Сингапурда ҳавонинг кучли ифлосланганлиги кузатилди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Сингапурда ҳавонинг кучли ифлосланганлиги кузатилди

Дунё 26-09-2015, 12:39 1 034
Сингапурда ҳавонинг кучли ифлосланганлиги кузатилди

25 сентябрда Сингапур ҳукумати ҳавонинг рекорд даражадаги ифлосланганлиги сабабли маҳаллий мактабларни ёпиб қўйди. Ифлосланганлик даражаси максимал қийматдаги чегарадан – 320 бирликдан ошиб, мутахассислар томонидан “хавфли” деб баҳоланди.

Кекса ва кам таъминланган одамларга ҳимояловчи ниқоблар тарқатилди. Корхоналар ишлашда давом этавердилар, бироқ уларга ишчилар учун қулайроқ шароитларни яратиш ва дам олишга ажратилган вақтни ошириш тавсия қилинди. Шунингдек, сингапурликларга иложи борича кўчага чиқмаслик тавсия қилинди.

Сингапурнинг қуюқ тутун ичида қолишига Индонезиядаги ёнғинлар сабаб бўлди. Бундан бир неча ҳафта олдин Индонезияда қишлоқ хўжалиги мақсадларида ёнғин уюштирганликка алоқадор бўлган бир неча компаниялар раҳбарлари ҳибсга олинганди.

Ёнғинларнинг асосий ўчоқлари Калимантан ва Суматра оролларида жойлашган. 23 сентябрда Палангкарая шаҳрида ҳавонинг ифлосланганлиги деярли 2 минг бирликка етди, ваҳоланки 150 бирликнинг ўзиёқ ҳаёт учун хавфли ҳисобланади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, кучли қурғоқчилик сабабли тутунланганлик ноябрь охиригача давом этади.

Бу орада Сингапур аҳолиси қуюқ тутун ичида қолган шаҳар манзаралари ва ниқоб тақиб олган ҳолда тушган селфиларини чоп этмоқдалар.






Теглар: photo

Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.