ва ўта ғалати. Кўлда ишлаётган Ҳарбий денгиз Флоти аквалингисти 50 метр чуқурликда кумуш костюм кийган одамсимон мавжудот ҳақида хабар қилади. Ҳисоботда таъкидланишича, мавжудотни таъқиб қилиш чоғида уч акваланчи ўлдирилган, яна тўрт ғаввос жиддий жароҳатланган.

Байкал кўлида тушуниб бўлмайдиган яна бир ҳодиса кемаларнинг изсиз йўқолишидир. Кўлда бундай зоналар кўп. Улардан бири кўлнинг ғарбий қирғоғига тегишли Ритий бурунидир. Ушбу жойда жуда кўп кемаларнинг изсиз йўқолиши туфайли маҳаллий аҳоли уни қарғиш теккан ер деб атайди. Байкалда кемалар ғойиб бўлганда кўл устида ғалати объектларнинг пайдо бўлиши янада сирли. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, кўлда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган шундай ҳодисалар бўладики, киши беихтиёр ёқа ушлайди: кўл устида чинакам поездлар, қасрлар пайдо бўлади, орадан бироз вақт ўтгач, улар ҳавога сингиб изсиз ғойиб бўлади.

Олимлар ушбу ҳодисани Байкал кўлининг ўзига хос ноёб хусусияти – ёзда иссиқ ҳавонинг совуқ сув юзасига урилиши натижасида ҳосил бўладиган сароб деб изоҳлайдилар. Кўлнинг зилол суви сокин жимирлаб, мусаффо осмонни кўзгудек акс эттириб турганида кўз ўнгингизда намоён бўладиган сароб манзаралар чинакамга ўхшаб туюлади. Бундай сароблар кемалар ҳалокатига сабаб бўлиши мумкин: рулни бошқарувчи ва экипажни чалғитиб кемани қояларга олиб бориб уради. Ким билади, бу сароблар табиат кучларининг фитнасими ёки табиий кучлардан юқори турувчи бизга номаълум ўта ривожланган ақл-заковат эгаларининг маҳсулими?

Байкал кўли Ер юзида ақл бовар қилмас ғаройиботларга ҳаддан ташқари бой маскан. Табиат қонуниятларига зид сирли ҳодисалар, жумбоқлар бу улкан кўлнинг улуғвор гўзаллиги қаърига шунчалик чуқур сингиб кетганки, улар бизнинг тафаккур ва тасаввуримиз кенгликларига сиғмайди.

Манба: mulohaza.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Байкалдаги сирли ҳодисалар