10:32 / 28.11.2017
7 539

Чингизхондан куч-қудрат ва етакчиликка оид сабоқлар

Чингизхондан куч-қудрат ва етакчиликка оид сабоқлар
Етакчилар ҳар хил бўлади. Макиавелли каби - маккор, шиддатли ва шафқатсиз. Баъзилари эса Буюк Кир каби - камтар, сахий ва садоқатли. Буюк саркардалар қаторида Чингизхон ҳам ёдга олинади, бироқ уни эҳтиёткорлик билан четлаб ўтишади: унинг сўзларидан парчалар келтирилмайди ва бизнесга оид китобларда тилга олинмайди, на семинарларда ва на ҳатто латифаларда. Ахир қонхўр ёвуздан нимани ҳам ўрганиш мумкин бўларди?

Шундай экан, кўп маданиятлар Чингизхон хотирасини ўчириб ташлашни маъқул кўришади. СССРда, масалан, уни ҳатто тилга олиш ҳам тақиқланган эди. Бироқ ҳақиқат шундаки, ҳар қандай тарихий шахсдан нимадир ўрганиш мумкин бўлгани каби, Чингизхоннинг ҳам ўрнак олса арзигулик жиҳатлари бўлган. Чунки у ҳақида деярли барча билганларингиз - тўқиб чиқарилган, дейилади Forbes'да.

У қийноқларни бекор қилган, диний эътиқод эркинлигини киритган, ажратилган қабилаларни бирлаштирган, зодагонлар имтиёзларини инкор қилган, ўз ҳудудларини меритократия тамойилига кўра бошқарган, ўрганишни яхши кўрган ва мўғул жамиятидаги аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилган. У улуғ фатҳ қилувчи ва деярли етти аср мавжуд бўлган 31 миллион квадрат километрли империяни бошқарувчи генерал бўлган. (Қўшма Штатлар қўшинлари Боғдодни қўлга олишганида, бу Чингизхон давридан буён биринчи марта шаҳарнинг муваффақиятли забт этилиши бўлган).

Ҳа, у шафқатсиз жангчи бўлган, бироқ унинг барча ишлари кўнгилхушлик йўлида бўлмаган. Ҳозир "Асосийси - ғалаба эмас, иштирок", дейишади. Мўғуллар бу гапга қўшилмаган бўлишарди. Тўқнашувларда ғалаба қилиш уларнинг ҳаёти мазмунига айланганди ва улар бунинг учун қўлларидан келганча ҳаракат қилишарди. Улар урушдан кейинги дунёни ҳам худди шундай иштиёқ билан қайта тиклашарди. Бошқа саркардалар душман қўлидан эрта ўлим топган бир вақтда Чингизхон кексайиб, севимли оиласи қуршовида ҳаётдан кўз юмган.

Унинг буюк миссияси оддий ва дангал бўлган: бутун дунёни бир империя остида бирлаштириш. Бироқ унинг ўзи айтганидек, "Мақсадлар катта экан, менинг зиммамдаги мажбуриятлар ҳам осон бўлмайди". Тарихий маълумот учун Жек Уэзерфорднинг "Чингизхон ва замонавий дунёнинг туғилиши" китобига мурожаат қиламиз. У қандай қилиб Чингизхон бундай улкан миссиясини адо этишнинг уддасидан чиққанини тушунишга ёрдам беради ва унинг куч-қудрати сирларини очиб беради. Қуйида хоннинг авлодлари томонидан сақлаб келинган тўққиз сабоғи тақдим этилади.

Ишни охирига етказ
"Мўғул жангчиси бой берилган курашдаги иштироки билан мақтана олмасди. Чингизхон айтганидек, ҳар қандай иш фақат охирига етказилгандагина мазмун касб этади".

Сабр-тоқатда ўрнак бўл
"Ёмғирда бирга хўл бўлардик, совуқда эса - бирга музлардик".

Каттароқ мақсадлар учун хизмат қил
"Етакчининг одамлари бахтсиз экан, унинг ўзи ҳеч қачон бахтли бўла олмайди".

Мақсадга эга бўл
"Инсон мақсадни кўрмай, ўз ҳаётини, қолаверса, бошқалар ҳаётини бошқара олмайди... Қадимгиларнинг бир гапи бўлган: "Мақсад бир бўлса, ҳеч қандай кулфат қўрқув уйғотмайди".

Ўзингга ишон
"Энг яхши дўстингиз - доно қалбингиз. Кўпчиликка ишониш мумкин, бироқ ҳеч бир дўст ўзингизчалик ишончли бўла олмайди. Кўплар маслаҳат бериши мумкин, бироқ ҳеч кимнинг овози виждонингиздан устун келиши керак эмас. Кўп нарсани қадрлаш мумкин, бироқ ўз ҳаётингиздан қадрлироғи йўқ".

Камтар бўл
"Ғурурни жиловлаш йиртқич арслонни жиловлашга ўхшайди - бу жуда қийин. Бироқ ўз ғурурини бошқара олмаган киши халқни бошқара олмайди".

Ҳамма нарсада меъёрга риоя қил
"Мен ҳашаматни тан олмайман, ҳамма нарсада меъёрга риоя қилиш керак... Қимматбаҳо кийим, тезкор тулпорлар ва гўзал аёллар турганда ўз қарашларимиз ва мақсадларимизни унутиб қўйиш осон. Бундай ҳолатларда сиз қулдан фарқ қилмайсиз ва барчасидан маҳрум бўлиш эҳтимолингиз юқори бўлади".

Одамларни тушунишни ўрган
"Кўлнинг турли томонида фатҳ қилинган қабилаларни кўлнинг турли томонида бошқариш керак".

Дунёни ўзгартир, бироқ секин-асталик билан

"Ҳукмронлик қила туриб, катта ёшлиларнинг доно маслаҳатларига қулоқ тут. Эски ёпинчиқ янгисидан қулайроқ - кўчманчи ҳаёт қийинчиликлари у учун қўрқинчли эмас".

Уэ­зер­форднинг ёзишича, етакчиликнинг бу сабоқлари хонга доно устозларидан мерос қолган. Тинимсиз кураш ва хаос оламида у камбағал ва саводсиз муҳитда дунёга келган. У ўзига ўзи хон бўлишни ўргатган:

"Унинг бирданига буюк саркарда, илҳом бахш этувчи етакчи ва истеъдодли ташкилотчига айланишида ҳеч қандай сеҳрли ҳал қилувчи лаҳзалар бўлмаган. У бу сифатларга илоҳий англаш ёки шаҳзодаларча таълим олиш натижасида эришмаган - булар тинимсиз ўрганиш, назариянинг амалиёт билан синалиши ва ўз билимларини такомиллаштириш натижаси бўлган. Чингизхон ноёб ақл ва темир иродага эга бўлган".

Биз ҳам буюк мақсадларимизга эриша оламиз. Бошланишига қўрқинчлидек туюлган мисолдан бошлаш мумкин. Чингизхоннинг таърифи ("на эркак, на аёл ва на болаларга шафқат қилмаган қонхўр ҳайвон") доим ундан олдин юрган, бироқ унинг ўзи бунга туртки берган. Душманлар қўрқиб, қаршиликсиз қочишлари учун хон ўзининг шафқатсизлиги ҳақидаги гап-сўзларга эътироз билдирмаган. Бошқа томондан қараганда эса, Буюк Хондан содиқлик, инсонларни тушуниш, ўзгаришларни тўғри тарғиб қилиш ва ўз фикрларингизни шакллантиришни ўрганишингиз мумкин.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Чингизхондан куч-қудрат ва етакчиликка оид сабоқлар