20:51 / 09.01.2018
10 000

Бразилиялик аёл ўлимидан 123 кун ўтгач, соғлом эгизакларни дунёга келтирди… (ФОТО+ВИДЕО)

Бразилиялик аёл ўлимидан 123 кун ўтгач, соғлом эгизакларни дунёга келтирди… (ФОТО+ВИДЕО)
Бразилиялик Мюриэль Падила исмли йигит эрталаб ишга кетаётганди. Рафиқаси қўнғироқ қилди. Франкилена исмли 21 ёшли бу аёл ҳомиладор эди. Боши қаттиқ оғрий бошлаганини айтди. Эри дори ичишни маслаҳат берди. Аммо Франкилена оғриқ жуда кучлилигини, ҳушдан кетиш ҳолатига туша бошлаганини баён қилди. Мюриэль ортга қайтишга мажбур бўлди.

Уйга келгач, кўрдики, хотини жуда жиддий аҳволда қолибди. Икки яшар қизалоғини бувисига қолдирди-ю, Франкиленани касалхонага олиб кетди. Йўлда Франкилена уйга қайтмаслигини, эгизак фарзандлар туғилишини, уларни эҳтиёт қилишни тайинлади. Кейин эса ҳушидан кетди.
Врачлар аёлни атрофлича текширувдан ўтказгач, ҳақиқатан миясига қон қуйилганини айтишди ва Франкилена яшаб кета олмаслигини таъкидлашди.

Унга жон беришга қийналмаслиги учун оғриқ қолдирувчи, тинчлантирувчи, антибиотиклар беришди. Тез орада Франкилена оламдан ўтди.
— Мен тамом бўлгандим, — дейди Мюриэль. — Чунки врачлар туғилмаган болаларим ҳам яшаб кетмаслигини айтишганди. Чақалоқларнинг юраги уришдан тўхташи билан хотинимга уланган вақтинчалик ҳаёт бағишловчи ускуна узиб қўйилишини гапиришганди.

МЎЪЖИЗА
Қарангки, мия юз фоиз ўлганлигига қарамай, Франкиленанинг танаси ҳомилани қўллаб-қувватлашда давом этди. Бу ҳақиқий мўъжиза эди. Мутахассислар айтишдики, худди шу каби ҳодисалар дунё бўйича нари борса 2 фоизни ташкил этади, аммо узоққа чўзилмас экан. Айниқса, Франкиленанинг эгизаклари ҳали туғилиш палласигача етмаганди. Бундай болаларнинг тирик қолиши даргумон ҳисобланарди.

Аҳволни тўлиқ таҳлил этиб чиққан врачлар эгизаклар ҳаётини қандай бўлмасин сақлаб қолиш ҳаракатига тушишди. Палатани турли ўйинчоқлар, гуллар билан безаб чиқишди. Ёқимли мусиқалар қўйишди. Шу баҳона болалар тўлиқ ривожланишига, натижада дунёга келишига умид боғлашди. Мюриэль тамом бўлаёзганди. Хотинидан айрилгани етмай, туғилмаган фарзандларини ҳам кўра олмаслигини ўйлагани сайин ич-этини ерди. Шунга қарамай, худога нола қилар, ҳеч бўлмаса, фарзандларини сақлаб қолишини тиларди…

ЎЛИБ ҲАМ БОЛАЛАРИГА ҲАЁТ БЕРА ОЛГАН ОНА
Кунларнинг бирида тушига Франкилена кирибди.
— Мен ҳозир ажойиб бир манзилдаман, — дебди у. — Сенинг зиммангда жиддий вазифа турибди. Эгизакларимиз туғилгач, уларни ташлаб қўйма, ўзинг тарбия қил, меҳр бер!..

Бу туш Мюриэлга куч бағишлади. Кунлар ўтаверди. У фарзандлари туғилишидан умид узмади. Кутаверди. Ниҳоят ўша бахтли кун яқинлашди. Хотини ўлгандан сўнг 123 кун ўтгач, врачлар жарроҳлик амалиёти ёрдамида бир қиз, бир ўғил эгизак фарзандларини дунёга келтиришди. Франкиленанинг жасадини қўлига топширишди. Мюриэль марҳумани барча урф-одатларга амал қилган ҳолда муносиб дафн этди. Ўзи эса…

Бундай мўъжизага сира ишонгиси келмасди. Туш кўряпман деб ўйларди. Аммо бўлиб ўтган ҳодисалар туш эмас, ҳақиқат эди. Эгизакларини уч ойдан кейин бағрига босганча уйига олиб келди. Марҳамат кўрсатгани учун Яратганга қайта-қайта шукроналар айтди. Марҳуманинг қабрига бориб, миннатдорчилик билдиришдан, йиғлаб, куйиниб, эгизаклари ҳақида сўзлашдан тийила олмади.


Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Бразилиялик аёл ўлимидан 123 кун ўтгач, соғлом эгизакларни дунёга келтирди… (ФОТО+ВИДЕО)