22:28 / 10.01.2018
12 363

Америкадаги ўзбек: "Тошкентда филиал оча олсам, юртдошларимга 10 миллион сўмдан ойлик тўлайман!"

Америкадаги ўзбек: "Тошкентда филиал оча олсам, юртдошларимга 10 миллион сўмдан ойлик тўлайман!"
Умид Бахтиёрович Маҳкамов 1985 йил 17 июлда Фарғона вилоятининг Боғдод туманида туғилган. Туман марказидаги 17-ўрта мактаб ва Иқтидорли ўғил болалар лицейида ўқиган. 2001—2005 йилларда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетида таҳсил олган. Оилали, 2 нафар фарзанди бор.

Суҳбатдошим Умид Маҳкамбек. У айни пайтда Америка Қўшма Штатларининг Флорида штати Орландо шаҳрида истиқомат қилади. «Orlando Express» компанияси эгаси, «My Turkish Cafe» ресторанлар тармоғи асосчиси. Мултимиллионер.

Умид Маҳкамбек ҳаётда жуда камтарин, камсуқум инсон. Уни интервюга кўндириш ҳам осон кечмади. Узоқ мунозаралардан сўнг у «Xabar.uz» учун эксклюзив интервью беришга рози бўлди.

Ватанда охирги бир-икки йилда бўлаётган ўзгаришлар бизга, шахсан менга ижодий умид бахш этяпти. Яқин келажакда бу орзуимни рўёбга чиқаришни режалаштиряпман.


— Суҳбатни болалик орзуингиздан бошласак. Қишлоқ кўчаларини чангитиб юрганингизда қайси касб эгаси бўлишни орзу қилгансиз-у, ҳозир нимани орзу қиласиз?

— Болаликдаги орзуим футболчи бўлиш эди. Футболни ҳозир ҳам жуда яхши кўраман. Ҳаётдаги энг катта армоним десам унчалик тўғри эмасдир-у, лекин охирига етказа олмаганим учун баъзи пайтда афсусланаман.

Йил ўтган сари орзулар ҳам ўзгариб боради. Бизнесга бош суққанингиздан кейин барча орзулар ҳам шу соҳага тааллуқли бўлиб боравераркан. Ҳозир энг катта орзуларимдан бири — Ўзбекистонда сифатли ва арзон, аҳоли ўртасида эҳтиёж катта бўлган дориларни ишлаб чиқариш.

Ватанда охирги бир-икки йилда бўлаётган ўзгаришлар бизга, шахсан менга ижодий умид бахш этяпти. Яқин келажакда бу орзуимни рўёбга чиқаришни режалаштиряпман.

— Америкада яшашни кўпчилик орзу қилса-да, ҳамма ҳам бу ерга мослашиб, йўлини топиб кета олмайди. Сиз АҚШга илк қадам қўйганингизда нималарни ўйлагансиз? Сир бўлмаса, қандай ишлар билан шуғуллангансиз?

— Тўғриси, бу ерга биринчи келганимда Американинг қанчалик улкан экани ҳақида ўйлаганман. Хаёлимдан ўтган илк фикр шу эди. Шундай йирик мамлакатда иш топишим, топганда ҳам жуда қисқа муддатда топиш илк режам эди.

Биринчи ишим Бекли шаҳридаги «Dunkin Donuts» қаҳва дўконида сотувчиликдан бошланган, қўшимча иш сифатида эса маҳаллий газета ичига реклама флаерларини солиш билан шуғулланганман. Кечаси билан янги чиққан газета орасига флаер қўйиб чиқардим. Бир йил ичида ҳар хил ишлар бўлган — официантликдан тортиб то дўкон тозалашгача. Қанақа иш тўғри келса, ўшани бажаришга мажбур эдим. Қаерда ишлаган бўлсам, ким билан ишлаган бўлсам, ҳозиргача яқин муносабатдаман, алоқа узилиб кетмаган.

Мен Америкага келганимдан ҳаётимни «ноль»дан эмас, ҳатто «минус»дан бошлаганман. Лекин ичимда ишонч бўлган.


— Кечаю кундуз тирикчилик учун ҳаракат қилаётганингизда бугунги натижага эришишингизга ишонганмисиз?

— Бугунгидай натижага эришишимга ишонганманми? Ҳа, ишонганман. Одамда ишонч бўлмаса, ҳеч нарсани эплай олмайди. Бир доно инсон айтган гап доим ёдимда туради: «Инсон тасаввури етган жойгача бора олади». Яъни одамзод ўзи миясига сиғдира олган маррагача бора олади, холос.

Мен Америкага келганимдан ҳаётимни «ноль»дан эмас, ҳатто «минус»дан бошлаганман. Лекин ичимда ишонч бўлган. Ҳозир ҳамма орзу-умидларимга етдим дея олмайман, лекин Яратганга шукрки, барчаси режа бўйича кетяпти.

— Бугун мултимиллионерсиз! Ҳаттоки ўша америкаликлар ҳам сизга ҳавас қилади, сизнинг компаниянгизда ишлайди. Айнан қандай бизнес билан шуғулланасиз? Шу ҳақида маълумот берсангиз?

— Менинг бизнесим тўртта йўналишдан иборат. Улардан энг асосийси — Шимолий Америка бўйлаб юк ташиш билан шуғулланамиз (Business Logistics). Ҳозир автопаркимизда 75 та юк машинамиз бор. Иккинчи йўналиш — юк ташиш хизматига энди кириб келаётган янги компанияларга сервис кўрсатиш. Яъни уларнинг ҳужжатлар билан боғлиқ ишларига ёрдам берамиз, юк олишни ўргатамиз, мижоз топиб берамиз. Ўз ўрнида айтишим керакки, юк ташиш қонун-қоидалари қоғозбозликда фақат ҳаво йўлларидан кейин туради. Яъни жуда кўп қоидалар, меъёрлар бор. Шу сабабли бу бозорга янги кирган одам тажрибали мутахассислар тавсиясига муҳтож бўлади. Учинчи йўналишимиз ҳали янги, эндигина бир ой бўлди. Суғурта агентлиги очдик. Автотранспортларни туридан қатъи назар суғурталаймиз. Тўртинчиси эса «My Turkish Cafe» ресторанлар тармоғи. Ҳозирча 3 таси очилди, йигирматага етказиш ниятидамиз.

2010 йилда бизнес очган пайтимда уйдан чиқмасдан компанияни давлат рўйхатидан ўтказганман. Ҳаммаси онлайн орқали. Шаҳар маъмурияти, солиқ хизмати ёки бошқа бирон давлат органи ёки инспекциясига бормаганман. Мана, орадан 8 йил ўтди, ҳалигача бирон текширув бўлгани йўқ.


— Америкада мустақил бизнес очиб, муваффақиятга эриша олган одам сифатида бир саволга жавоб берсангиз. АҚШда бизнес очиб юритиш билан Ўзбекистондагиси қандай фарқ қилади?

— Мен АҚШда биринчи компаниямни рўйхатдан ўтказганимда 2010 йил эди. Шу сабабли Ўзбекистонда ўша пайт қандай бўлган, ҳозир қандайлигини билмайман. Лекин ўқувчилар таққослаб олишлари учун Америкадаги тартибни тушунтириб бераман.

2010 йилда бизнес очган пайтимда уйдан чиқмасдан компанияни давлат рўйхатидан ўтказганман. Ҳаммаси онлайн орқали. Шаҳар маъмурияти, солиқ хизмати ёки бошқа бирон давлат органи ёки инспекциясига бормаганман. Мана, орадан 8 йил ўтди, ҳалигача бирон текширув бўлгани йўқ. Солиқларни ўз вақтида тўласангиз ва қонун доирасида ишласангиз ҳеч ким сизни безовта қилмайди.

Мен янги бизнесга кириб келган пайтларим Ўзбекистондаги ҳолат билан қизиққанман албатта. У пайтлар қайси ташкилотга текширув келса, 99 фоиз ҳолатда ҳисоб-рақамлар «музлатилган». Деярли барча ҳолатларда тадбиркорлар айбли топилиб, камида ўша «музлатилган» пулларидан айрилган. Бу тадбиркорларни доимий хавфда ушлаб турган биринчи сабаб эди. Иккинчи сабаб эса Ўзбекистонда бизнесга банк тизимининг жудаям катта таъсири бор эди. Тадбиркор ўз пулига ўзи хўжайин бўлмай, эркин фаолият юрита олмасди. Оддий операциялар ҳам максимал даражада қийинлаштирилган эди. Охирги икки йилдаги ўзгаришлар, менимча, бу сабабларга аста-секин барҳам бермоқда.

— Охирги вақтларда Ўзбекистон билан боғлиқ жуда кўплаб ўзгаришлар содир бўлмоқда. Президентимиз АҚШга бориб, ватандошларимиз билан учрашди. Парламентга мурожаатнома билан чиқиш қилди. Жуда ўткир гаплар бўлди. Сиз бу воқеаларни кузатдингизми? Таассуротингиз қандай? Президент айтган камчиликларни амалда тўғрилаш мумкинми?

— Албатта, охирги вақтда Ўзбекистонда бўлаётган ҳар бир янгиликни нафақат мен, балки бутун дунё бўйлаб яшаётган ватандошларимиз диққат билан кузатишмоқда. Телефон орқали ким билан гаплашмайлик, гап бориб юртимиздаги ўзгаришларга тақалаверади. Президентимизнинг парламентга мурожаатномасини Facebook орқали тўғридан-тўғри, кечаси билан кузатдим. Тадбиркорларни қийнаган барча масалалар очиқ-ойдин айтилди. Ишонаманки, жуда тез фурсатлардан Ўзбекистонда бизнес муҳити тубдан ўзгаради.

Менга энг маъқул бўлган жиҳат, президентимиз халқ билан ҳукумат ўртасидаги бўшлиқни тўлдиряпти. Тан олиш керакки, охирги йилларда жудаям катта бўшлиқ юзага келган эди. Халқимизда мана энди ҳукуматга, ўзига ишонч пайдо бўлмоқда. 2017 йилнинг кузида Ўзбекистонда икки ярим ой бўлдим. Одамларнинг руҳияти жуда баланд. Бу биринчи эътибор қаратган жиҳатим. Иккинчиси, ёшларга жудаям катта эътибор берилаётгани. Ёшларнинг вазирларга ўринбосар қилиб тайинланиши, шундай масъулиятли лавозимнинг ишониб топширилиши бу катта ўзгариш. Ахборот коммуникация технологиялари жадаллик билан ривожланаётган бир пайтда ҳукуматга ёш кадрлар жудаям керак бўлади. Ўзгарувчан дунёга мослашувчи, ўз вақтида буни англаб, ҳаётга талпинувчи ёшлар зарур.

Ёки элчихоналаримиз фаолиятини олайлик. Олдин уларнинг фаолияти жуда қониқарсиз эди. Буни хорижда юрган исталган ватандошимиздан сўранг, ҳеч иккиланмай тасдиқлашади. Ҳозир мутлақо ижобий томонга ўзгарган. Қўнғироқ қилсангиз дарров жавоб беришади, муаммони тезлик билан ҳал қилишяпти. Паспортимни ўзгартиришим керак бўлди, жуда тезлик билан ҳал бўлгани мени ҳайрон қолдирди. Балки бу оммавий ахборот воситаси орқали гапириладиган гап эмасдир, дейишингиз мумкин, бироқ айнан паспорт, хорижга чиқиш стикери деб Ўзбекистонда 2-3 йиллаб қолиб кетган, оиласи билан ажрашишга мажбур бўлган юртдошларимизни шахсан танийман. Аёл Ўзбекистонга ота-онаси кўришга борган ва қайта олмаган. Ёки эри ватанга борган, аёли фарзандлари билан АҚШда қолиб кетган. Бу каби муаммога дуч келган одамлар учун ҳозирги жараён жудаям ижобий кўринади.

Камчиликларни бир киши бартараф эта олмайди, ҳаммамиз баҳамжиҳат ҳаракат қилишимиз керак. Президент буни қайта-қайта такрорлаяпти, Ўзбекистон ичида бўладими ё ташқаридами, ҳамма фуқаролар бир ёқадан бош чиқариб тўғрилашимиз керак. Барча ривожланган давлатларда ҳам ўтиш даври бўлган, бизда ҳам шу ҳолат.

Ўзбекистоннинг охирги икки йили 10 йилга татигулик ўзгаришларни тақдим эта олди.

Бир таклиф: юртимизда кўзга кўринган ва Ўзбекистонда яшамайдиган ўзбек бизнесменларидан иборат гуруҳ тузиб, президентимиз қошида ёки парламент қошида Бизнесменлар кенгашини очиш.


— Ўзбекистонда ҳам Америкадагидай бизнес шароит қилиш учун нималарга эътибор бериш керак? Текшир-текшир, қоғозбозлик, носоғлом рақобат муҳити... Яна нималар?

— Ўзбекистонда Америкадагидек бизнес шароити яратиш учун, биринчи ўринда, кадрларга этибор бериш керак, иккинчи ўринда, шу йўлни босиб ўтган мамлакатлардан андоза олиш керак, чунки ҳамма нарсани ўзимиз «ноль»дан қиламиз десак, янаям орқада қолиб кетамиз.

Бир таклиф: юртимизда кўзга кўринган ва Ўзбекистонда яшамайдиган ўзбек бизнесменларидан иборат гуруҳ тузиб, президентимиз қошида ёки парламент қошида Бизнесменлар кенгашини очиш. Масалан, бизнинг иқтисод соҳаси бўйича олимларимизда назария бўлса, тадбиркорларда амалиёт бор. Биргалашиб, беш йиллик, ўн йиллик режаларни таклиф қилса бўлади. Ўзбекистондаги бизнес муҳитни яхшилаш бўйича бизнесга тааллуқли амалий таклифларни парламентдагилар билан бирга ҳамкорликда кўриб чиқиш зарур. Бу нарсага вақтини, керак бўлса сармоясини аямайдиган бизнесменларимиз ичкаридаям, ташқаридаям жуда кўп.

Масалан, ўзим Америкадаги кўп ўзбек бизнесменларини биламан. Аксарияти ёш, 35 ёшгача. Улар орасида катта бизнес қиладиган, керак бўлса, дунё миқёсида иш олиб борадиган йигитлар бор. Кўпчилик ўз бизнесини Ўзбекистонда ҳам очишни, инвестиция киритишни хоҳлайди.

Ўзимдан мисол келтирай: бизда диспетчер бўлими бор, яъни телефон орқали Америкадаги машиналарни бошқариш билан шуғулланадиган. Бўлимни Тошкентга кўчириш ҳаракатидамиз. Бу орқали 20 га яқин юртдошимизни ишли қилиш режалаштирилган. Агар компаниямнинг бўлимини Тошкентда оча олсам, ҳар бир ходимга камида 10 миллион сўм ойлик маош тўлайман.

— Ҳар бир муваффақият замирида тинч оила ётади. Яқинлари қўллаб-қувватлаган инсоннинг ҳаётда омади чопиши тайин. Оилангиз ҳақида айтиб ўтсангиз.

— Тўғри айтдингиз, аҳил оиланинг ютуқлардаги ўрни беқиёс. Оилалиман, бир ўғил, бир қизим бор. Дадам хусусий тадбиркорлик билан шуғулланади. Онам уй бекаси. Икки синглим, бир укам бор. Катта синглим турмушга чиққан. Кичик синглим Тошкентда меҳмонхона ходими бўлиб ишлайди. Укам Москвадаги Халқлар дўстлиги университетининг 4-босқич талабаси.

— Ўзбекистонни соғинасизми? Ватан ҳақида ўйлаганда кўз олдингизга биринчи бўлиб нима келади?

— Ўзбекистонни кўп соғинаман. Ҳар бир олган нафасимда соғинаман десам хато бўлмайди. Бу соғинч ҳеч қачон ўлмаса керак. Ўзбекистон деганда кўз олдимга иссиқ тандирдан чиққан нон билан янги қаймоқли нонушта келади. Кейин туғилиб ўсган қишлоғим...

Ҳозир давлатлар ўртасидаги масофа борган сари қисқариб бормоқда. Ўзбек ёшлари бутун дунёни забт этишларини хоҳлардим.


— Ўзбекистонлик ёшлар сизга ҳавас билан қарашади. Айниқса, бу интервьюни ўқишганидан кейин улар яхши мотивация олади. Сиз уларга қарата нима деган бўлардингиз?

— Ўзбекистон ёшларига қарата айтардимки, улар қайси касбни, қайси ўқишни танлашмасин, юрагини бермаса бефойда. Қуруқ орзулар билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Масъулият, тинимсиз меҳнат ва режали орзу уларни муваффақиятга олиб келади. Ўзбекистон билан чегараланиб қолиш керакмас. Ҳозир давлатлар ўртасидаги масофа борган сари қисқариб бормоқда. Ўзбек ёшлари бутун дунёни забт этишларини хоҳлардим.

— Бугунги кунда IT соҳаси жуда жадаллик билан ривожланяпти. Савдо-сотиқ дейсизми, хизмат кўрсатишми, ишлаб чиқаришми, хуллас, ҳамма жойда бор. Дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бирида муваффақиятли фаолият юритаётган инсон сифатида сиз Ўзбекистон учун қандай янгиликларни раво кўрардингиз. Айнан IT соҳаси бўйича.


— Ўзбекистонда IT соҳаси тез ривожланиб боряпти, электрон ҳукумат бўйича ишлар жадал олиб бориляпти, мобил алоқа ва интернет сифати ошиб боряпти. Лекин АКТ соҳасида ҳали қилинадиган ишлар кўп, ўзи аслида бу охири йўқ соҳа, ҳар куни янги технология дунё юзини кўради ва ҳамма шунга мослашади. Бутун дунё миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, ҳали бошланғич босқичдамиз. АКТ ривожланиши учун ҳукумат жуда катта инвестицияларни киритиш керак. АКТ бизнинг эртамиз, бунга жиддий қараш зарур. Бу хавфсизлигимизни таъминлаш дегани ҳамдир. Агар ўзимизнинг дастурий таъминотимиз мукаммал бўлмас экан, ёшлар бошқа давлатнинг дастурларидан фойдаланишга мажбур бўлишади.

— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат! Омад ҳамиша ёр бўлишини тилаймиз! Сўнгги савол, бу ютуқларингиз учун кимга ташаккур билдирган бўлардингиз?

— Ташаккур. Ютуқларим учун аввало мени тарбия қилиб, оқ ювиб оқ тарбиялаган ота-онамга ҳамда менга ҳамиша суянч бўладиган оиламга мингдан-минг раҳмат айтмоқчиман. Яхши кунларда кўришиш насиб қилсин. Фурсатдан фойдаланиб, 14 январ — Ватан ҳимоячилари куни билан барча мард, жасур йигитларимизни табриклаб қоламан!

Манба: xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Америкадаги ўзбек: "Тошкентда филиал оча олсам, юртдошларимга 10 миллион сўмдан ойлик тўлайман!"