Жаҳондаги энг ёш қиролича қандай яшайди?

  • Дунё
  • 7-12-2017, 13:30
  • 849
  • Жаҳондаги энг ёш қиролича қандай яшайди?
    Айни пайтда жаҳондаги энг ёш малика Бутан қироличаси – 27 ёшли Жецун Пема Вангчук ҳисобланади. Бутан Хитой ва Ҳиндистон ўртасида жойлашган қироллик бўлиб, кўплаб сайёҳлар ташриф буюрувчи давлат. Уни “Бахт қироллиги” деб ҳам аташади.

    Жецун Пема Вангчук 2011 йилда қирол Жигма Кхесар Намгьял Вангчукка турмушга чиққач, қиролича унвонини олган. Ўшанда у 21 ёшди бўлган. Қирол Жецунни илк бора 7 ёшлигида учратган.

    Жецун Пема Вангчук Бутандаги Трашинанг шаҳри мэрининг чевараси бўлган. Отаси таниқли учувчи бўлган. Катта бобоси мамлакатнинг шарқий провинцияси раҳбари бўлган.

    Бутаннинг собиқ қироллари кўп хотинлилик анъанасига риоя қилишган, аммо Жигма бу анъанани тўхтатди. У расман оммага Жецун Пема Вангчук унинг ягона рафиқаси бўлиб қолишини маълум қилган.

    Жецун Пема Вангчук 2016 йилда илк фарзандини дунёга келтирган. Жажжи шаҳзоданинг дунёга келиши муносабати билан мамлакатда 108 мингта дарахт кўчатлари экилган.

    Жецун Пема Вангчук Ҳиндистонда санъатшунослик бўйича таълим олган. Лондоннинг “Regent’s College” коллежида эса “Халқаро муносабатлар” йўналишида ўқиган. Малика ўз она тилидан ташқари, инглиз ва ҳинд тилларида эркин сўзлаша олади.

    Жецун Пема Вангчук атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ишларида ҳам фаол иштирок этади. Шунингдек, ёрдамга муҳтож одамларга ҳам кўмак бериш ишлари билан шуғулланади. У болалар боғчалари ва мактабларга бориб, болалар билан суҳбат қуришга одатланган.