Саудия Арабистонида пора эвазига озодлик таклиф этилди

  • Дунё
  • 17-11-2017, 19:55
  • 495
  • Саудия Арабистонида пора эвазига озодлик таклиф этилди
    Ноябрь ойи бошида Саудия Арабистонида Коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ташкил этилиб, оммавий равишда шаҳзодалар ва мансабдорлар қўлга олинганини хабар берган эдик. Бу ҳодиса дунё ОАВлари эътиборини тортди. Сабаби, коррупцияга қарши курашиш кампанияси ортида тахт учун кураш масаласи борлиги ойдинлашди.

    Саудия Арабистони шаҳзодаларда тўхтаб қолмади, навбат маликаларга ҳам етиб келди. Малика Рим бинт ал-Волид ибн Талал ҳам ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик.

    Саудия Арабистонида вазият кескинлашишда давом этмоқда. Сўнгги хабарларга қараганда, мамлакатда қироллик оиласига ўз бойликларининг бир қисмини озодликка алмаштириш таклифи билдирилди. Ҳукумат шу тариқа давлат ғазнасини 100 миллиард долларга тўлдириш истагида.

    Маълумотларга қараганда, “Ritz-Carlton” меҳмонхонасидаги қироллик оила аъзолари билан мунозаралар олиб борилмоқда.

    Қўлга олинган миллиардерлардан бирига коррупцион можародан кўрилган зарарни қоплаш учун 70 фоиз бойлигини давлат ҳисобига ўтказиш эвазига озодлик таклиф этишган.

    Қўлга олинган шаҳзодалар нафақат коррупцион можароларда, балки қурол-яроғ савдоси, пулларни ўзлаштириш каби жиноятларда ҳам айбланган. Қизиғи шундаки, улар қамоқда эмас, 5 юлдузли меҳмонхоналарда сақланаяпти.