11:40 / 20.01.2018
5 444

"Кўзларимни очган қизалоқ..."

"Кўзларимни очган қизалоқ..."
Уст-боши юпунгина икки бола — бир қиз, бир ўғил дўконим олдидан ўтиб кетаётганди. Кун салқин бўлишига қарамай, иккови ҳам юпқа кийинган, қизнинг оёғидаги шиппак йиртилиб кетган эди. Улар ҳақида кўчанинг тиланчи болалари деган хаёлга бордим. Эшикдан чиқиб, қаҳр-ғазаб билан:

— Бу ерда нима қилиб юрибсизлар?! Кимнинг боласисизлар? Қани бу ёққа кел-чи!- дедим.

Қиз қўрқиб кетди, чоғи ёнидаги боланинг қўлидан маҳкам тутиб олганча:

— Биз ёмон болалар эмасмиз. Шу кўчада бир ишхона бор. Онам ўша ерда фаррошлик қиладилар. Кечгача ҳамма хоналарни тозалаб, ҳовлини супурадилар. Онам кечга ёлғиз қолмасликлари учун укам билан уларнинг олдиларига бораётгандик…

Кўнглим бузилиб, ҳозирги важоҳатимдан уялган бўлсам-да, сир бой бермай уларни дўконга чақирдим:

— Ҳали кеч тушишига анча бор, қани бу ерга келинглар-чи!
Болалар қўрқа-писа дўконга киришди. Пештахта ортидаги стол-стулчага таклиф қилдим. Улар онасига бирор ёмонлик қилишим мумкинлигидан қаттиқ қўрқишганди, чамамда, айтганимга индамай бўйсунишарди.

— Уйларинг бу томонга яқинми?

— Ҳа,- қизча хайрихоҳлигимни сезди чоғи, сал ўзини эркинроқ қўйиб жавоб бера бошлади.

— Ҳу, анави кўриниб турган мактабнинг орқасидаги кўп қаватли уйларда яшаймиз. Биз ўша мактабда ўқиймиз. Онам мактабимизда ҳам фаррош бўлиб ишлайдилар.

— Бу бола укангми?- Қизча ҳам, бола ҳам бирданига бош қимирлатиб тасдиқ ишорасини берди.

— Отанг нима иш қиладилар?

Негадир бу саволимдан қизча ҳам бола ҳам маъюс тортиб, бошини эгиб олди:

— Отам… Улар ҳеч қаерда ишламайдилар… Ишлолмайдилар. Отам бетоблар. Россияга ишлагани кетгандилар. Ўша ерда баланд бинодан йиқилиб тушганлар. Умуртқалари синган…

— Худо шифо берсин. Худо хоҳласа, отанг тузалиб кетади, – Уларга таскин беришга бердиму, иккалови ҳам бу гапимдан баттарроқ тушкунликка тушганини сезиб қолдим.

— Дўхтирлар уч ойлик умри қолган, дейишибди. Онам бувимларга айтиб йиғлаётганларини эшитиб қолгандим.— Қизча катталардек мулоҳаза билан гапирди.— Майли, амаки, биз энди кетсак бўладими? Кеч тушиб қолди, онамга “боряпмиз” деб қўнғироқ қилганимизга анча бўлди…

— Афтидан улар “бу одам бизни қўйиб юбормайди”, деб қўрқаётган эди. Болалар ширинликлар, дўкондаги егуликларга кўз остидан қараб қўйишганини сезиб тургандим. Шунинг учун уларни меҳмон қилишни хоҳладим. Қаҳва қайнатгичда сут қайнатиб, какао қўшдим. Сўнг тақсимчада печенье билан олдиларига қўйдим. Бола какаони ичиб, печеньедан еди, қизча эса фақат какао ичди холос.

— Сен печеньени ёқтирмайсанми? Унда ёнғоқли пирожний бера қолай?- дедим қизчага.

— Йўқ, шунга ҳам катта раҳмат… Фақат бу печеньеларни онамга олиб бормоқчи эдим, агар рухсат берсангиз,— қизча катта-катта кўзларини илтижоли тикиб, ёлворгандек сўради. — Онам биз учун дам олмай ишлайдилар, лекин ҳеч қачон ўзлари бир яхши нарса олиб емайдилар. Отам-ку касал ётибдилар, онам ҳам касал бўлиб қолсалар биз нима қиламиз?

Мен болалигимдан ҳеч қачон муҳтожлик кўрмай ўсгандим. Бола бўлиб бирор нимага зориққанимни ҳам эслолмайман. Нарса-буюм, егуликларку майли, мен ҳатто одам қадрини ҳам билмас эканман. Ота-онам омонат, бугун уларнинг дийдорига тўйиб қолай, эртага армонда қолмаслигим учун, бугун уларнинг кўнглини топай деб ҳеч ўйламаган эканман. Қизалоқ икки дона печеньени онасига илинганини, унинг бетоб бўлиб қолишидан хавотирдалигини айтиб мен ғофилни ғафлат уйқусидан туртиб уйғотганди. Йиғлаб юбормаслик учун кўзларимни яширдим.

— Сен печеньенгни егин. Мен онанг ва отанг учун алоҳида бераман. Уларга менинг саломимни айтгин, отанг албатта тузалиб кетсин,- дедим.

Елим халтага ширинликлардан, конфет-шоколадлардан, гуруч, макаронлардан солдим. Халтани қўлига тутқазгандим, қизча яна бир ғалати гап қилди:

— Амаки, сиз бизга бераётган бу нарсаларингизга розимисиз?

— Ҳа, албатта рози бўлиб, чин кўнгилдан беряпман. Сизлар яхши бола экансизлар. Онангга менинг раҳматимни айтгин.

— Онам бизга “Норозилик нарса буюрмайди, бозордан бир нарса харид қилсангиз ҳам розилигини сўранглар” дейдилар-да, шунга сўрагандим,- деди қизча қўлидаги
Халтага қайта-қайта қараганча.

— Сиз боймисиз?, — Боядан бери гапга қўшилмай турган болакай бирдан сўради. Нима деб жавоб беришни билмай бир муддат сўзимни йўқотдим. Жим турганимни тасдиқ маъносида тушунган бола гапида давом этди:

— Бой бўлсангиз ҳам жуда яхши инсон экансиз. Мен ҳам катта бўлсам сизга ўхшаган яхши бой бўламан!..

Қизча билан болакай раҳмат айтиб, хайрлашиб дўконни тарк этишди. Бу тасодифий танишув дунёқарашимни ўзгартириб юборди…
Умида Азиз

Манба: Tafsilot.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » "Кўзларимни очган қизалоқ..."